Дунё янгиликлари

"The Telegraph": Ўзбекистонни кашф этиш вақти нега айнан ҳозир?

Британияда нашр этиладиган нуфузли «The Telegraph» кундалик газетасида «У Дубайга айланишидан олдин Ўзбекистонни кашф этиш вақти нега айнан ҳозир?» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. Унда муаллиф Жеймс Дрэвен мамлакатимиз бўйлаб амалга оширган саёҳати ҳақидаги таассуротларини ўқувчилар билан ўртоқлашган.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон жаҳоннинг 90 давлати фуқаролари учун визасиз режимни ўрнатган бўлиб, бу мамлакат характерини бутунлай ўзгартириши мумкин бўлган режанинг бир қисми ҳисобланади.

Британиялик журналистнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати Самарқанддан бошланган. Унинг ёзишича, бу ерда XIV асрдан XX асргача бўлган Марказий Осиё меъморчилигининг энг сара намуналари қарор топган.

«Самарқанд нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун Марказий Осиёдаги энг кўҳна шаҳарлардан бири бўлиб, унинг тарихи эрамиздан олдинги 1500 йилларга тўғри келади. Ҳунармандчилик ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган бу афсонавий кент Буюк Ипак йўлидаги энг муҳим чорраҳалардан бири бўлиб, II асрдаёқ Евроосиёни замонавий Хитойнинг шарқидан Туркиянинг ғарбий қисмигача кесиб ўтган, ипак, зиравор ва бошқа турли маҳсулотлар ташиладиган савдо йўлларининг тармоғи бўлган. Икки минг йил давомида бутун дунёдан савдогарларни жалб қилган Самарқанд аллақачон ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданияти чорраҳаси сифатида эътироф этилган», деб ёзади муаллиф.

У мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш тарихи ҳақида ёзар экан, 2016 йилдан бошлаб мамлакатимиз тараққиётнинг янги йўлига чиққанини алоҳида қайд этади.
«Президент Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ ислоҳотларини тезкорлик билан амалга оширгани баробарида мамлакатни туризм ва хорижий инвестициялар учун ҳам очди. 2020 йил бошида БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Ўзбекистонни сайёҳликнинг ўсиши бўйича тўртинчи мамлакат, деб топди», деб ёзади Жеймс Дрэвен.

Британиялик журналистнинг фикрича, Ўзбекистондаги замонавий тараққиёт мамлакатнинг бой тарихи ва меросини ўзида мужассам этган.
"Самарқанд аэропорти терминали биноси XV асрнинг буюк астрономи, шаҳарнинг энг машҳур тарихий сиймоси ҳисобланадиган Улуғбекнинг очиқ китобини («Зижи Кўрагоний» асари) эслатиб туради», деб ёзади у.

Шунингдек, ушбу мақолада Самарқанд шаҳрида бунёд этилган «Боқий шаҳар» мажмуаси, Регистон майдони, хорижлик сайёҳлар учун яратилган замонавий қулайликларга оид муҳим маълумотлар ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 662 times

Янгиликлар

Top