Дунё янгиликлари

Ўзбекистонлик мутахассислар Малайзияда ислом молияси бўйича малака оширмоқда

27 март куни Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонамиз Малайзия Ютара университети билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий, таълим ва туризм салоҳияти бағишланган қўшма тадбир ўтказилди. Унда Малайзия олий таълим вазири Моҳамед Халид Нордин, Ютара университети ректори вазифасини бажарувчи Шаҳими Мохтар, ушбу давлат сиёсий, илмий-академик ва ишбилармон доиралари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари бўйича батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, учрашувда Ютара университети ректори вазифасини бажарувчи Шаҳими Мохтар Ўзбекистон Банк-молия академияси (БМА) билан ислом молияси бўйича мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ўрнатилган ҳамкорликни олқишлади ва ушбу алоқаларни келажакда янада кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Тадбир давомида Малайзия Ютара университети қошидаги Ислом бизнес мактаби 10 кунлик махсус ислом молияси бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тугатган 21 та БМА тингловчиларига тегишли сертификатлар топширилди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилнинг бошидан жами бўлиб республиканинг 42 та мутахассислари Малайзияда ислом молияси бўйича малакасини оширди.
Малайзия Ютара университетининг Ислом бизнес мактаби 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, у дунёда биринчи бўлиб Университетлар қошидаги бизнес мактабларни ривожлантириш халқаро ассосиацияси (Association to Advance Collegiate Schools of Business) томонидан рўйхатга олинган Ислом бизнес мактаби ҳисобланади.
Тадбир якунида жорий йил июнь ойида Малайзия Ютара университети ҳузуридаги Ислом бизнес мактаби делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва республика мутахассислари учун семинар ҳамда тренинглар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 655 times

Янгиликлар

Top