Куни кеча Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ИҲТ (Ислом ҳамкорлик ташкилоти) га аъзо 57 та давлат уламолари ўртасида Халқаро ислом фиқҳи академиясининг 25-сессия йиғилиши бошланди. Унда Ислом оламининг 42 та йирик уламолари қаторида 2007 йилдан буён академия аъзоси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси, шайх Абдулазиз Мансур қатнашиб келмоқда. Шунингдек, мазкур сессия ишида таниқли етук уламолардан Шайх Абдуллоҳ бин Байяҳ (БАА), Шайх, доктор Али Жума (Миср), Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний (Покистон), Шайх Абдуллоҳ бин Сулаймон ал-Маниъ(САП) иштирок этмоқда.
Мазкур йиғилишда мусулмон жамиятлардаги бугунги долзарб масалалар, ислом шариати, фиқҳи, иқтисодий, тиббий ва ижтимоий мавзулар муҳокама этилади.
Aкадемия йиғилишининг биринчи кунида диний соҳада бўлаётган ўзгаришларни муҳокама қилиш мақсадида Aкадемия президенти доктор Солиҳ бин Aбдуллоҳ бин Ҳумайд жаноблари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Aкадемия Бош котиби доктор Қутуб Мустафо Сано бошчилигида анжуман бўлиб ўтди.
Сўнгра биринчи илмий мажлис лойиҳалаш қўмитаси иштирокида исломда диний ва дунёвий таълимнинг фарз экани мавзуси ташкил этилди.
Иккинчи илмий сессия Корона пандемиясининг барча соҳаларга таъсири мавзусига бағишланди. Унда пандемия оқибатларини инобатга олиб бир қатор илмий тавсиялар берилди.
Халқаро ислом фиқҳи кенгашининг учинчи илмий сессияси намоз ўқиш ҳукмларига бағишланди.
Шуниси эътиборлики, тўрт кун давом этадиган Халқаро ислом фиқҳи академияси сессияси йиғилишларида ҳозирги даврда уламолар томонидан қабул қилинган ислом ҳуқуқи (фиқҳий масалалар) га оид қарорлар чиқариш орқали ҳозирги замон фалокат ва ҳодисаларини ўрганиш ва уларга ижтиҳод билан ёндашиш доирасида 160 та тадқиқот ишлари муҳокама қилинади.
Кенгаш сессияси 23 февралга қадар давом этади.
ЎМИ Матбуот хизмати