Дунё янгиликлари

Қуръон ёдлаш учун янги дастур ишлаб чиқилди

Асли покистонлик бўлган АҚШда истиқомат қилувчи тадбиркор Билол Мемон Қуръони каримни ёдлаш учун янги иловани ишга туширди. Бу дастурни яратиш учун унга бир неча йиллар керак бўлди.
Билол 10 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олганди. Бироқ вақт ўтиши билан у баъзи тафсилотларни унутиб, яна бир хил хатоларга йўл қўйди. Бу ҳақда у бундай дейди:
– Мен унутган сатрларни қалам билан белгилаб қўйдим ва саҳифани чизиқлар билан тўлдирдим, сўнгра аввалгидек хатоларга йўл қўйганимни англадим. Оятнинг бир қисмини тўрт-беш марта такрорласангиз, уни яна эслайсиз. Аммо икки ҳафта ичида яна худди шундай хатога йўл қўясиз.
У муқобил усул ихтиро қилишга қарор қилгунга қадар узоқ йиллар давомида Қуръонни шу тарзда такрорлаш учун қаламдан фойдаланган. Айнан шу ерда Қуръонни ёдлаш иловасини яратиш фикри пайдо бўлган. Унинг мақсади мусулмонларга Қуръонни ўрганиш, уни қайта кўриб чиқиш ва хатоларни такрорламасликларига ёрдам беришдир.
Билол Мемон ва унинг уч кишидан иборат жамоаси тўрт ой давомида ушбу дастурни ишлаб чиқишди. Тез орада мазкур илова iPhone ва Андроид мобил телефонлардан ўрин олади.
Мазкур иловани синовдан ўтказиш учун АҚШ, Буюк Британия, Канада, Саудия Арабистони, Малайзия ва Индонезиядан мингга яқин киши рўйхатдан ўтган.


Халқаро алоқалар бўлими ходими
И.Аҳмедов тайёрлади

Read 932 times

Янгиликлар

Top