Дунё янгиликлари

Подшоҳ Файсал номидаги Исломшунослик маркази билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилади

Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига ташрифи давомида 4 май куни Мадина шаҳрига борди, деб хабар «Дунё» АА.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълум қилишича, делегация аъзолари бир қатор саноат ва маданият масканларида бўлди. Жумладан, бизнес-инкубаторга ташриф давомида аҳолини ҳунармандчилик ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича Саудия Арабистони тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг ҳаёти ва Ислом цивилизацияси халқаро музейи зиёрат қилинди. У ерда Саудия Арабистони томони маданий ва тарихий меросни тарғиб қилишда инновациялар ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича эришилган ютуқларни тақдим этди.

Шунингдек, ташриф чоғида Мадина минтақаси амири шаҳзода Файсал бин Салмон ал-Сауд билан учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициявий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ўрганилди. Хусусан, Самарқанд ва Мадина шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Подшоҳ Файсал номидаги Исломшунослик маркази билан Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг салоҳияти ҳам қайд этилди.

Учрашув якунида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1437 times

Янгиликлар

Top