muslim.uz

muslim.uz

Ҳой йигит! Ҳой қиз! Отанг ёнингда сенинг табассуминг ва ширин сўзингга муҳтож бўлиб ўтирибди. Онанг олдингда биргина бўсанг ва холис дуоингга муҳтож бўлиб ўтирибди. Сизлар бўлса ижтимоий тармоқлардаги турли хабарларни ўқиб, ҳар бир пост, хабар ва мактубга изоҳ ёзиб ўтирибсизлар. Ота-онага яхшилик қилиш, силаи раҳм, ҳақдорларга вафо қилиш қаерда қолди?!

*****

Агар ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир янги инсон билан дўстлашаверсанг, ҳар бир видеони кўриб, ҳар бир постни ўқиб, барча изоҳларни кўздан кечириб, маълумотларга лайклар боссанг, у ҳолда Аллоҳ таолонинг ибодатига, Қуръони Каримни тиловат қилишга, оилага эътибор қаратишга, муҳим ишларингга қачон вақт топасан?! Вақтингни тартибга сол, чунки у сенинг ҳаётингдир.

*****

Телефонига термулиб, ижтимоий тармоқларда кезаётган ва аёлига, оиласига эътибор қитлмаётган эр Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай ҳисоб беришини кўз олдига келтириб, виждонига қулоқ солиб, масъулиятини ҳис қилиб олсин!

Дугоналари билан ижтимоий тармоқларда суҳбатга киришиб кетган аёл ҳам ўзини тузатиб, эрига, оиласига эътиборли бўлишни бошласин. Чунки у Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда булар ҳақида сўралади.

“Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”.

*****

Ҳар бир амалда ниятга эътибор беринг ва тўғрилаб олинг! Солиҳ амал ибодатдир. Сиз меҳнат қилиб, пул топишга борар экансиз, бу билан ор-номусингизни сақлашни, (тиланчилик қилиб) юз нурини тўкишдан асрашни ният қилган бўлсангиз, гўё ишхонада, идорада, далада, бозорда, фабрикада намоз ўқиётгандек бўласиз.

*****

Жаннат аҳли жаннатга киришганда,  “Улар: “Биздан ғам-қайғуни кетказган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. Албатта, Роббимиз ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир. У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ ҳам етмас, ҳорғинлик ҳам етмас”, дерлар”.

Аллоҳу акбар. Жаннатга кирилгач, дунёда бўлган алам кўз ёшлари, оҳ-воҳлар, жароҳатлар, оғриқлар, сиқилишлар, тўқнашишлар, эзилишлар у ерда бўлмайди. Балки Роҳманнинг қўшниси бўлганлари ҳолда улар учун унс, хурсандчилик, хушхабар, покиза ҳаёт, абадийлик ва кўз қувончи бошланади.  Эй Аллоҳ, бизни жаннат аҳлидан қилгин!

 

Доктор Оиз Қарний саҳифалари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

Маълумки, Мовароуннаҳрда ўтган асрлар давомида юртимиз олимларини дунёга танитган кўплаб шоҳ асарлар яратилди. Мустақил диёримиздан тафсир илми соҳасига ҳам ўзларининг бой маънавий мерослари билан улкан ҳисса қўшган машҳур муфассирлар етишиб чиқди.

Ана шундай буюк алломаларимиздан бири, калом илмининг имоми, мусулмонлар эътиқодининг ислоҳчиси деб эътироф этилган зот имом Мотуридийни келтириб ўтишимиз мумкин.

Аллома ва унинг фаолияти ҳақида муҳтарам Юртбошимиз шундай таъриф берганлар: “Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради”.

Мовароуннаҳрда тўлиқ мукаммал тафсир  асар тасниф этган илк муфассирлардан бири Абу Мансур ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий (238-333ҳ.й.) ҳисобланади. Унинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” номли тафсири “Аҳли сунна вал жамоа” йўналишининг энг мўътабар ва асосий манбаси саналади.

Имом Мотуридий кўплаб асарлар яратган бўлиб, унинг “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асарлари мусулмон оламида жуда катта шуҳрат қозонган. У калом, фиқҳ, усулул фиқҳ, мақолот каби соҳалар билан бир қаторда тафсир соҳасида ҳам улкан асар ёзиб қолдирган.

Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби вакили бўлиб, шу мазҳаб доирасида бошқа адашган фирқаларга раддиялар бериш усули билан тафсир ёзган. Унинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” тафсири энг муҳим асарларидан бўлиб, уни Аҳли суннани мухолиф йўналишлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзган. Мазкур тафсирнинг муқаддимасида Мотуридий тафсир ва таъвил тушунчаларининг фарқи ва таърифларини келтириб ўтади ва ўз ақидавий йўналишидан келиб чиқиб, калом илми услубларидан фойдаланган ҳолда моҳирона тафсир қилади. Мотуридий ушбу тафсирида мўътазилийларнинг имомларига, хусусан, Абул Қосим Каъбий ва Абу Муҳаммад Боҳилийларга раддиялар ёзган. Шунингдек, Карромийлар, Ботинийлар, Хорижийлар, Рофизийлар ва Қаромитийларга ҳам раддиялар берган.

Имом Мотуридийнинг ушбу шоҳ асари асрлар давомида Аҳли ас-сунна эътиқодининг софлиги йўлида улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

  Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирини ёзишдаги услублари қуйидагилардан иборат бўлган:

  1. Аввал суранинг номини келтиради, сўнг оятни зикр этиб, “Бу оят хусусида шундай дейилган” ёки “Бу оятда икки ёки уч хил важҳ эҳтимол қилинади” деган ибораларни келтиради ва ҳар бир важҳни зикр қилиб, бахс юритади. Саҳоба, тобиий ва ишончли аҳли таъвил муфассирларнинг гапларини келтириб, ўз мазҳаби бўйича таржиҳ қилади ва фикрини оят, ҳадис ёки саҳиҳ хабарлар билан қувватлаб, “Бизнинг наздимиздаги асл ҳукм шуки” ёки “Бизнинг наздимизда” деган ибораларни келтиради.
  2. Агар бирор оятни Аҳли суннага мухолиф фирқалар тафсир қилишган бўлса, аввало, шу муфассирнинг исмини аниқ зикр қилади, масалан, Абу Бакр Асомм ёки Жаъфар ибн Ҳарб ва бошқалар. Шунингдек, фирқаларнинг номини ҳам келтириб ўтади. Масалан, мўътазилий, карромий, ботиний, хорижийлар ва ҳоказо. Сўнг уларнинг хилоф гаплари ва тафсирларини келтиради ва Аҳли ас-суннанинг ақидасини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ақлий ва нақлий далиллар билан раддиялар беради.
  3. Агар оятда бирор фиқҳий масала баён қилинган бўлса, Мотуридий ўз мазҳаби бўйича, яъни Абу Ҳанифа (р.а) нинг фатволарига суянган ҳолда тафсир қилади ва бошқа мазҳаб фақиҳларига раддиялар беради.
  4. Агар Мотуридийга мухолиф фикр билдирганлар чуқур ғулувга берилган бўлса, унинг хатосини зикр қилиб, сўзининг охирида “Гапни исроф қилишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, деб, гапни қисқа қилади.
  5. Имом Мотуридий ихтилофларга сабаб бўладиган “истиво”, “мисл” каби оятларга катта эътибор қаратади ва бу оятларни нотўғри таъвил қилганларга қаттиқ раддиялар беради.

Имому-л-ҳуда, Имому-л-мутакаллимин ва Мусаҳҳиҳу ақидати-л- муслимин каби юксак эътирофлар билан таърифланган Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” номли тафсири ҳозирга қадар ўз қийматини йўқотмасдан келмоқда. Унинг ушбу шоҳ асари Мовароуннаҳрда ёзилган илк тафсир асарларидан ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, алломанинг ҳаёти ва унинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишимиз бугунги кундаги ҳар хил ботил оқим ва йўналишлар ҳамда террористик гуруҳлар илгари сураётган бузғунчи ғояларга қарши маърифий курашишда улкан аҳамият касб этади.

                                                          

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Ҳувайдо” жоме

масжиди имом-хатиби

                                                                                

Вівторок, 03 март 2020 00:00

Қуръон шифодир!

Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб, оғриқдан шикоят қилди. Шунда улуғ саҳобий “Аёлингнинг маҳридан икки дирҳам олиб, ўша пулга асал сотиб ол. Кейин асалга янги ёғаётган ёмғир сувидан қўш ва тайёр бўлгач, ич. Чунки, мен осмондан тушадиган сув ҳақида Аллоҳ таолонинг “Ва осмондан барака сувини туширдик” деганини, асал ҳақида Аллоҳ таолонинг “Унда одамлар учун шифо бордир” деб айтганини, аёлнинг маҳри борасида Аллоҳ таоло  “Бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин” деб марҳамат қилганини эшитганман. Агар битта дорида барака, шифо ва ош-офиятлик жам бўлса, иншаа Аллоҳ, Аллоҳнинг Ўзи сенга офият беради” дедилар.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 3–5 март кунлари Ер юзи сайқали – Самарқанд шаҳри яна бир йирик халқаро конференцияга мезбонлик қилмоқда.
«Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун» мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда дунёнинг 20 га яқин давлатидан меҳмонлар келмоқда.
Бугун 2 март куни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ва Украина давлати муфтийси Аҳмад Тамим ҳазратлари халқаро анжуманда иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига етиб келдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top