muslim.uz

muslim.uz

Бугун юртимизнинг қориси, "Имом Бухорий" номли Тошкент ислом институти талабаси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов Қирғизистон Республикаси Бишкек шаҳрида МДҲ республикалари Қуръон ҳофизлари иштирокида ўтказиладиган I Халқаро Қуръони карим мусобақасида қатнашиш учун Бишкек шаҳрига жўнаб кетди.

Ушбу мусобақа “Қуръон баҳори” шиори остида 2021 йилнинг 30 октябрь куни Бишкек шаҳридаги “Имом Сарахсий” номли Марказий жоме масжидда ўтказилади. Унда МДҲ давлатларидан келган Қуръон ҳофизлари тажвид қоидаси асосида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш бўйича мусобақалашади.

Фурсатдан фойдаланиб Ҳабибуллоҳ қорига Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Бугун, 28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари диний таълим муассасаларига бўлган илк ташрифларини Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтидан бошладилар.
Ташриф дастлаб институт тарихига оид маълумотлар билан танишишдан бошланди. Унда институт ташкил этилиши, таълим даргоҳининг мақсад-вазифалари, собиқ муфтийлар тарихи ва ректорлар тўғрисида маълумотлар берилди. Сўнгра институт биносида ташкил этилган китоблар кўргазмаси ва ҳаттотлик ишлари билан яқиндан танишилди.
Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Робиъул аввал ой муносабати билан институтда Сийрат ойлиги ўтказилаётгани ҳақидаги хушхабар кўнгилларни шод этди.
Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан таълим берилаётган дарс хонасига ташриф буюриб, талабалар билан суҳбат қурдилар. Талабалар дарс жараёнларидан, айниқса Мисрнинг Ал-Азҳар олийгоҳининг фазилатли устозларидан Шайх Жамолиддин Ҳошим каби мударрисларнинг замонавий усуллар орқали дарс беришаётганини жуда ҳам мамнун эканликларини изҳор этишди.
“Қиз болага таълим бериш, бутун умматга таълим бериш билан баробардир”. Шундан келиб чиқиб, Муфтий ҳазратлари институтда аёл-қизлар учун ҳам яратилган шарт-шароитлар билан қизиқдилар. Айниқса, қизлар учун алоҳида кутубхона, мажлислар зали, ўқув хоналари ва намозхона ташкил этилгани айни муддао бўлгани қайд этилди.
Албатта талабаларнинг илмли ва ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишларида китобнинг ўрни алоҳида. Муфтий ҳазратлари институт кутубхонасининг фаолияти билан ҳам танишдилар. Ахборот-ресурс маркази ходими Камолиддин Маҳкамов институт кутубхонаси ҳақида батафсил маълумо берди. Жумладан, ахборот-ресурс марказига етук мутахассислар жалб этилган ҳолда модернизация қилингани, китобларни сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва талабаларга китобларни етказиш халқаро талаб даражасида экани ҳақида сўзлаб берди.
Институтнинг асосий биносига қўшимча равишда бунёд этилган 15 та талабалар ўқув аудиторияси, мажлислар зали, кутубхона, ўқитувчи ва талабалар ошхонасини ҳам Муфтий ҳазратлари кўздан кечирди. Шунингдек, ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаган 4 қаватли бинодаги 30 ўринлик таҳоратхона ва 30 та хонадан иборат замонавий ва шинам ҳолатга келтирилган талабалар турар жойи – ётоқхонани билан ҳам танишдилар.
Мана шундай ўзгаришлар ва янгиланишлар Янги Ўзбекистон шароитида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалдаги яққол ифодаси экани ташриф давомида алоҳида эътироф этилди.
Муфтий ҳазратлари талабалар илм олиши, динимиз, халқимиз манфаати йўлида хизмат қилиши учун барча шароитлар муҳайё этилгани, толиби илмлардан эса фақатгина бир нарса – ихлос билан илм олиш, яратилган қулайликлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш, Аллоҳ таолонинг неъматларга шукрона сифатида ҳам илму ирфон эгаллаш зарурлигини ёдга солиш бугунги ташрифдан кўзланган бош мақсад экани алоҳида таъкидладилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари диний таълим муассасаларига бўлган илк ташрифларини Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтидан бошладилар.

 Ташриф давомида институт фаолияти, таълим-тарбия жараёнлари, талабалар ҳаёти ва янгидан бунёд этилган иншоотлар билан танишмоқдалар.

Ташрифни сайтимизда кузатиб боринг!

Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, олий муфтий Шайхулислом Талъат Тажуддин муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Менга Сизни Россия мусулмонлари марказий диний идораси номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланганингиз муносабати ила табриклаш катта қувонч бағишламоқда. Бундай сайлаш Сизнинг диний соҳадаги фаолиятингизга ижобий баҳо ва энг юқори ишончдан далолат бермоқда.
Аллоҳ таолодан муборак динимиз ва ватанингизга эзгу хизмат қилишда, юртингизнинг диний-маънавий тикланиши, тинчлиги ва гуллаб-яшнашида Яратган Парвардигорнинг ёрдами ва кўмагини сўраб қоламиз. Муқаддас Қуръони карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари асосидаги анъанавий Исломни сақлаб қолиш ҳамда экстремизм ва терроризмга қарши курашда бизнинг қардошларча ҳамкорлигимиз давом этишига умид билдирамиз.
Аллоҳ субҳану ва таоло Сизу бизга дўстона яхши қўшничилик муносабатлари ва мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам берсин.

Шайхулислом Талъат ТАЖУДДИН,
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, олий муфтий

Украина мусулмонлари диний идораси раиси, олий муфтий Шайх Аҳмад Тамим муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларига табрик йўллади. Унда жумладан шундай дейилади:
– Украина мусулмонлари диний идораси ва шахсан ўз номимдан Сизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланганингиз муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Сизга ушбу масъул лавозимда мустаҳкам саломатлик, илҳом ва барча эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.
Энг яхши тилаклар ила,

Шайх Аҳмад ТАМИМ,
Украина мусулмонлари диний идораси раиси, олий муфтий

Янгиликлар

Top