Дунё янгиликлари

«The Daily Telegraph»: "Икки минг йилдан ортиқ тарихга эга Бухорода нафис ва гўзал масжид-мадрасаларни учратиш мумкин"

Британиянинг «The Daily Telegraph» кундалик газетаси «Нега мен Ўзбекистон ҳақида орзу қилишдан тўхтамайман?» сарлавҳали мақолани чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашр колумнисти Сюзан Мур қаламига мансуб мазкур мақолада муаллиф бир неча йилдан сўнг яна ҳаётидаги энг унутилмас масканлардан бирига айланган Ипак йўлининг юрагига саёҳатга отлангани ҳақида ёзади.
Муаллиф томонидан Тошкент афсонавий тарихий шаҳарлар - Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқаларга борадиган сайёҳлар учун марказ сифатида тавсифланади.
«Бу кенг хиёбонлар, дизайнерлик дўконлари, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси жойлашган шаҳар, деб ёзади Сюзан Мур. Тошкент метрополитени санъат асари, барча бекатлар бир-биридан фарқ қилади. Улардан баъзилари катта қандилли залларга ўхшайди, бошқалари 1960 йилларда илмий декорациясини эслатади. Пойтахтдаги энг машҳур метро бекатларидан бирида машҳур космонавтларни, жумладан, биринчи аёл космонавт Валентина Терешковани кўриш мумкин».
Муаллифнинг таъкидлашича, «Ўзбекистон дурдоналари» - Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг ажойиб тарихий қиёфаси бугунги кунгача сақланиб қолган.
Мақолада ушбу шаҳарларнинг маданий ва тарихий аҳамияти алоҳида эътироф этилган.
«Икки минг йилдан ортиқ тарихга эга Бухорода нафис ва гўзал масжид-мадрасалар, исломгача бўлган маданият – зардуштийлик изларини учратиш мумкин... Шаҳрисабз – улуғвор масжидларни барпо этган буюк Амир Темурнинг туғилган маскани.. Самарқанд Регистон майдони ва Шохи-Зинда мақбаралари мажмуаси билан машҳур», деб ёзади муаллиф.
Британия босма нашрида эълон қилинган ушбу мақолада, шунингдек, Ўзбекистон миллий таомлари ва амалий санъати ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Муаллиф бир пайтлар жаҳон савдо маркази бўлган, қадимий меъморчилик ёдгорликлари замонавий объектлар билан ёнма-ён жойлашган бу тарихий шаҳарларга саёҳат қилишни тавсия қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 618 times

Янгиликлар

Top