Дунё янгиликлари

“Катта Лангар Қуръони” Лувр музейидаги кўргазмада тақдим этилади

Жорий йилнинг 24 ноябрдан 2023 йилнинг 6 мартгача Париждаги Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси бўлиб ўтади. ЎзА хабарига кўра, унда мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид энг сара топилмалар, нодир экспонатлар намойиш этилади. Ўзбекистонни дунёга танитиш йўлида қўйилган ушбу катта қадам ҳар томонлама самарали бўлиши ва ҳамкорлик учун янги эшикларни очиши кутилмоқда.


Кўргазманинг аҳамияти ва унга тайёргарлик жараёнлари ҳақида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров сўзлаб берди.


– 2018 йилда давлатимиз раҳбари Францияга ташриф буюрди. Бу – Европа давлатларига биринчи расмий давлат ташрифи эди. Бунинг рамзий томонлари ҳам бор: Франция Ўзбекистон каби бошқа давлатлар билан алоқаларда маданий ҳамкорликка жуда катта аҳамият беради. Францияга ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Луврга боришга вақт топдилар. Бу жаҳондаги энг катта музейлардан бири эканлигини барчамиз яхши биламиз. Лувр – бутун жаҳон дурдоналарини ўзида сақловчи хазина.


Инсонни том маънода инсон қилиб тарбиялашда маданият, маънавиятнинг ўрни катта. Президентимизнинг Францияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи билан кўргазма ташкил қилиш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Орадан вақт жуда тез ўтди ва “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси бошланишига оз фурсат қолди. Номидан кўриниб турибдики, у ўзида бутун тарихимиз, энг Қадимги Варахша, Афросиёб деворий суратларидан тортиб, ҳозирга қадар маданият ва санъат соҳасига тегишли осори-атиқаларни мужассам этади. Буларнинг орасида алоҳида таъкидлашга лойиқ бўлган диний, маънавий аҳамиятга эга экспонат – “Катта Лангар Қуръони”. Унинг тарихи деярли афсонавий, чунки ҳали атрофлича ўрганиш керак бўлган жиҳатлари етарли. У VIII-X асрга оид деб тахмин қилиняпти. Ҳатто, Усмон Мусҳафидан олдинроқ ёзилган бўлиши мумкин, деган фаразлар ҳам бор. Биз кўргазмага олиб бориладиган ушбу Қуръон саҳифаларига дунё миқёсида қизиқиш жуда катта. Умумий ҳисобда 320 дан ортиқ энг яхши экспонатларимизни олиб боряпмиз. Бу кўргазма жуда самарали бўлади, деб ўйлайман. Чунки маданият соҳасидаги ҳамкорлик мамлакатни, халқни дунёга жуда тез танитади. Францияга бир йилда 60 миллион турист ташриф буюради. Луврнинг ўзига 10 миллиондан кўпроқ одам келади. Кўргазма давомида у ерда ўзимизни кўрсатишимиз бизни янада кўпроқ эътироф этишларига, Ўзбекистонга, унинг маданияти ва тарихига нисбатан қизиқиш ортишига сабаб бўлади. Бу туризмни ривожлантиришда катта реклама вазифасини ўтайди. Одамлар кўргазмалар, ўзаро мулоқот орқали бир-бирини қанчалик яхши таниса, ўртадаги ишонч ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Ишонч эса ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари учун эшикларни очади, – деди Шоазим Миноваров.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 963 times

Янгиликлар

Top