Дунё янгиликлари

Мьянмада мусулмонлар тақдири кимга боғлиқ?

Жанубий-шарқий Осиёда жойлашган Мьянма давлатида ислом динига эътиқод қилувчи кўп сонли мусулмонлари истиқомат қилади. Мусулмонлар Мянмада аҳолининг 4,3 фоизи, яъни 2,5 миллион нафарини ташкил этади. Шундан роҳинжа мусулмонлари 1 миллион нафардан ортиқдир.

Мьянмада аҳолининг асосий қисми буддизмга эътиқод қилгани сабабли, ушбу мамлакатда ўзга дин вакилларига нисбатан ҳукумат қўшинлари ва буддист экстремистлар томонидан босим ўтказилган эди.

Жорий йилнинг 25 августидан бошланган таъқиблар натижасида роҳинжалар Мянмага чегарадош бўлган Бангладешга қочиб ўтган эдилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хисоб-китобларига кўра, роҳинжа бугунги кунда энг кам сонли элатлардан бири саналади. Улар асрлар давомида Мьянма ҳудудида истиқомат қилиб келаётганига қарамай, ҳукумат уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини тан олишни истамаяпти.

Мьянма ҳукумати “роҳинжа миллат эмас, улар бангладешлик муҳожирлар” деган фикрни таъкидламоқда.

Ғарб оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, Роҳинжа штатида Мьянма армияси ва роҳинжа жангари гуруҳлари ўртасида қуролли тўқнашув бўлиб ўтган. Унда 71 нафар аҳоли ва 12 нафар ҳарбийлар ҳалок бўлган эди.

Инсоният эътиқод қиладиган динларнинг ҳеч бириси у ёки бу важ билан бегуноҳ қишиларни ўлдиришга буюрмайди.

Шундай экан араканлик роҳинжа мусулмонларига қарши қаратилган тажовузлар ким томонидан ва нима мақсадда амалга оширилаётганини чуқур таҳлил орқали аниқлаш мумкин.

Мьянмадаги “969 ҳаракати” ва у илгари сураётган ғоялар юзага келган можаронинг асосида эканини кўриш мумкин.

Ашин Виратҳу ўзини “будданинг ўғли” эканлигини айтиб, буддавийлик дини ва маданиятини ҳимоя қилиш мақсадида “969 ҳаракати”ни тузган шахс, роҳинжа мусулмонларини ўзига қарши катта хавф деб кўрмоқда. Уларни ўлдириш ва Мьянма тупроқларидан мажбурий кўчириш ҳар бир буддавий аҳоли учун шарт эканлигини таъкидламоқда.

У дунёдаги ҳар қандай қўпорувчилик ҳаракати учун мусулмонларни айбдор санайди.

Мьянма ҳукумати роҳинжа мусулмонларининг ҳақ-ҳуқуқларини очиқча поймол қилиб, уларни “бангладешлик муҳожирлар” дея ҳисоблайди.

Ушбу экстремистик гуруҳни қўллаб-қувватлашдан мақсад “яширин кучлар”нинг геосиёсий манфаатларини амалга ошириш эканини англаш қийин эмас.

Маълумоларга кўра, Мьянманинг Аракан вилоятида жуда катта ер ости заҳираси, табиий бойликлар мавжуд.

Ҳозирда Араканда айнан роҳинжа аҳолиси яшайдиган ҳудудда 1,2 триллион куб-метр табиий газ ва 2,1 миллиард баррель нефть заҳиралари мажуд экани тахмин қилинмоқда. Бу эса можароларнинг аниқ мақсадини юзага чиқаради.

Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирган ҳолда, 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етказиб бериш бўйича амалий ишларни бажарган эди.

Ўзбекистон Республикаси етказиб берган инсонпарварлик ёрдами Бангладешда бўлиб турган 50 мингдан ортиқ қочоқлар эҳтиёжини қондиришга етарли бўлган.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда Бангладеш ҳудудида Мьянмадан қочиб ўтган 400 мингга яқин қочоқлар яшамоқда.

ЎзА берган маълумотларда Ўзбекистондан 14 турдан зиёд озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар юборилган эди.

Хулоса қилиб айтганда, роҳинжа мусулмонлари яшаётган ҳудудни айрим трансмиллий компаниялар манфаатлари таъсирига тушган майдон сифатида эътироф этиш ҳамда Мьянма ҳукумати Аракан штатидаги табиий қазилма бойликлардан катта фойда олишни режалаштирилган бўлиши мумкин дея тахмин қилиш мумкин.

Read 5977 times

Янгиликлар

Top