Дунё янгиликлари

Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D нусхаси ишлаб чиқилади

Бухоронинг эски шаҳар қисмида 864-868 йилларда қурилган ва Сомонийлар даври (IХ-Х аср) меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган Исмоил Сомоний мақбарасининг 3D нусхаси яратилади.

Таъкидланишича, Исмоил Сомоний мақбарасининг “Digital Twin”, 3D-технологиялари ва географик маълумотлар ёрдамида бирга-бир рақамли нусхасини (эгизагини) яратиш ва “Google maps” тизимига бириктириш ишлари Корея Республикаси ахборот технологияларини ривожлантириш миллий агентлигининг умумий қиймати 150 минг АҚШ доллари бўлган гранд лойиҳаси асосида амалга оширилади.

"Шарқнинг меъморий дурдонаси" номи билан машҳур мақбаранинг интерери уч поғонали, тўртлик – тўрт қават девор, саккизлик – девордан томга ўтиш қисми ва том кўринишидаги гумбаздан иборат бўлиб, бир хонали квадрат шаклида қурилган. Мақбаранинг дизайни жимжима ғиштин безаклари чивиқли тўсиқ ёки қамиш, бўйра тўқимасини эслатади. Усти гумбаз билан қопланган. 

Тўртта бурчаги устунсимон шаклда ишланган ва гумбази атрофига 4 та қубба ўрнатилган. Бироқ қурилишида оддийгина пишган ғишт, тош ва ёғочдан фойдаланилган мақбаранинг кечалари ўзидан нур таратиб туриши бутун дунёни ҳайратга солган ва қизиқишига сабаб бўлган.

Мақбаранинг «эгизаги»ни яратиш мақсадида Бухорога Жанубий Кореянинг “New Layer Co., Ltd”, “EGIS Co., Ltd”, “J-TOD Co.,Ltd”компаниялари ва «ЛХ» корпорацияси вакиллари Леэ Кwанг Се, Канг Сеокчан, Парк Чоондонг, Донгҳо Леэ, Лим Сеонг Ҳа, Ким Жеунгсоо, Жунг Инҳелардан иборат делегация вакиллари келишди ҳамда лойиҳанинг мақсад ва мазмуни билан мутахассисларни яқиндан таништиришди. 

Ўз ўрнида вилоят масъуллари томонидан мақбаранинг рақамли нусхаси яратиладиган объектларда тунги ёритиш тизимини ҳам йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.

Ҳозирги кунда атрофи боғга айлантирилган иншоот сўнгги йилларда шаҳарсозлик, маданий мерос, археология соҳаларида кенг қўлланилаётган “Digital Twin”, “D-Twin” (рақамли эгизак) технологияси ёрдамида мақбаранинг «эгизаги» моделлаштирилади ҳамда у 3D-платформасида ўз кўринишини янада жозибали намоён эта бошлайди.

Мутахассисларнинг айтишича, мазкур лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, эришилган тажриба асосида Хива, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий қисмлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги қалъалар, археологик топилмаларнинг ҳам 3D нусхалари яратила бошланади.

Файзулло Яҳёев, ЎзА

Read 891 times

Янгиликлар

Top