www.muslimuz

www.muslimuz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

АЛЛОҲУ АКБАР!

АЛЛОҲУ АКБАР!

АЛЛОҲУ АКБАР!

“Ҳар бир такбир садақадир”.

*****

Эй Роббим!

Муслима опа-сингилларимизнинг кийимли-ялонғоч (عاريات كاسيات) эмас, балки, кийимли-иффатли бўлишларини насиб этгин!

*****

Эй Роббим! Бизга ҳам Каъбани тавоф этиб, Ҳаж қилиш бахтини насиб этгин, омин!

*****

Мақола, пост ва ҳоказо ўринларда С.А.В. деб эмас, СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ деб ёзайлик!

Уламолар “Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни ёзувда ифодалаш мумкин бўлса, бу саловот бўларди” дейишган.

Муҳаббатитмизни ифодалашда эринчоқлик қилмайлик.

*****

Барча қўрқув – қўрқувдир. Аммо АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ ХОТИРЖАМЛИКДИР!

*****

Ризқ мол бўлиши шарт эмас. Аллоҳ таоло сенинг машаққатларингни кўтаришиб юборадиган аёлни сенга ато қилиши ҳам ризқдир.

*****

Агар сенга бало келса, ноумид бўлма!

Албатта, бало:

  • золим учун адаб (эсини киритиб қўйиш);
  • мўмин учун имтиҳон;
  • Пайғамбарлар алайҳимуссалом учун даража;
  • валийлар учун кароматдир.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Таназзулнинг сабаби

- Алдов йўли билан диплом олган шифокорнинг қўлида касалларингиз ўлади.

- Алдов йўли билан диплом олган муҳандиснинг қўлида уйларингиз қулайди.

- Алдов йўли билан диплом олган ҳисобчининг қўлида молларингиз зиёнга учрайди.

- Алдов йўли билан диплом олган муаллимнинг қўлида фарзандларингизнинг мияларига жоҳиллик тарқалади.

Илмнинг таназзули – умматнинг таназзулидир.

«Араб ҳикмати»дан

*****

Ижтимоий зулмнинг энг ёмон тури – ота ўзининг ёмон ўғилларига солиҳа қиз излашидир.

Араб ҳикмати

*****

Агар бир шахс билан ўзаро муносабатларинг якунига етса, ўртадаги барча сирларни тўплаб, бир жойга «кўмгин-да», кейин ўша жойни эсингдан чиқар!

«Ховатир роқия журнали»

*****

Одамларнинг яхшиси:

- Берилса, шукр қилади;

- Балоланса, сабр қилади;

- Зулмга учраса, кечиради.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Эшигимга «Иккиюзламачилигингни, сохталигингни, лаганбардорлигингни, мунофиқлигингни ташқарида қолдириб, кейин кир!» деб ёзиб қўйгандим. Натижада, мени зиёрат қилгани ҳеч ким келмади.

Жуброн Халил Жуброн

*****

Аёл киши қуйидаги турдаги эркакларни ёқтирмас экан:

  1. Учраган аёлга қизиқиб кетадиган эркакни.
  2. Аёлнинг туйғуларини риоя қилмай, ҳар бир камчилигини танқид қиладиган эркакни.
  3. Ўзида кўп хатолари бўла туриб, аёлнинг комил бўлишини талаб қиладиган эркакни.
  4. Аёлнинг ёшини сўраган эркакни.
  5. «Сендан чиройли аёл бор» деган маънога ишора қилиб гапирувчи эркакни.
  6. Аёлнинг ўтмишини сўраган эркакни.

*****

  • Баъзилар, улар ҳақида қилган гумонингни пучга чиқаришади.
  • Баъзилар эса биз ўйлаганимиздан-да ажойиброқ бўлиб чиқадилар.

Маҳмуд Дарвеш

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Вівторок, 30 июль 2019 00:00

Аллоҳни доим зикр қилиш

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْراً كَثِيراً

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар” (Аҳзоб сураси, 41-оят).

         Ушбу оятда Аллоҳ таоло биз бандаларига Ўзини кўп зикр қилишимизни амр қилмоқда.

Хўш, зикр ўзи нима? “Зикр” – эслаш, ёдлаш, ёдга олиш деган маъноларни билдиради. Агар банда Роббисини эсласа, ёдга олса, “Аллоҳни зикр қилди” дейилади.

Зикр осон ибодат. Уни ҳамма жойда айтса бўлади. Фақат ҳожатхона билан ҳаммомда айтилмайди.

Шунинг учун Аллоҳни нафақат Масжидга кирганда, Намоз ўқиганда, Рамазон ойида, Закот бераётганда, Ҳажга борганда, балки, ҳожатхона, ҳаммомдан бошқа ҳамма жойда зикр қилайлик. Ҳаммом ва ҳожатхонага кираётганда ҳам ўқиладиган дуолари бор. Фақат ичкарига кирганда ўқилмайди.

Аллоҳни зикр қилиш деганда, Намоз ўқиш, Рўза тутиш, Закот бериш, Ҳажга бориш, Қуръони Каримни тиловат қилиш, Қуръони Карим ва Суннати Мутоҳҳарада келган зикрларни айтиш, Масжидларнинг моддий-маънавий обод бўлишига ҳисса қўшиш, садақа бериш ҳамда бошқа амалларда (овқатланаётганда, бозорда юрганда, кўчада юрганда ва ҳоказо ўринларда) Аллоҳ мени кўриб, билиб, ҳисоб-китоб қилиб турибди, деган эътиқодда бўлиш, шунга биноан, гуноҳга қўл урмай, Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилиб боришни тушунсак тўғри бўлади, деб ўйлайман. Валлоҳу аълам.

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Вівторок, 30 июль 2019 00:00

«11 та юлдуз»

Шайх Абдулбосит Абдуссамад 19 ёшларида амакиларининг 17 ёшли қизига уйландилар. Мазкура аёл эрини қаттиқ рашк қиларди. Чунки, улуғ қорига турмушга чиқиш истагидаги аёл-қизлар жуда кўп эди.

Шайх Абдулбосит аёллари билан бахтли ҳаёт кечириб, ундан 11 нафар фарзанд кўрдилар. У киши фарзандларини «11 та юлдуз» деб аташни яхши кўрардилар. Фарзандларининг 4 таси қиз, 7 таси ўғил эди. Барчалари Қуръонни тажвиди билан тўлиқ ёд олишган.

Фарзандларидан фақат иккитаси — Ториқ билан Ёсир Қуръон қироати орқали танилдилар. Аслида Ториқ ички ишлар вазирлигида офицер бўлиб хизмат қилса-да, Қуръонни тиловат қилиш учун турли маросимларга ташриф буюриб туради. Ёсир эса отаси каби ҳаётини Қуръон тиловатига бағишлаган. Қолганлари турли соҳаларда меҳнат қилмоқдалар.

 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Инсонга берилган иймон, азиз умр, гўзал қомат ва ҳалол ризқ ҳазрати инсонга берилган энг улуғ неъматлардир. Комилликка етаклайдиган мазкур улуғ фазилатлар ҳар бир инсоннинг сийратида уни безаб турадиган зийнатдир. Дунёда инсон ҳаётини иффат, ҳаё, ахлоқ-одоб кўркам қилиб турадиган бўлса, ундан ифор ва мушки анбар ҳиди таралиб, атрофдагилар  шодланиб, унга ҳавас ва ибрат кўзи билан боқадилар. Аллоҳ таоло бизларнинг жисмларимизни ажиб ва покиза қилиб яратди. Бу гўзал жисмни асраб авайлаш, ҳалол луқма билан озуқаланиб, шукрона қилиб яшашни инсоннинг зиммасига юклади. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизларни ахлоқ-одобга йўллайдиган табаррук ҳадисларини эслайдиган бўлсак, у зот шундай марҳамат қиладилар:

“Агар сенда тўрт хислат бўлса, сенга етмаган дунёга хафа бўлма: омонатни сақлаш, тўғри сўзлик, чиройли хулқ ва касб қилиш йўлида иффатли бўлиш”.

Набий  соллаллоҳу  алайҳи  васаллам  мўминларнинг  барчасини  гўзал хулқлар ва чиройли хислатларни жамлаган бу тўрт хислат билан сифатланишга қизиқтиряптилар.  Чунки,  бирор  киши  ўша  хислат  билан  зийнатланса, ўзига етмаган дунё яхшиликларидан хафа бўлмаслиги лозим бўлади.  Бу хислатлар:

  1. Омонатдорлик – омонатга  қолдирилган  нарсани  талофат  етишидан  ва уни  зойил  бўлишдан  сақлаш  ва  уни  сотиш,  қарзга  бериш  ёки  шунга  ўхшаш ишлар  билан  сарф  қилмаслик.  Эгасининг  изни  билан  бўлса  бундан  мустасно. Сенга  ишонган  инсонлар  сирини  сақлаш,  муомалада  ёлғончи  бўлмаслик  ҳам омонатдандир.
  2. Ростгўйлик – ҳақиқатни  тўғрилигича  гапириш.  Агар  кўз  олдингда бирор-бир  ҳодиса  рўй  берса,  уни  таърифлашда  унга  зиёда  қилиш  билан муболаға  қилма.  Қачонки  гувоҳликка  чақирилсанг,  гувоҳлик  берилувчи яқининг  ёки  дўстинг  бўлса  ҳам  ёки  зарарига  гувоҳлик  берилувчи  киши душманинг  бўлса  ҳам,  унга  зиёда  ва  ноқис  қилмасдан  ҳақ  ила  адо  қилишинг лозим.
  3. Гўзал хулқ –  инсонлар  билан,  одоб,  очиқ  чеҳралик,  мулойимлик,  лутф, тавозеълик  билан  муомала  қилишинг,  кибр,  қўполлик,  сурбетликни  тарк қилишинг  ва  инсонлар  сени  яхши  кўришлари  ва  ҳурмат  қилишлари  учун сўкувчи, чақимчи ва ахлоқсиз бўлмаслигингдир.
  4. Касб қилишда иффат – молни касб қилишда таъмадан нафсингни узоқ қилишинг,  молни  ўғрилик  ёки  зўравонлик  билан  талаб  қилмаслигинг,нафсингни  пора  ёки  хиёнат  билан  кирлатмаслигингдир.  Албатта  Аллоҳ  таоло ҳаром  молда сенга барака бермайди, шунингдек, инсонлар сени яхши кўрмайди ва ўз молларида сенга ишонмайдилар.

Мазкур сифатлардан тўртинчиси – касб қилишда иффатли бўлиш. Яъни, молни касб қилишда таъмадан нафсингни узоқ қилишинг, молни  ўғрилик  ёки  зўравонлик  билан  талаб қилмаслигинг, нафсингни  пора  ёки  хиёнат  билан  кирлатмаслигингдир. Албатта Аллоҳ таоло ҳаром молда сенга барака бермайди, шунингдек, инсонлар сени яхши кўрмайди ва ўз молларида сенга ишонмайдилар. Ўғрилик қилган эркак ёки аёл бадбахт ва бахтсиз бўлади. Қалби ва юзидаги иймон нурини ўчиради. Ўғрилик барча давр ва жамиятда оғир жиноятлардан бири ҳисобланган. Ўғриликнинг энг қабиҳи халқ, кўпчиликнинг мулкини ўғирлашдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” - деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қилишимиз лозим. Минг афсуслар бўлсинки, бугун инсонлар орасида кўпчиликнинг ҳаққини ўғирлаб олиш ёки ўзганинг ҳаққини бермай, ўзлаштириб олиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолатлар ўзгалар ҳаққига хиёнатдур. Билиб-билмай ўғирлик қилган киши аввало, Аллоҳ таолога тавба қилиши, сўнг ўғирлаган нарсасини эгасига қайтариб бериши шарт. Ошкор ёки пинҳона йўл билан бўлсин, фарқи йўқ, молни эгасига қайтариб бериши лозим бўлади. Мабодо молнинг эгасини ёки унинг меросхўрларини топа олмаса, бундай ҳолда савобини молнинг эгасига ният қилиб, унинг номидан тўлалигича садақа қилади.

Бир диёрда бир оқил инсон бозорда юрганда, газлама сотувчининг олдида тўхтаб, кийим сотиб олмоқчи бўлди. Тужжор тинмай нарсасини мақтаб, қасам ичарди. Ундан олмади. Бундайлардан сотиб олмаган маъқул, деб ўйлади. Бошқасидан олди. Орадан икки йил ўтиб, оқил одам бозорга чиққанида, яна ўша савдогарнинг олдига тўхтади. Лекин бу сафар у нарсаларини мақтамасди ва қасам ҳам ичмасди. Ундан:

- Бир неча йил илгари сизнинг олдингизга келганмидим? - деб сўради.

–Ҳа, - деди.

– Сизни бунчалик ўзгартирган нарса нима? Мақтамаяпсиз? Қасам ичмаяпсиз? - деди.

– Менинг аёлим бор эди. Кам олиб келсам ҳам, кўп олиб келсам ҳам, оз ҳисобларди. Аллоҳнинг менга раҳми келди. У ўлди. Кейин бошқа аёлга уйландим. Бозорга кетмоқчи бўлганимда, кийимимнинг ёқасидан ушлаб: “Эй фалончининг ўғли, Аллоҳдан қўрқинг. Бизга фақат ҳалол луқма келтиринг. Ҳеч нима олиб келмасангиз, ип йигириб сизга ёрдам берамиз, - деди.

Бу улкан ҳикматга бой бўлган воқеа бугунги кунимизда эрига ношукр бўлиб, товламачилик йўлига ўтган аёл учун, хотинининг инжиқлигини тузатолмай, бесабрлик билан бировларнинг ҳаққига кўз олайтираётган  эркаклар учун ибратдир.

Битта шамчироқни ҳалол йўл билан ёққан, сўроқсиз битта олмани еб қўйиб, етти йил хизмат қилиб Абу Ҳанифаларни дунёга келтирган зотларни ер юзидаги инсониятга ибрат ўлароқ тарих зарварақларига муҳрланган.

Ўғрилик катталардан, ёшларимиздан, иффат соҳибалари бўлган аёлларимиздан содир бўлаётганлиги бу азиз инсоннинг соф фитратига хиёнатдир.

Аллоҳ таоло ўғилик, бировларнинг молини ноҳақ ўзлаштиришдек разил ва қабоҳатли оғир гуноҳдан халқимизни асраб, улуғликка кўтарадиган иффат, ҳалоллик каби солиҳ амалларида барчаларимизни бардавом айласин.

 

Ж.Панжиев,

Бухоро  тумани бош имом хатиби                                                           

Ёлғиз келдик - ёлғиз кетамиз, аммо ёлғиз яшай олмаймиз. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан, айниқса қариндош-уруғлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, биргаликда яшашга муҳтож. Ҳаёт бирдай давом этавермайди, инсонлар бир-бирига яхши-ёмон кунларда шерик ва суянч бўлади.

Муқаддас динимизда қариндошларни зиёрат қилиб туриш, уларга меҳр шафқат кўрсатиш, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо қилиш фарз ҳисобланади. Ҳатто ҳадиси шарифларда: “Қариндошлик алоқасини узиб қўйган одам жаннатга кирмайди”, деб таъкидланган.

Баъзида рўзғор ташвишлари сабабли яқин қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш узоқ муддатга кечикиб кетади. Гўё дунёнинг ишлари қолиб кетадигандек туюлади. “Қариндошларни ҳадеб кўришга борверсам ёки уларга доим хайр-у саховат қилаверсам, камбағал бўлиб қоламан, ишларим юрмай қолади-ку” – деган ўй-фикр ҳам келиб қолиши мумкин. Йўқ, аслида ҳолат бутунлай бошқача, бу ҳаётда бизнинг ўлчовимиздан бошқача ўлчовлар ҳам бор.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида шундай илоҳий ўлчовлардан бирининг хабарини берганлар: “Кимни ризқи кенг-фаровон бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд қилса, қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”. Демак, бу иш кишининг умрига, вақтларига, ризқига, касб-корларига барака бўлар экан.

Қариндошлик ришталари “бор товоғим – кел товоғим” қабилида қилинадиган ишлар эмас. “Фалончи шифохонада экан, кўриб келайлик” дейилса, “У мен касал бўлганимда келиб кўрдими, йўқ, биз ҳам бормаймиз” – дейилмайди. Чинакамига қариндошлик қилиш бу ришта узиб қўйилган қариндошлар билан уни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш билан бўлади ва уни савоби ҳам улкан ҳисобланади.

Гоҳида яқин қариндошлар, ҳатто туғишган ака-укаларнинг аразлашиб, юзкўрмас бўлиб юришларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Бу ҳолатлар икки тарафга ҳам ярашмайди, ёшларга ҳам ибрат бўлмайди. Қолаверса атрофдагиларнинг бунга эътиборсиз қараб туришари тўғри эмас.

Айбсиз дўст қидирган дўстсиз қолади. Битта душманинг бўлса кўп, мингта дўстинг бўлса ҳам оз. У билан ўтган яхши кунларни эсласин. Эндичи... Араздан ким барака топди... Қайсарлик билан нимага эришди-ю, нималардан маҳрум бўлди. Аразларни тўхтатиш, хатоларни кечириш, гина-кудуратларни ташлаш керак.

Қайсарлик яхшиликка олиб бормайди. Ўзи ҳақ бўлиб турса, 3 кундан ортиқ аразлашиш, алоқани узиш ҳалол эмас. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим.

Ҳадиси шарифда бу ҳақда огоҳлантирилган: Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлашиши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга кирмайди.

Ака-ука, опа-сингил, амаки-тоға, амма-хола, уларнинг фарзандлари, қуда-андалар ва бошқа барча қариндошлар билан алоқани мустаҳкамлаш, ҳолидан хабар олиб туриш, касал бўлса – бориб кўриш, мушкули бўлса – ёрдам бериш, яхши кунларда хурсандчилигига шерик бўлиш, қийинчилик ва синовли кунларда суянчиқ ва далда бўлишга ҳаракат қилинг!

Донолар айтади: Икки нарса доимий бўлмайди: ёшлик ва қувват. Икки нарса бало-офатни қайтаради: садақа ва қариндошлик ришталарини боғлаш.

 

Гулистон тумани бош имоми, “Исломобод” масжиди имом-хатиби ДИЛМУРОД СУЛАЙМОНОВ

Янгиликлар

Top