muslim.uz

muslim.uz

Тасаввур қилинг, сизнинг ўта ашаддий душманингиз бор. У сизга шу даражада  душманчилик қиладики унга қарши туришга сизда мадор қолмаган. Камига, у сиз бутун умрингизни тиккан, бор кучингиз билан ҳаракат қилаётган ҳамда бутун ўй-фикрингизни эгаллаган орзу ва мақсадингиз йўлида энг катта тўсиқ бўлиб турибди. Сиз мақсад сари қанча ҳаракат қилсангиз у сизни бу йўлдан буриб юбориш учун сизданда кўп тер тўкмоқда. Унинг бу зулмларидан, сизга ёмонликларидан чарчадингиз, кучингиз қолмади. Айни шундай ҳолда қийналиб турганингизда сизга бир хушхабар етиб келди. Билдингизки, душманингиз қилган жиноятлари сабаб кишанланибди, мақсадингиз тарафга эса бир қадам қолган. Ушбу хабардан қанчалик хурсанд бўласиз? Нималарни ҳис этасиз? Юрагингиз ҳапқириб, ҳаяжондан ёрилишига бир баҳя қолади, шундай эмасми?

Агар ушбу ҳолатни тасаввур қила олган бўлсангиз биз сизга етказмоқчи бўлган хушхабарни қабул қилинг. Бизнинг энг катта душманимиз бўлган, доимий бизни васвасага соладиган шайтон кишанланган, энг катта орзуйимиз, бутун вужудимиз билан талпинаётганимиз жаннат эшиклари эса ланг очиқ турибди. Ушбу хушхабарни биз ўзимиз ўйлаб топганимиз йўқ. Бу хабарни инсонларнинг энг ростгўйи, икки олам саййиди ва суюкли Ҳабибимиз (с.а.в) айтмоқдалар. Келинг, У зотнинг сўзларига қулоқ тутинг: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ، وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ». رواه البخاري ومسلم.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рамазон келганда жаннатнинг (барча) эшиклари очилади, дўзахнинг (барча) эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бундай ажойиб хушхабарни эшитган ҳар қандай мўмин беихтиёр ҳар куни Рамазон бўлишини, бу ой уни ҳеч қачон тарк этмаслигини истайди. Ҳар кунимиз Рамазон бўлиши учун эса ушбу ойни ғанимат билиш, унда амалларни кўпайтириб олиш лозим. Агар биз йил бўйи айни шу кайфият бизни тарк этмаслигини истасак бу ойда ўзимиз учун бирор яхши амални вазифа қилиб доимий одатга айлантириб олишимиз керак бўлади. Масалан, аваллари Қуръон тиловатини камроқ қилган бўлсак бу ойда кунлик вазифани ўқишга одатланишимиз ва буни йил давомида тўхтатмаслигимиз ёки жамоат намозларига бироз бепарволик қилган бўлсак бу ойда жамоатга одатланиб йил бўйи амал қиладиган одатимизга айлантириб олишимиз лозим. Ана шунда бу гўзал ойнинг шукуҳи бизни йил давомида тарк этмайди ва шайтонлар кишандан бўшатилганда ҳам улар бизнинг амалларимизга тўсқинлик қила олмайди.

Аллоҳ таоло ушбу муборак ойнинг қолган ўн кунлик – маърифат даҳасини ҳам ғанимат билишимизни, унда солиҳ амалларни янада кўпайтириб олишимизни барчамизга насиб айласин. Ҳар кунимиз Рамазон бўлсин!

Ийсохон Яҳё тайёрлади

2020 йил бутун дунё халқлари учун ғоят синовли давр бўляпти. Барча бир бўлиб мудҳиш иллат – коронавирусга қарши кураш олиб бормоқда. Лекин, шунга қарамай, бу ўлат ҳали-ҳануз тарқалишда давом этяпти. Охирги маълумотларга кўра, дунё миқёсида 4 миллион 900 минг нафардан ортиқ кишида инфекция аниқланган. Вафот этганлар сони эса 323 мингдан ошиб кетди.

Бу рақамлар ҳар биримизни янада ҳушёрликка чақириб, гигиенага қоидаларига қатъий риоя этиб, карантин талабларини бузмасликка ундаши керак.

Жорий йил 13 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда муҳтарам Юртбошимиз: “Коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириш керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган тартибда ўтказиш одатий қоидага айланиши зарур”, деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, тан олиб айтиш жоизки, биз ўзимизни, ўзлигимизни унутиб қўйган эдик. Динимиз таълимотига, маънавиятимиз кўрсатмаларига риоя қилишда сусткашликларга йўл қўйдик. Тўй-ҳашамлар, оилавий танталарда очиқчасига “кимўзар”га (!) киришиб кетдик. Исрофга ружу қўйдик.

Фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига сарфлаш зарур бўлган маблағларни тўй қиламан деб бир кунда кўкка совурдик. Афсуски, бундай ишларга қурби етган ҳам, етмаган ҳам киришиб кетди. Оқибатда айримлар бир умр қарз тўлашни зиммасига олди.

Бежиз маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Бечора косибнинг аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузки 18, балки 20 соатни меҳнатға ўткаратурғон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Ана, бечоранинг аъмоли. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом. Тўй мусрифи учун қарз эгаларидан қочадур. Катта тўй қилиб хотун олғон бир қисм бечораларни ҳолиға йиғламоқ керак. Уч кунлик тўйни азоси баъзи оилаларда ўн йил, ҳатто, бир умр сурар, балки беватан ва хонавайронликға сабаб бўлур...

...Тўю маъракаға сарф қилинатурғон оқчани эски мадраса ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтлариға сарф қилинсун. Тўй ва маърака оқчасидан болалар ҳукумат мактабларига берилсун ва бу оқчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорилфунун ва дорулсаноатлариға юборилиб, диний ва дунёвий ва замоний одамлар етишдурмоқға саъй қилинсун”, деб куйиб-пишмаган эди.

Таъбир жоиз кўрилса, коронавирус бошимизга гурзидек “урилмагунича” кўзимизни очмадик. Умр бўйи йиғган маблағларимиздан закот, ушр беришни унутиб қўйдик. Эҳсонларга, тўйларга очлар четда қолиб, тўқларни таклиф этдик. Бунинг оқибатида риё, сумъа каби иллатлар урчиди. Бу дунёда яшашдан мақсад фақат тўй қилиш экани, афсуски, онгуу шууримизга сингиб қолди.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида бежиз карантин тугагандан кейин ҳам тўй-маросимларни жуда чекланган ҳолда ўтказиш зарурлигини таъкидламадилар. Ахир, динимиз таълимотида ҳам дабдаба билан тўй қилиш қаттиқ ва қатъий қораланади.

Ҳар сўз ва ҳар ишда бизларга ибрат бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай тўй қилганлари ҳақида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва Сафия бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо)га уйландилар. Мен мусулмонларни валимага таклиф қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларини ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурут ва сариёғ ташланди. У зотнинг валималари шундан иборат эди” (Имом Бухорий ривояти).

Тарихга назар солинса, ўтган умматларга ёғилган бало-офатлар уларнинг туғёнга кетиши туфайли содир бўлган. Худди шундай биз ҳам Буюк Яратувчини эсламай қўйдик. Ўзлигингиздан, инсонийлигингиздан юз ўгирдик. Қадриятларимизни беқадр қилдик. Берилган неъматларимни суиистеъмол қилдик.

Ҳеч бир нарса бесабаб, беҳикмат бўлмайди, албатта. Аллоҳ таоло бу балони юбориб, бандалари унутиб қўйган сабр, меҳр-оқибат, қаноат, тинчликни асраш, хотиржамликнинг қадрига етиш, соғлик бебаҳо неъмат эканини тафаккур қилиш, хуллас, одамга одамийликдан сабоқ бермоқда.

Бугун ҳаммамиз уйдамиз. Бани башар уйда ўтириб ўйга толгач, мутахассисларнинг айтишича, сайёрамиз экологияси анча тозаланибди. Шояд уйда ўтириб сабрга, итоатга, қаноатга ўргансак, олдинги қилмишларимиздан хулоса чиқарсак, қалбларимиз ҳам атмосфера каби тозаланса.

Мен 2020 йилни саодат асрида бўлган “маҳзунлик” йилига қиёслагим келди. Ўша йили Набий алайҳиссаломнинг ҳимоячилари бўлган икки буюк шахс Хадича розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб оламдан ўтди. Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни, асосан, жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулму ситамлардан ҳимоя қилган бўлса, Хадича онамиз у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Ўша йили Аллоҳ таоло ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгилларини кўтариш, умидларини узмаслик мақсадида ҳузурига чорлади: Исро ва Меърож воқеаси содир бўлди. Яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”лиги илоҳий тақдир билан исботланди (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Асрлар давомида не-не машаққатларни, турли синовларни енгиб ўтган донишманд халқимиз, албатта, бу балодан ҳам эсон-омон, бағрибутунликда чиқиб олади, насиб этса. Буюк Раббимиз худди халили Иброҳим алайҳиссаломни ўтда, жамили Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими Мусо алайҳиссаломни денгизда ва Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби бизни ҳам коронавирусдан асрагай, иншоаллоҳ! Энг муҳими, карантин тугагандан кейин эски одатларимизга қайтмасак бўлгани. Ана шуни унутмаслик зарур.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Середа, 20 май 2020 00:00

Бир ҳадис шарҳи

Бугунги кунда кўпчилигимиз рўза тутиш деганда ейиш, ичиш ва жинсий эҳтиёждан сақланиш маъносинигина тушуниб қолганмиз. Рўза тутишдаги бор эътиборимиз ҳам ана шу уч нарсага қаратилган. Тўғри, аъзолар ҳам рўза тутиши, гуноҳлардан рўза тутиш ва бошқа рўзалардан ҳам хабаримиз бор, аммо улардан сақланишга бўлган эътиборимиз ҳукмий рўзанинг шартларига нисбатан анчагина камроқ бўлиб қолган. Аслида, биз рўзанинг баданий шартлари билан биргаликда руҳий ҳолатимизни ислоҳ этадиган жиҳатларини ҳам ўрганиб, барчасига бирдай эътибор қаратишимиз лозим. Бунинг учун биз ҳадиси шарифларни диққат билан мутолаа қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир сўзларини юксак маҳорат ва кўп маъноларни ифода этадиган шаклда баён этар эдилар. У зотнинг рўза ҳақидаги ҳадисларини мутолаа қилар эканмиз қуйидаги ҳадис эътиборимизни тортди:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ:  أنّ النبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال:  «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ» رواه الترمذي.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон сўз ва унга амал қилишни тарк қилмас экан Аллоҳ унинг таоми ва шаробини тарк этишига муҳтож эмас», дедилар. Термизий ривояти.

Ҳадиси шарифда келган “зур” сўзини биз “ёлғон” дея таржима қилдик. Аслида ўзбек тилида бу сўзнинг тўғридан-тўғри маъносини бир сўз билан ифодалаш мушкул. Ушбу сўз барча ёмон – ғийбат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш, умуман олганда, барча гуноҳ бўладиган сўзларни ўз ичига олади.

Ҳадиси шарифнинг лафзларига эътибор қаратсак биз учун керакли маъноларни уқиб олишимиз мумкин бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли хил ҳаром этилган сўзлардан тийилмаган инсоннинг амалини “рўза тутиш” эмас, “таоми ва шаробини тарк этиши” деб атадилар. Бундан тушунишимиз мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тоифадаги амални ҳатто рўза қаторига ҳам қўшмадилар. Бу эса турли хил ёмон сўзларни тарк этиш шарт эканлиги, акс ҳолда тутилган рўзанинг савобига жуда катта салбий таъсир этишини билдиради. Аммо ушбу ҳадис ёлғон гапирган инсон рўзасини бузиши керак деган маънони англатмайди. Ҳофиз Ибн Ҳажар ушбу ҳадис шарҳида Ибн Баттол (р.ҳ)дан қуйидаги маънода берилган шарҳни келтириб ўтганлар: “Ушбу ҳадис рўзани тарк этишга буюриш маъносида эмас, аксинча, ёлғон ва шу каби сўзларнинг оқибатидан огоҳлантиришдир. Ҳадисдан ирода этилган маъно ёлғон сўзлар аралашган рўзанинг қабул бўлмаслиги ва ана шундай нарсалардан саломат бўлган рўза эса қабул бўлишидир”.

Демак, барча гуноҳлар биз тутаётган рўзага ўз таъсирини ўтказади, улар сабаб кун иссиғида, қийналиб қилган амалларимизнинг савоби камаяди, ҳатто гуноҳлар кўпайиб кетса бутунлай савобсиз қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шундай экан, азиз биродарим, рўза билан биргаликда ўз нафсимизни тарбия қилайлик, агар ўзимизда шундай ёмон одатни сезсак, дарҳол тавба қилиб уни йўқотишга қаттиқ ҳаракат қилайлик. Зеро, гуноҳдан ҳақиқий тавба қилган инсон худди гуноҳ қилмаган кишидек бўлиб қолади.

 

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Рамазонда фарзандларни тарбия қилишда ҳақиқий йўналиш аниқланади. Улар бизга берилган омонатлардир.  Салафи солиҳлар Рамазонда фарзандларини рўзага машқ қилдирар ва тунни қоим қилишга одатлантирар эдилар.

Ўзи билан бирга фарзанди ҳам нажот топишини истаётган рўзадор биродарим, қуйида сизга тарбия хусусида бир қанча масалаларни ҳавола қиламиз. Шояд, бу нарсалар сизга фарзанд риоясида фойда қилса.

  1. Эй ота, фарзандингизга хулқингиз, ҳаётингиз ва юрган йўлингизда гўзал намуна бўлинг. Чунки, фарзандларингиз сизга ота, муаллим, мураббий ва гўзал намуна бўлиб қарайди. Аллоҳ таоло Закарийё алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилади: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» (Анбиё, 90).
  2. Уйда эшитилган, кўрилган ва билинган нарсаларнинг боланинг ҳаёти ва келажагида таъсири бўлади. Хонадонга иймон, Қуръон ва суннатни киритиш, зикрни кўпайтириш, Аллоҳнинг буйруқларини қоим қилиш ва қайтариқларидан қайтиш ҳалол ва масъулиятли фарзандни тарбия қилади. Уйга бўлмағур, беҳуда ва иғво қиладиган нарсаларга уйни тўлдириш беҳуда ишларга берилган ва масъулиятсиз фарзандни катта қилади.
  3. Фарзандни Аллоҳнинг Китобини тажвид билан ўқиб, ёдлашга бириктириш. Чунки, ёшлик – ёд олиш ва хотиранинг мустаҳкамлиги давридир. Агар бола бу олтин даврни ўтказиб қўйса ва зоеъ қилса катта бўлганида қаттиқ афсус ва надомат чекади.
  4. Бола ёшлик чоғида унга кўмаклашиш ва ёмон инсонлар билан бирга бўлишдан тўсиш керак. Чунки, улар болагаҳар қандай касалликдан кўра зарарлироқ ҳамда ҳар қандай дуҳсмандан кўра унга хавфлироқ бўлади. Қанчадан қанча солиҳ инсонарни фосиқ кишилар хароб қилишган. Инсонга бирга бўлган кишисининг таъсири бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в) келган ҳадиси шарифда шундай маънода марҳамат қиладилар: «Киши ўз дўстининг динида бўлади. Сизларнинг бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин». Бу ҳақида шоир шундай дейди: 

Киши ҳақида сўрама, унинг дўстин сўрагил,

Ҳар дўст биродарин ортидан қилар аниқ иқтидо. 

  1. Болани ёшлигидан туғма ҳақиқий эркак қилиб тарбиялаш лозим. Шунинг учун унга катта ишларни суйдириб, паст ва ёмон ишларни ёмон кўрсатиб тарбия қилиш керак бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в) шу маънода айтадилар: «Албатта, Аллоҳ таоло юксак сифатли ишларни суяди ва уларнинг арзимаган(кичик)ларини ёмон кўради». Бола суюлиб кетадиган бўлмасин, аёлларга ўхшаб қолмасин ва ёмон билан бирга бўлмасин. Чунки, бу унга ҳасрат ва ор бўлади.
  2. Фарзанднинг уст-боши ва кўринишига эътибор қилиш лозим. Фарзанд суннатга мувофиқ кийинсин ва Аллоҳнинг душманларига тақлид қилиб кийинмасин. Росулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, бас, у улардандир». Йигит киши тилла ва ипак буюмлардан сақланиши, мужмал, гап-сўзи сўлғин, кўп куладиган, беҳудагарчилкларни кўп қиладиган ва шошқалоқ бўлмаслиги лозим.
  3. Боланинг қалбида Аллоҳнинг буйруқлари ва динига алоқадор ҳар қандай нарсанинг улуғ эканини сингдириш лозим. Шунда у Аллоҳ таолони муқаддас санайди ва У зотни барча айблардан пок деб эътироф этадиган мўмин бўлади. Ушбу тарбия боланинг қалбида Аллоҳнинг, Унинг Каломи ва Пайғамбарининг улуғлигини ўстириб боради.
  4. Болани манфаатли илм олишга йўналтириш лозим. Бу ишга қаттиқ ҳаракат қилиш, ихлосли бўлиш, дарсларига бош-қош бўлиш, унга илмнинг фазилатлари ва шарафини билдириб туриш ҳам ке керак.
  5. Ҳар намозда унинг ҳаққига ёлвориб дуо қилиш, саҳарлари ва дуолар ижобат бўладиган вақтларда унинг учун тазарруʼ қилиш лозим бўлади. Бундай дуоларда Аллоҳ унга тавфиқ бериши, қўлидан тутиши ва ҳидоят қилишини сўралади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир» (Фурқон, 74).

10. Фарзандга раҳм-шафқатли ва меҳр-муҳаббатли бўлиш, у билан ҳазиллашиб, ўпиб, эркалаб туриш лозим. Унга қўпол ва дағал қўпол қилмаслик ҳамда инсонлар орасида уни койимаслик керак бўлади. Мўмин инсон фарзандларга муомала қилишда ҳам Росулуллоҳ (с.а.в)га эргашади, У зот фарзандлари билан қандай муомала қилган бўлсалар у ҳам уларга шундай муомала қилади.

Аллоҳим, бизларни қаерда бўлсак ҳам бахтли қил! Аёлларимиз ва фарзандларимизни кўз қувончи қил ва бизларни тақводорларга имом қилгин!

 

Доктор Оиз Ал Қорний. “Рўзадор учун ўттиз дарс”

 Саидхон Махсумов таржимаси

Қуръон шундай мўъжизавий китобки, барча инсонларни ҳидоятга бошлаш билан бирга, уни тиловат қилувчи ва уни тинглагувчи учун ўқиган ҳар бир ҳарфига 10 та ҳасанот ёзилади. Ҳар бир ҳасанот эса 10 баробардан 70 баробаргача кўпайтириб берилади.

Энди, бундай савоблар Рамазон ойи келиши билан икки баробар қилиб кўпайтириб берилади. Чунки, бу ойда банда гуноҳлардан тийилиб, Роббиси рози бўладиган ишлар билан машғул бўлади. Бу ойда қилинадиган фазилатли ишлар жуда кўп бўлса, улар ичида энг афзалларидан бири Қуръон тиловати ҳисобланади. Шу сабабдан, барча мусулмонлар бу ойда кўпроқ вақтларини Қуръон билан ўтказишга ҳаракат қиладилар ва бу борада кўпроқ хатм қилиш учун ўзаро мусобақалшадилар.

Қуйида ушбу «Ажр ва савоблар» мусобақасида ўзиб кетишда сизга ёрдам берадиган баъзи бир йўлларни келтирамиз.

Қуръони Карим тақрийбан 600 саҳифа бўладиган бўлса, уни 30 кун Рамазон ойига бўлиб чиқсак, бир кеча кундузда 20 саҳифага тўғри келади. Энди, бу 20 саҳифани бир кунлик 5 вақт фарз намозларига бўлсак, ҳар бир намоздан олдин 4 саҳифадан тиловат қилиш лозим бўлади. Буни намоздан олдинми, кейинми фарқи йўқ. Ўзингиз учун қулай бўлганини танлашингиз мумкин.

Бу билан сиз бу ойда бир маротаба Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилишингиз мумкин.

Лекин, сиз бу ойнинг ярми ўтиб кетдику дейишингиз  мумкин?  Аммо, қолган кунларда ҳам Қуръони Каримни хатм қилишингиз мумкин.

Мисол учун: Энди бугундан бошлаб, ҳар бир намоздан олдин ва кейин 4 саҳифадан тиловат қилишингиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло бу ойда фазилатли амалларни бажаришга барчамизни муваффақ айласин.

 

Тошкент Ислом институти талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин

Янгиликлар

Top