www.muslimuz

www.muslimuz

Хоразм вилояти Шовот туманидаги «Қори эшон бобо» жоме масжиди вилоятнинг чекка ҳудудидаги масжидлардан бири ҳисобланади. Чегара ҳудудда жойлашган ушбу ибодатгоҳ 1975 йилдан фаолият юритиб келади. Ўша вақтларда қишлоқ аҳли қабристон ёнида лой сувоқдан кичик хонадон шаклида масжид қуриб, ибодат қилиб келишган, жаноза намозлари адо этилган. 

2018 йилда Оқ кўл қишлоғи аҳолисининг талаб ва истакларига биноан масжид қишлоқ марказига кўчирилиб, янгидан бино қилинмоқда.

Ўтган вақт мобайнида бу жойда Аллоҳнинг байтини обод этишга ихлоси, ҳиммати баланд кишиларнинг меҳнати билан 400 кишилик кенг сиғимга эга мўъжаз хонақоҳ қад кўтарди.

 Ҳозирда бинонинг ички пардоз қисми ва иссиқ пол тизимини ўрнатиш ишлари қолган. Шунингдек, таҳоратхона қурилиши ҳам жорий йилга режалаштирилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг байтини обод қилувчиларни қуйидагича таъриф этади: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят). 

 Олис, чекка ҳудудларда ҳам масжидлар ободлиги сари ҳисса қўшаётган, қишин-ёзин меҳнат қилаётган саодатманд кишиларимизга янада куч ғайрат, олиб бораётган ишларига файзу баракотлар тилаб қоламиз.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Индонезиялик журналист Марфуаҳ Панжи Астути турмуш ўртоғи Ҳерламбанг Сукма Сакияна билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Марфуаҳ Панжи Астути хоним Ўзбекистон хусусан, Самарқанд ҳақида “Journey to Samarkand” – “Самарқандга саёҳат” номли рисола муаллифи ҳисобланади. 

Меҳмонларнинг хабар беришича ушбу китоб ўн минг нусхада нашр этилган ва индонезиялик китобхонлар томонидан қизғин қабул қилиниб, унинг барча нусхалари қисқа муддат ичида харид қилинган.

Бугун, 9 январь куни меҳмонларни Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов вилоят вакиллиги биносида қабул қилди. Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Индонезия халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари, ушбу асарнинг аҳамияти ва бундан кейинги ҳамкорлик масалалари борасида сўз юритилди. Қабул маросими сўнгида муаллиф ўзининг “Самарқандга саёҳат” номли асарини З.Эшонқуловга ҳадя қилди. Шунингдек, вакиллик томонидан ҳам меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.

ЎМИ - Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида бундай ёзилган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб таш­ламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас”.

«Куфр» сўзи луғатда «ўраш», «тўсиш» каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса икки хил маънода келади: бири динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг расулига итоатсизлик, иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишни англатади. Масалан, Қуръони каримда «куфр» лафзи бир неча ўринларда келган бўлиб, баъзи оятларда «мутлақ куфр» зикр этилиб, Ислом динидан чиқишгача бўлган ҳолатлар назарда тутилса, баъзи ўринларда шунчаки чеклов ёки тўхтамларни ўз ичига олади.

Шу боис олимлар куфрни иккига, яъни катта ва кичик турга бўлганлар. Кичик куфр амалий ҳисобланиб, Китоб ва суннатда «куфр» деб номланган гуноҳларни ўз ичига олади. Бироқ улар диндан чиқарувчи ҳақиқий куфр даражасига етмайди, балки куфрони неъмат, ношукр­ликни назарда тутади. Масалан, Иброҳим сурасининг 34-оятида “куфр” сўзидан “ношукрлик” маъноси ирода қилинган: «…Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир».

Кичик куфр ҳадиси шарифда ҳам келган: «Мендан кейин бир-бирингизни бўйнингизга қилич солувчи кофир бўлманглар». Уламолар кичик куфр диндан чиқармайди ва амалларни бекор (ҳабата) қилмайди, лекин амалларни нуқсонли қилади ҳамда у орқали банда азобга дучор бўлади, деганлар.

Катта куфр эса истилоҳда ҳақни беркитиш, яъни имоннинг зиддини билдиради. Жумладан, имон келтириш шарт бўлган нарсалардан бирини инкор этиш катта куфрдир. Катта куфр кишини диндан чиқаради.

Такфир эса асоссиз сабаблар билан мўмин-мусулмон кишини кофирга чиқаришдир. Мусулмонни кофир дейиш жуда хатарли масала бўлиб, оқибати ёмон ишдир. Уламолар ижмоси билан куфр ҳисобланган сўз мутлақ «куфр»дир. Мўмин имон асосларини инкор этиш билангина диндан чиқади. Куфр калимасини айтган кишига «кофир» ҳукмини беришнинг шартлари бор. Диндан чиққан мусулмон кофир саналади ва у «муртад» деб аталади. Муртадлик қуйидагилардан бирортасини қасддан бажариш орқали юзага келади: куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиш; ботил ақидага эътиқод қилиш; сўз ёки амали билан кофир бўлишни ният қилиш; Исломдаги қатъий, мутавотир йўл билан фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиш.

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг қарашлари карромийлар, жаҳмийлар, муътазилийлар, қадарийлар ва рофизийларнинг айнан мазкур масала ёки у билан боғлиқ бўлган имон ва амал, гуноҳ ва гуноҳкорнинг ҳолати, мўминлик ва кофирлик билан боғлиқ қарашларига берган раддияларида намоён бўлади. Жумладан, «Китобут тавҳид» асарида Имом Мотуридий «аслида соф диний эътиқоддаги таълимотни билиш осон иш эмас» эканини уқтиради. Аллома такфир масаласида муътазилийларнинг гуноҳ боис имоннинг завол топиши, шунинг учун осий мўмин кофир бўлиб, дўзахда абадий қолиши ҳақидаги қарашларини рад этади ва аҳли суннанинг ушбу масала юзасидан фикрларини баён қилади.

Асарда мазкур масалалар кенг ёритилган. Аллома мусулмонга кофир ҳукмини беришда ҳаддан ошган фирқаларнинг қарашларига раддиялар берган ва аҳли суннанинг ушбу масала юзасидан қарашларини Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан далиллаган. Жумладан, асарда қуйидагилар баён қилинган: «Гуноҳи кабира қилган киши тўғрисида муржиалар: “Мўминнинг имонига гуноҳи кабира зарар қилмайди”, десалар, хорижийлар: “гуноҳи кабира қилган мусулмон имондан чиқади, кофир бўлади”, дейдилар». Имом Мотуридий эса уларни рад этиб, Юсуф сурасининг: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур», (87-оят) оятини далил қилиб келтиради. Гуноҳи кабира борасида Имом Мотуридий аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиб айтадики: «Мўмин фосиқ бўлса, унга тавба вожиб бўлади. Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”, дейилган» (Зумар сураси, 53) оятни ҳужжат қилиб келтиради.

Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган киши қилган ишини ҳалол санамас экан, ҳаргиз кофир бўлмайди ва у банда дўзахда абадий қолмайди.

Юқорида санаб ўтилганлар оқимлар даъво қилаётган сохта ғоялар аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мутлақо зиддир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла аҳлидан бирор кишини, гарчи гуноҳи кабира қилса ҳам, кофирга чиқармасликка буюрганлар. Саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлининг ҳеч бирини кофирга чиқармаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.

Ҳанафий уламолар эса кишининг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлиб, ундай эмаслигига битта далил топилса, ўша битта далил олиниши лозимлигини айтадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир», деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, хорижийлар, муътазилийлар каби фирқалар томонидан такфир масаласи аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид тарзда талқин қилинган. Ҳозирги кунда Ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли оқимлар мусулмонларни қилган амали боис ко­фирга чиқариш орқали ўзларининг жиноятларини оқламоқдалар. Бироқ буларнинг бари динимиз таълимотига зиддир.

Рауфжон РАШИДОВ,

мустақил тадқиқотчи

 

“Ҳидоят” журналининг 12-сонидан олинди

Австралиядаги қурғоқчилик ва ёнғинлар сабабли бир гуруҳ мусулмонлар Аллоҳ таолодан ёмғир сўраб ибодат ва дуолар қилдилар, деб хабар беради Islom.ru сайти.

Ушбу мамлакатдаги паркларнинг бирида йиғилган жамоатга имом Муҳаммад Абдуллоҳ Яратганнинг раҳматини сўраш, гуноҳларга тавба қилиш ҳақида маъруза қилди. Шундан сўнг 50 нафарга яқин жамоат “истисқо” намозини ўқидилар.

Қизиқиғи шундаки, ушбу воқеадан сўнг тез орада Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ёмғир ёғишни бошлади.

Эслатиб ўтамиз, сув танқис бўлган ёки бошқа зарурий ҳолларда Аллоҳ таолодан сув-ёмғир сўраб ўқиладиган икки ракатли намозига “Истисқо” дейилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўп бор сувсизлик вақтида қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин эса имом бўлиб икки ракат намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Истисқо намозини адо этиш учун шаҳардан ташқарига, саҳро жойларга чиқиш ҳам Набий алайҳиссалом тутган йўлдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Муқаддас динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар Аллоҳ таоло ҳузурида энг шаънлари улуғ, қадрлари юксак зотлар ҳисобланади. Кўплаб ҳадис ва асарларда уларнинг қадамлари остига фаришталар қанот ёзишлари, еру осмондаги барча мавжудотлар ҳатто сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтишлари айтиб ўтилган.

Шундай экан уламоларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир. анбиёлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг“Мужодала” сурасида марҳамат қилиб “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”деган бўлса, “Зумар” сурасида: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” деган (9 оят). Яъни олимлар билан жоҳил-илмсизлар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам, жазо ва мукофотда ҳам тенг бўлмайдилар. Шундай экан илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилмаслик, уларга азият бермаслик лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло “Ким менга яқин бўлган бир бандамга нисбатан душманлик қилса унга қарши уруш эълон қилурман” деди” деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисни изоҳлаб имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеъий (р.а.) “агар уламолар Аллоҳга яқин бўлишмаса ким ҳам у зотга яқин бўларди?!” дейишган.

Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасида шундай марҳамат қилган: “Эй, мўминлар! Кўпгумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз...!

ушбу ояти каримага яхшироқ эътибор қилсак, Аллоҳ таоло бизларни турли асоссиз гумонлардан, инсонларни айбларини қидириб юришдан ва шу билан бир қаторда одамларни ортларидан ғийбат қилишдан қайтармоқда. Оятда ғийбат қилган кишини ўз биродарини ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар манфур амал экани таъкидланмоқда. Бир мусулмон киши бошқа бир мусулмонни ортидан ғийбат қилиши шу даражада разил бўлса олимларни ғийбат қилишни қандай баҳолаш мумкин?!

Машҳур муҳаддис олим Абул Қосим ибн Асокир илм аҳлларига одобсизлик қилган кишига насиҳат қилиб, шундай деган “билгинки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким бирор олимни ҳақорат қилса Аллоҳ таоло унинг ўлимидан аввал қалбини ўлими билан балога гирифтор қилади”.

Яъни илм аҳлларига нисбатан одобсизлик қилиб, улар йўқликларида ортиларидан гапирган киши гўё заҳарли гўшт егандек бўлади. Унинг бу қилган иши сабабли Аллоҳ таоло унинг ўзидан аввал қалб кўр қилиб қўяди.

Аллома ибн Нажжорнинг “тарих”ида Қози имом Абу Тоййибдан қилинган саҳиҳ ривоятда шундай воқеъни келтирилади “Биз Бағдоддаги жомеъ масжидда ўтирган эдик. Бир хуросонлик ёш йигит келиб, олимлардан бир масала ҳақида сўраб далилини талаб қилди. Шунда унга сўраган масаласини жавобини айтиб Абу Ҳурайа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ушбу масаланинг далили эканини айтилди. Йигит: “Абу Ҳурайра ҳадиси ҳужжат бўладиган одам эмас” деди. У гапини тугатиб бўлмасдан “жомеъ” шифтидан катта бир қора илон тушди. Бу ҳолатни кўрган одамлар қўрқиб кетиб, ҳар томонга қоча бошлашди. Илон айни ўша йигитни таъқиб қиларди. Шунда йигитга қарата “ҳозир айтган гапингдан тавба қил” дейилди. У шошганича “тавба қилдим” деган эди илон ҳеч қандай из қолдирмай ортига қайтиб кетди”. Ушбу ҳикояни келтирган машҳур муҳаддис олим ибн Салоҳ “ушбу ривоят ишончли санад билан собит бўлган бўлиб, ривоят қилганларни барчаси ишончли кишилардир” деган.

Юқоридаги келтирилган ва ундан бошқа кўплаб шаръий далиллардан хулоса қиладиган бўлсак инсонларни, айниқса, илм аҳлларини ҳақорат қилиш, ортларидан ғийбат қилиш, одамлар ўртасида обрўсизлантиришга уруниш шаръан ҳаром амалдир. Аксинча уларни қадрлаш, ҳурмат қилиш, насихатларига қулоқ тутиш эса марғуб ва матлубдир. Ҳар бир инсон қўлидан келганича уларга нисбатан самимий бўлишга, ўзаро меҳр-муҳаббат асосида муомалада бўлишга ҳаракт қилиши лозим. Зеро хазрати Али разияллоҳу анҳу айтганларидек “Уламоларни яхши кўриш ҳам диёнатдандир”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов

Янгиликлар

Top