Дунё янгиликлари

Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳан Низомий: "Ҳамкорлик алоқаларимизни янада кучайтирамиз"

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча юртимиздаги муҳим сиёсий жараён — Президент сайловида кузатувчи сифатида қатнашган Оксфорд Ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳан Низомий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Фарҳан Низомий Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, мамлакатимизда юқори савияда ташкил этилган сайлов жараёнига юксак баҳо берди. У, шунингдек, кенг кўламли ислоҳотлар очиқлик ва ошкоралик тамойилларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мулоқотда сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, жорий йилги Президент сайлови янги Сайлов кодекси асосида ўтказилгани ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Сиёсий жараёнда янги технологиялардан самарали фойдаланилгани, имконияти чекланган сайловчилар учун яратилган шарт-шароитлар қайд этилди.
Учрашувда диний соҳадаги ўзгаришлар, Марказий Осиё буюк олимларининг илмий меросини ўрганиш ва оммалаштириш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Бундан ташқари, томонлар халқаро майдонда «Маърифатли Ислом» ғояларини тарғиб қилиш, Оксфорд маркази ва Ўзбекистоннинг тегишли тадқиқот марказлари ўртасида илмий-тадқиқот йўналишидаги ҳамкорликни кучайтириш ва бошқа масалаларни кўриб чиқди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 252 times

Янгиликлар

Top