Дунё янгиликлари

Германияда имомлар тайёрлайдиган коллеж очилди

Шу йил июнь ойида Германиянинг Оснабрук шаҳрида имомларни тайёрлашга ихтисослашган илк ўқув маркази (Ислом коллежи) ташкил этилди. Ушбу марказ давлат томонидан молиялаштирилади. Германиянинг биринчи Ислом маркази директори Булент Учар расмий очилиш маросимида сўзлаган нутқида: “Бугунги кунда Германияда диний мутахассисларни тайёрлашда бурилиш даври бўлишини истаймиз, шунда биз доимий равишда Германияда ўқишни бошлашимиз мумкин", деди.

Мазкур марказда имомлар ва Германиядаги масжид ва исломий диний жамоалар учун ижтимоий ходимлар етишади. Мутахассислар фикрига кўра, бундай таълим муассасасига эҳтиёж узоқ вақтдан бери мавжуд эди.

Конрад Aденауер жамғармаси Германия масжидларидаги имомларнинг 80-90 фоизини чет элдан олиб келинган деб ҳисобламоқда. Уларнинг аксарияти немис тилини кам ёки умуман билмайди.

“Deutsche Welle” хабарига кўра, янги Ислом ўқув марказида дарслар немис тилида олиб борилади. Биринчи курсда 50 дан ортиқ талаба таҳсил олади, уларнинг 20 фоизга яқини аёллардир.

Марказ директори Булент Учарнинг сўзларига кўра, ўқув дастурини марказни қўллаб-қувватловчи бешта мусулмон уюшмаси, шунингдек, Германия ва Қуйи Саксония мусулмонлари марказий кенгаши каби масжид ва исломшунос мутахассислардан иборат комиссия белгилаб беради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими

Read 1070 times

Янгиликлар

Top