Дунё янгиликлари

Эроннинг етакчи нашрида Хиванинг бой меросига бағишланган мақола чоп этилди

Эроннинг етакчи «Isfahan Ziba» газетасида «Ўзбекистоннинг Хива мўжизаларига бир назар: Исфаҳондан Дорулислом Хоразмгача» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Нашрнинг бутун бир саҳифасини эгаллаган мазкур материал эроншунослик бўйича катта эксперт, «Isfahan Ziba» газетаси муҳаррири Нафиса Ҳужжатийнинг мамлакатимиздаги тарихий масканлар – Самарқанд, Бухоро, Хива, Афшона, Шаҳрисабз, Урганч ва Тошкент шаҳарларига қилган икки ҳафталик саёҳати тафсилотлари қаламга олинган.

«Биз Хивани тарихий «Хоразм» номи билан биламиз. Хива Ўзбекистон ғарбидаги кичик, аммо мафтункор шаҳар бўлиб, уни кўриб ҳайратда қоласан киши. Боиси, унинг Язд ва Исфаҳондаги маданий мерос объектлари билан ўхшаш жиҳатлари кўп, – деб ёзади муаллиф. – Ўзбекистонга қилган сафарим ҳақидаги ҳикояни бир нечта алоҳида мақолаларда баён қилмоқчиман. Бу мамлакатга икки ҳафталик сафарим давомида кўрган олти шаҳарнинг ҳар бирида жуда кўп қизиқарли воқеалар борки, уларнинг ҳаммасини битта мақолада ёзиб бўлмайди».

Муаллиф, шунингдек, кенг қамровда ёзилган ҳикоя тарзидаги мақоласида, асосан, Хивага ташриф тафсилотлари, жумладан, аҳолининг меҳмондўстлиги, қадимий миноралар жилоси-ю, Хивада суратга олинган машҳур жаҳон кинофильмларида акс этган тарихий обидалар, шунингдек, форс ёзувидаги тожи билан Хива рамзига айланган минора тарихини баён этган.

Шунингдек, мақолада буюк аждодларимиздан ёдгорлик бўлиб қолган машҳур миноралар тарихи ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган. Хусусан, Хива шаҳри марказида жойлашган «Ичан қалъа» меъморий ёдгорлиги 1990 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритилгани алоҳида қайд этилган.

Нафиса Ҳужжатий юртимизда хорижий сайёҳларни жалб қилиш мақсадида турли кўргазмалар ташкил этилаётганини юқори баҳолаб, Ўзбекистонни сайёҳлик салоҳияти бой давлат сифатида эътироф этган.

Муаллиф Хива шаҳрининг тунги ҳаётидан ва сайёҳлар учун ташкил этилаётган ранг-барнг маданий дастурлар муҳитидан ҳайратга тушганини ҳам таъкидлаган.
«Бир неча ой олдин Хива шаҳрида ўзбек халқининг буюк аждодларидан бири - Паҳлавон Маҳмуд хотираси учун ўтказилган «Паҳлавон Маҳмуд – Баҳодирлар ўйинлари» халқаро турнирида биринчи ўринни эгаллаган эронлик Ризо Қитосий шарафига Эрон байроғи кўтарилди. Яна бир муҳим жиҳат: Дорулислом Хива тангаларидир. Хивадаги кўҳна арк антропология музейида «Зарб Дорул Ислом Хоразм» ёзуви туширилган тангалар ҳеч бир сайёҳни беэътибори қолдирмайди», - деб ёзади «Isfahan Ziba» газетасида босилган мақола интиҳосида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 690 times

Янгиликлар

Top