www.muslimuz

www.muslimuz

Четвер, 18 июль 2019 00:00

СУВ ИЧИШДАГИ 5 СУННАТ

  1. Бисмиллоҳни айтиш.

 

  1. Ўнг қўлда ичиш.

 

  1. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, учга бўлиб ичиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Ўтириб ичиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".

 

  1. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.

“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

“Зуйуфул малик” – “Қирол меҳмонлари” ҳар йилги ҳаж ва умра мавсуми мобайнида Саудия Арабистони қироли томонидан дунёнинг турли давлатларидан таклиф этиладиган зиёратчилар ҳисобланади.

Мана, бир неча йилдир-ки, диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган, элу юрт олдида обрў эътиборга эга бўлган юртдошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратини “Зуйуфул малик” – “Қирол меҳмонлари” сифатида адо этиб келишмоқда. Бу йилги Ҳаж-2019 мавсумида ҳам “Қирол меҳмонлари” сифатида Ҳаж ибодатини адо қилиш учун диний-маърифий соҳада узоқ йил хизмат қилган 10 нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетиш тараддудини кўришмоқда.

Кеча, 16 июль куни Дин ишлари бўйича қўмитада улар билан учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда зиёратчиларимиз учун муборак сафар давомида эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳатлар, керакли тавсия ва маслаҳатлар берилган. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати хабар берди.

“Қирол меҳмонлари” ҳаж ибодатини адо этиш билан бирга, Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги муборак масканларга зиёратга боришади ҳамда эътиборли шахслар билан учрашадилар. Учрашув сўнгида муборак сафарга отланган зиёратчиларимиз муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ, диний соҳада узоқ йил хизмат қилган ходимларга кўрсатилаётган юксак эътибордан мамнун эканликларини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, “Қирол меҳмонлари”нинг Ҳаж сафари жорий йилнинг 3 август кунидан 16 август кунига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 17 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари учун семинар тренинг тарзида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад – юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний соҳа ходимларининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга ошираётган ишларини янада такомиллаштириш, бу борада уларнинг илм ва малакаларини янада оширишдан иборат. Айнан шу сабабли ҳам семинар тренинг динимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшган, ўзидан кенг илмий мерос қолдирган юртдошимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мажмуасида ўтказилди.

Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди ва мамлакатимиз тараққиёти, динимиз ривожи, миллатимиз келажаги учун, буюк аждодларимиз руҳи ёд этилиб хайрли дуолар қилинди. Семинар-тренингни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов очиб берди.

Тадбирда ўз маърузалари билан иштирок этган нотиқлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий мероси; Шайх томонидан тасниф этилган «Ал-адаб ал-муфрад», «Ижтимоий одоблар», «Бахтиёр оила», «Ислом тарихи», «Олтин силсила», «Мазҳаблар бирлик рамзи» ва «Мазҳабсизлик бидъатдир» китоблари ва уларнинг аҳамияти; ҳадис илмлари; диний соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун моҳияти; миссионерлик, прозелитизм ва ёт ғоялар таъсирига берилишнинг салбий оқибатлари ва уларга қарши курашиш кўникмаларини юксалтириш мавзуларида маърузалар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муборак Ҳаж сафаридан олдин ватандошларимизнинг юртимизнинг муқаддас қадамжоларига ва зиёратгоҳларига ташриф буюриши анъанага айланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда яхши анъанани давом эттириш мақсадида Ҳаж-2019 Тошкент вилояти бу йилги тараддудда бўлиб турган ҳожилардан 3 та гуруҳи зиёратчиларининг қадимий ва гўзал Самарқанд вилоятига саёҳатини ташкил қилдилар.

100 нафарга яқин юртдошларимиз Имом ал- Бухорий, Гўри Амир, Ҳазрати Ҳизр ва Шоҳи Зинда мажмуаларига ташриф буюриб, зиёрат қилдилар. Зиёратчиларга мажмуа ва маданий ёдгорликларимизнинг тарихи, буюк бобокалонларимиз қолдирган бой илмий мерос ҳақида маълумотлар берилиши билан биргаликда, зиёрат одобларига доир билимлар ҳам тақдим этилди.

Асори атиқалар, тарихий обидалар, буюк аждодларимиз ётган ва гўзал мажмуага айлантирилган масканлар зиёратчиларда жуда катта таассуротлар қолдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг 2019-2020 ўқув йили бўйича қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан тест синови шаклида 2019 йилнинг 13 июль куни ўтказилган эди.

Тест синовларида абитуриентларга қулай шарт-шароитлар яратиш, қабул имтиҳонларини янада шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида, имтихонлар катта сиғимга эга бўлган павильонларда бўлиб ўтди.

2019-2020 ўқув йили бўйича тест синовлари натижалари, 2019 йил 18 июль куни соат 09:00 да барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларида эълон қилинади.

Талабалик бахтига мушарраф бўлганларга Аллоҳ таоло муборак айлашини тилаймиз, бундай бахтга етиша олмаганларга келгуси йилларда ўз имконларини синаб кўришларини маълум қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top