Дунё янгиликлари

Қувайтда Усмон мусҳафи ҳақидаги видеоролик намойиш этилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Дунё» ахборот агентлиги «Ўзбекистон. Ислом қадамжолари» туркумида суратга олинган Тошкентдаги «Ҳазрати Имом» мажмуасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафига бағишланган видеоролик Кувайт миллий телевидениесининг маданият, маърифат ва туризм соҳаларига ихтисослашган «Исро» махсус дастурида намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Кувайт миллий телевидениеси бош менежери Марван Жарбу “Дунё” ААга берган интервьюсида бундай деди:

– Мамлакатингизнинг Кувайтдаги элчихонаси билан ҳамкорликда Кувайт миллий телевидениесининг махсус дастурларида Ўзбекистон тўғрисида, хусусан, унинг буюк тарихи, асрлар давомида муборак динимиз ва дунё цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, бой маданий ва илмий салоҳиятига бағишланган туркум телекўрсатувлар тайёрлашга қарор қилдик.

Биз Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистоннинг бой мероси аҳамиятини жуда яхши биламиз. Ўзбекистонда ислом цивилизациясининг гуллаб-яшнашига, дин, илм-фан, математика ва астрономия ва бошқа фанларнинг тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк уламолар етишиб чиққан. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Имом Термизий, Замахшарий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шулар жумласидандир.

Мақсадимиз Ўзбекистоннинг ва унинг буюк маданий меросини минтақамизда, хусусан, Кувайтда тарғиб қилишдан иборат.

Кувайт миллий телевидениеси дастурида асл нусхаси Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи тўғрисидаги видеороликни намойиш этдик. Ушбу бебаҳо меросни сақлаб қолган Ўзбекистон халқига ўзимизнинг ҳурмат ва эҳтиромимизни билдирамиз. Мазкур кўрсатув Кувайт сунъий йўлдошлари орқали тўрт маротаба эфирга узатилди.

Ушбу видеоролик кўплаб телетомошабинларга манзур бўлди ва улардан Ўзбекистон тўғрисида кўпроқ маълумот тақдим этишни сўраб мурожаатлар келмоқда. Бу мурожаатлар бизни янги дастурларни яратишга ундамоқда. Ишончим комилки, Кувайт оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида бериб бориладиган маълумотлар минтақамизда мамлакатингизни кенгроқ танитиш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Араб кўрфази давлатлари аҳолиси сайёҳат қилишни ва хорижий мамлакатларга инвестиция киритишни хуш кўради.

Бизнинг телевидениемиз гуруҳи яқин вақтларда Ўзбекистонга ижодий сафар билан боришни режалаштирмоқда. Унинг доирасида мамлакатингизнинг диний, маданий ва сайёҳлик йўналишларидаги улкан салоҳияти, унинг гўзал қадамжолари ва бошқа соҳалардаги кенг имкониятларига бағишланган туркум видефильмлар ва кўрсатувлар суратга олинади. Ишончим комил, мазкур лойиҳаларимиз, ўз навбатида, икки томон учун манфаатли бўлган инвестицияларни Ўзбекистонга жалб этишга кўмаклашади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1337 times

Янгиликлар

Top