www.muslimuz

www.muslimuz

Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва озроқ мизғиб, терладилар. Умму Сулайм Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг терларини бир идишга йиға бошлади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уйғониб: “Эй Умму Сулайм, нима қиляпсан?”, деб сўрадилар. Умму Сулайм (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ, сизнинг терингиздан хушбўйлик ўрнида фойдаланамиз. Зеро, у хушбўйлар ичра энг хушбўйидир”, деб жавоб берди» (Имом Муслим).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да шундай хислат бор эди. Агар бир кўчадан ўтсалар, ҳидларининг хушбўйлигидан, у зот (алайҳиссалом)дан сўнг ўтган одам у ердан у зот (алайҳиссалом) ўтганларини билиб оларди».

* * *
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан сафарда эдик. Суви оз қудуқ ёнида тўхтадик. Идишни ҳовучлаб тўлдириш учун қудуқ тубига олти киши тушдик. Бизга челак туширилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қудуқ бошида қолдилар. Биз челакнинг ярмини ёки учдан икки қисмини сув билан тўлдирдик. Идиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га узатилди. Ўзим эса томоғимни ҳўллаб олиш учун идишимга қараган эдим, сув йўқ экан. У зот (алайҳиссалом) идишга қўлларини ботирдилар ва Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтиб, идишни бизга қайтардилар. Мен қудуқ ичидаги охирги киши чўкиб кетишдан қўрқиб, кийимини ечиб тортиб олишлари учун юқорига узатаётганини кўрдим”. Кейин қудуқдан сув дарё бўлиб оқди (Имом Ибн Касир ва Имом Аҳмад).
* * *
Абу Зайд Амр ибн Ахтоб Ансорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Яқинроқ кел”, дедилар. Борганимда соч ва соқолимни қўллари билан силадилар ва: “Ё Аллоҳ, уни гўзал эт ва гўзаллигини доимий қил”, дедилар».
Амр ибн Ахтоб (розияллоҳу анҳу) юз ёшдан ошганида ҳам соқолига оқ тушмади. Фақат озгина оқи бор эди, холос. Шунингдек, у очиқ юзли киши бўлиб, то вафот этгунига қадар юзига ажин тушмади (Имом Аҳмад).
* * *
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорларнинг суғоришда ишлатадиган туялари бўларди. Ўша туя бўйсунмай, ҳеч кимни миндирмай қўйди. Ансорлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Бизларни суғоришда ишлатадиган туямиз бор эди. У бизга бўйсунмай, юк орттирмай қўйди. Хурмо ва экинларимиз чанқаб қолди”, дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга қараб: “Туринглар, мен билан юринг­лар”, дедилар. Барчалари боққа киришганда, унинг бир четида ўша туя ўтлаб юрарди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у томонга юрдилар. Шунда ансорлар: “Ё Расулуллоҳ, эҳтиёт бўлинг. У итдек қутурган, яна ташланиб қолмасин”, де­йишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундан менга ҳеч бир зиён етмайди”, дедилар.
Туя Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўриб, ул зот томон юра бошлади. Олдиларига келгач, сажда қилган ҳолида йиқилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) унинг пешонасидан ушладилар. Туя, илгари ҳеч кўрилмаган ҳолатда итоаткор бўлиб қолди.
Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бу ақлсиз ҳайвон сизга сажда қилди, ваҳоланки, биз ундан кўра сизга сажда қилишга ҳақлироқмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсоннинг инсонга сажда қилиши мумкин эмас. Агар инсон инсонга сажда қилиши мумкин бўлганида, ҳақ-ҳуқуқи катта бўлгани учун, аёлни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим”, дедилар» (Имом Аҳмад).
* * *
Ҳанзала ибн Худаймнинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, мен кексайиб қолдим. Мана бу ўғлим Ҳанзала. Унинг ҳаққига дуо қилсангиз”, деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй бола”, дея қўлидан ушладилар ва бошини силаб: “Сенга Аллоҳнинг баракоти бўлсин!” дедилар.
Шундан сўнг Ҳанзаланинг олдига елини шишиб кетган қўй ва туяларни, ўсимтаси бор кишиларни олиб келишарди. У қўлига туфлаб, бошининг ўша жойига ишқаларди ва: “Бисмиллаҳ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари изидан”, деб касалларни силар ва улар тузалиб кетишарди (Имом Аҳмад, Имом Бухорий).


Маҳмудахон МУХТОРОВА

“Hidoyat” журналидан

Вівторок, 04 сентябрь 2018 00:00

Тинчлик ва раҳмат дини

Ислом тинчлик ва раҳмат динидир. Бу ҳақиқатни фақат унинг адолати, бағрикенглиги, ҳукмлари ва далилларидан хабарсизларгина инкор этади.

Илоҳий дастур – Қуръони карим тонгга қадар тинч­лик ҳукм сурган кечада нозил бўлди. У тинчликка чақиради, қизиқтиради ва тарғиб этади. Уруш, ўзаро низо ва фирқа­ланишни қоралайди. «Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У Эшитувчи ва Билувчидир» (Анфол, 68).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким уйида хотиржам тонг орттирса, тани соғ ҳамда ҳузурида бир кунлик овқати бўлса, гўё унга дунё (бойлиги) берилибди” (Имом Термизий), дея бу дунёда тинчлик ва тансиҳатлик улуғ неъмат эканини таъкидлаганлар. У зот (алайҳиссалом) одамларни тинчликка йўллаб, далолат этардилар. Худайбияда мушриклар бир неча шартлар эвазига сулҳ таклиф қилганида тинчлик ва муроса учун рози бўлдилар. Расули Акрам (алайҳиссалом) бундай дердилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманг, нархни ошириш учун ёлғондан савдо қилманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингиздан юз ўгирманг. Бирингиз бошқанинг савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳ таолонинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг оға-инисидир. Унга зулм қилмайди, уни ҳақоратламайди ва унга ҳурматсизлик билан муомалада бўлмайди. Тақво бу ердадир (уч маротаба кўкракларига ишора қилдилар). Ҳар бир мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг қони, моли ва шаъни ҳаромдир” (Имом Муслим).

Ислом аҳлининг шиори тинчлик. Ҳатто ўзаро саломлашувлари ҳам бир-бирларига тинчлик тилашни ифодалайди. Улар бу билан гўё дунё аҳлини ҳар жиҳатдан тинчлик билан ўраб оладилар.

Ислом каби тинчликни амалий тадбир, шариатнинг шиори, рукнларидан бир рукн дея эътибор қилган бошқа дин, эътиқод дунёда йўқ. Биргина ҳажни мисол қилсак. Эҳромга кирган ҳар бир мусулмонга ўша лаҳзаларда тирноқ олиш, соч кесиш, ўсимлик юлиш, дарахт кесиш, ҳайвон ўлдириш, ов қилиш, бирон-бир кишига тил ва қўл билан озор бериш тақиқланади. Мусулмоннинг эҳром боғлаши нафақат ўзига, балки ўзга инсон, ҳайвон ва ўсимликлар учун ҳам омонликни англатади.

Ислом Парвардигорга бўйсунган, пайғамбарига итоат этган, дастурига оғишмай амал қилган ҳар бир мусулмонни жаннат – тинчлик ва омонлик диёрига мушарраф этади. Жаннатнинг хушбўй ҳиди энг олис масофадан ҳам келиб туради. У ерда ташвиш, ҳасад, касаллик, хавотир, хавф, уруш каби нарсалар бўлмайди. Жаннат аҳли бир-бирига ўзаро тинчлик тилаб саломлашади: «Парвардигорларининг изни билан у жойда мангу қолурлар. Уларнинг (жаннатдаги) кўришишлари (ўзаро) саломлашишдан иборатдир» (Иброҳим, 23).

Ислом башарият учун тинчлик динидир. Айнан тинч­ликдан омонлик, хотиржамлик ёйилади. Хавф-хатар ортга чекинади. Фақат тинчлик – ўзаро бирдамликка, бирдамлик эса яхшиликка етаклайди.

Муниба ҲАЙДАРОВА

“Hidoyat” журналидан

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн ас-Сиси расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади. 
 
Бўлажак олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда минтақавий ва ҳудудий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
 
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, Ўзбекистон ва Миср ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, туризм, фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
 
OʻzA
Понеділок, 03 сентябрь 2018 00:00

Расулуллоҳнинг файзли уйлари

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари ила, саҳобалар билан бирга туя чўккан жойда масжидларини бино этиб, муборак уйларини қура бошладилар. Оналаримиз ер юзидаги энг улуғ зот билан бирга оила қуриб яшаётганларини жуда яхши билишарди. Уларнинг уйларида инсониятга қиёматгача икки дунё саодатини кўрсатиб берувчи илоҳий дастур-Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиб турар эди. Улар яшаб турган уй оддий уй эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турадиган файзли уй эди. Аллоҳ таало айтади:

 قال اللّه تعالى: وَاذْكُرْنَ مَا يُتْلَى فِي بُيُوتِكُنَّ مِنْ آَيَاتِ اللَّهِ وَالْحِكْمَةِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ لَطِيفًا خَبِيرًا  

 “Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматини эсланг” Аҳзоб сураси 34-оят. Оналаримиз учун қурилган биринчи уй Оиша розияллоҳу анҳонинг уйлари эди. У кичик бўлишига қарамай Аллоҳ таалонинг қиёматгача мўъжизаси бўлиб қоладиган самовий китоби - Қуръони Каримнинг кўп оятлари тушадиган муқаддас маконга айланди. Шу кичик уйда Пайғамбар соллоллоҳу васалламнинг сон-саноқсиз ҳадиси шарифлари ворид бўлди. Шу кичик уй кўплаб саҳобаларни Ислом таълимотидан баҳраманд этди. Бу уй масжиднинг шарқий томонида бўлиб, эшиги “Равза” томонига қараб очилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф турганларида Оиша розияллоҳу анҳо турган уйга бошларини узатиб ювдирар эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлганларида ҳам шу уйни танладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ва бағримда оламдан ўтганлар”, деб айтар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтганларида саҳобалар ҳайратга тушиб қолдиар. Умар розияллоҳу анҳу эшик олдида туриб, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оламдан ўтди деса, уни жазолайман деб турганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйга кириб, ўз кийимларида ётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, юзларини очиб, пешоналаридан ўпиб, ота-онам сизга фидо бўлсин эй Аллоҳнинг расули ўлим сизга ҳам ёзилган экан деб чиқдилар ва эшик олдида туриб “ким Муҳаммадга ибодат қилиб келган бўлса, Муҳаммад оламдан ўтдилар. Ким Аллоҳга ибодат қилиб келаётган бўлса, Аллоҳ тирик ўлмайди”, дедилар. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар. 

 قال اللّه تعالى: وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِنْ مَاتَ أَوْ قُتِلَ انْقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَنْ يَنْقَلِبْ عَلَى عَقِبَيْهِ فَلَنْ يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ.

“ Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизни (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етқаза олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлайди”. Оли Имрон 144-оят.

Умар розияллоҳу анҳу оятни эшитгач, буни эшитмаган эканман дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн этиш масаласи бўлди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар бир пайғамбар ўз уйида дафн этилиши ҳадисни эшитганларини айтдилар ва уйларида дафн этишга келишдилар. Оиша розияллоҳу анҳо ўша уйда яшай бошладилар ва орада бирор тўсиқ йўқ эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу оламдан ўтганларида истакларига мувофиқ бошлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкалари баробарига қўйилди. Ораларида бирор тўсиқ қўйилмай Оиша розияллоҳу анҳо “Бу киши менинг эрим ва булари менинг отам” дер эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўлим ёқасида ётганларида икки соҳиблари олдида дафн этилишларини ўғиллари Абдуллоҳ орқали изн сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳонинг изнлари билан Умар розияллоҳу анҳу оламдан ўтганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг елкалари баробарида дафн этилдилар. Шундан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо қабр орасига тўсиқ қўйдилар. Уламоларни айтишларича ўша муборак уйда яна бир бўш жой бўлиб, унда Исо алайҳис салом дафн этилар эканлар. Имом Термизий сунанларида Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан: “Тавротда Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам билан дафн этилишлари ёзилган”, деб айтадилар.

У нақадар файзли ва шарафли уй эканки, ўз бағрида улуғ зот бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларни олган экан. Муъмин-мусулмонлар Мадинаи Мунавварадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу васалламнинг муборак масжидларини зиёрат этар эканлар, улар учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериш бахт ва саодатдир. Ҳадиси шарифда у зот: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан”, деганлар.

 

 Жобир Элов  тайёрлади

Неділя, 02 сентябрь 2018 00:00

Мустақилликни мустаҳкамлаб

Тарихан қисқа давр ичида, мустақиллик йилларида ўз кучимиз ва салоҳиятимизга таянган ҳолда муқаддас қадриятларимизни, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, бугунги кунда ҳар соҳада ҳар томонлама мустақил тараққиёт йўлидан ривожланиб бораётган эркин, демократик давлатга айландик. Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган энг улуғ ва олий неъматдир. Муқаддас динимиз ҳам тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғоясига айлантирган, десак, хато қилмаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида баён қилади: “Эй иймон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ичига кирингиз”. Ислом динининг иккинчи манбаси бўлмиш Пайғамбар (с.а.в.)нинг муборак ҳадиси шарифларида: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар”,- дейилган. 

Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таолонинг бу неъматидан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Барчага аёнки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошираётган тубан кимсаларга қарши доимо сергак ва ҳушёр бўлиш зарур. Зеро, Қуръони каримнинг “Моида” сурасида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, деб марҳамат қилинган.

Мустақиллик шарофати билан халқимизнинг маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузум давомида қатағон қилинган юзлаб юртдошларимиз, ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди. Энг улуғ ва энг азиз – Мустақиллик байрами яхшиликнинг умри абадий эканлиги ҳақида ўйлашга ундайди. 

Ўзбекистон Республикасиининг марҳум Биринчи Президенти И.А. Каримов: “Биз учун бебаҳо бойлик – тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги меҳр-оқибат, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни таъминлаш,уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар доим диққат-эътиборимиз марказида туриши лозимлигини асло унутмаслигимиз керак”, деган эдилар. Дарҳақиқат, қайси бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша ерда тараққиёт бўлади. Биз эришаётган ютуқлар замирида ҳам ана шундай тинчлик ва осойишталик ётади. Мустақилликнинг ўтган йилларига назар ташласак, пойтахтимиз, барча вилоят ҳамда шаҳарларда, қишлоқларимиз, ҳатто юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам катта ўзгаришлар рўй бераётганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли халқимизнинг ҳар куни тўю-томошалар, байраму шодиёналар билан ўтмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш ва уларнинг қадрига етиш керак.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, фуқароларнинг тинчлиги ҳамда осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланди. Шу маънода халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни орзу-интилишлари ва эзгу ниятлари рўёбининг муҳим кафолати деб билади. 

Дарҳақиқат, динимиз ҳам тинчликни, мустақилликни бебаҳо неъмат деб улуғлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларида кўп бора тинчликка даъват этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, ёппасига тинчлик ичига киришингиз”. Тафсир китобларида келтирилишича, ушбу оят бир томондан барча инсонлар аҳилликда тинчлик йўлини тутишлари кераклигини англатса, иккинчи томондан эса уни барқарор қилиш учун барча ҳисса қўшиши зарурлигини билдиради. Мустақил, тинч, осойишта, ҳар куни хурсандчилигу тўй-томоша бўлган юртда яшаш эса катта бахтдир. Аллоҳ таоло юртимизнинг мустақиллиги ва тинчлигини бардавом айласин. 

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавият ва

 маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Рохат Мамадшоева

Янгиликлар

Top