www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимовга!

Ҳурматли муфтий Усмонхон ҳазрат!

Россия марказий мусулмонлар идораси Россия Ислом университети, унинг ректорати, ўқитувчилар таркиби ва шогирдлари номидан Сизни, Сизнинг яқинларингизни, шунингдек Сизнинг бошқарувингиз остидаги Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг таркибига кирувчи барча диний ташкилотлар ходимлари, раҳбарлари ва иштирокчиларини муқаддас байрам Ийдул-Азҳо – ҳижрий 1439 йилнинг Қурбон байрами билан чин дилдан табриклайман.  

Ушбу қутлуғ кунларда Сизга ва Сизнинг яқинларингизга ҳамда Сизнинг ёнингизда турган барчага Дин ва Ватан учун эзгу хизматда сиҳат-саломатлик, бахт, Аллоҳ таолонинг қўллаши ва ёрдами ҳамроҳ бўлсин. Самимий табрикларимиз ва тилакларимизни қабул қилгайсиз.  

 

Ҳурмат ва эзгу дуолар ила,

Ректор Артур Сулейманов

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

 

Жаноб Усмонхон Алимов,

Бизларни йўқдан бор қилган, Ислом дини билан азиз этган, раҳм-шафқат туйғуларимизни жунбушга келтирган, “қурбон” лафзи ўзида акс эттирган маъно ва ҳикмат ила бизни Ўзига яқинлаштирган, ўзимиз ва атрофимиздагиларга нисбатан масъулиятимизни яна бир бор ёдимизга солган Буюк Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Унинг суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар бўлсин!

Бутун дунё мусулмонлари Исломдаги энг улуғ байрамлардан бўлмиш – Қурбон ҳайитининг келишига интизор бўлиб, ҳаяжон ичра турибмиз.

Шу муносабат билан аввало Сиз жаноби олийларини, Сиз орқали эса юртингизда истиқомат қилаётган барча мусулмон қардошларимни – динимиз бизга бахшида этган бу қардошлик билан фахрланамиз – 2018 йил 21 август сешанба куни кириб келадиган Қурбон ҳайити билан муборакбод этаман.

Ислом олами билан биргаликда бутун башариятга муҳаббат, тинчлик, осойишталик ва бахт, юртларимизга қувонч келтиришини Аллоҳ таолодан сўрайман.

Иймони, ибодати, тарихи ва маданияти бир бўлган Сиз билан биз ўз халқларимиз билан бирга қувончли кун остонасида турган эканмиз, Сизга ва халқингизга ўзимнинг салом ва эҳтиромларимни изҳор этаман.

 

Камоли эҳтиром ила,

Профессор, доктор Али Эрбош,

Туркия Республикаси Дин ишлари

вазири                    

Понеділок, 20 августь 2018 00:00

Арафот дуолари

Зулҳижжа ойининг 9-куни Арафа куни бўлиб, бунда қилинадиган амаллар, тутиладиган рўза ва айтиладиган зикру тасбеҳлар бошқа вақтдагидан кўра фазилатлироқ саналади. Ўтган уламолар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди.

Юртимиз ҳожилари ана шундай муборак кунларда дуолар қабул бўладиган маскан – Арафот тоғида туриб дуолар қилмоқдалар. Аллоҳ ҳатто фаришталарга Арафотда турган бандалари билан мақтанади. Ҳақ таоло ҳожиларимизнинг устларига раҳмат ва мағфиратини ёғдирсин. Қилаётган дуои хайрларини ўз даргоҳида ҳусни мақбул этсин.

 

Арафотда ўқиладиган дуо. Арафот майдонида ўқиладиган энг афзал дуо – тавҳид дуосидир. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:

“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр”, дир.

Маъноси: Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Арафотда қилинган дуо мақбул ва афзалдир. Шу боис, бу майдонда дуони имкон қадар кўпайтириш лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда қуйидаги дуони кўп ўқиганлар: “Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нурон, ва фий содрий нурон, ва фий самъий нурон, ва фий басорий нурон. Аллоҳумма, ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир рийаааҳу ва шарри бавоиқид даҳр”

Маъноси: Аллоҳим! Қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин. Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман.

 

Арафотда пешин вақти кирганда пешин билан аср намозини жам қилиб ўқилади. Ушбу икки намоздан кейин нафл намоз ўқиш макруҳдир, шунинг учун намоздан фориғ бўлгач, зикр, тиловат, дуо ва бошқа турли ибодатлар билан машғул бўлиб, ушбу дуо ўқилади: Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Иннал хойра хойрул аахиро. Аллоҳумма, лаа ъийша иллаа ъийшал-аахиро. Аллоҳумма, иҳдиний бил ҳудаа ва наққиний бит-туқоо вағфир лий фил-аахироти вал уулаа”.

Маъноси: Лаббай Аллоҳим, лаббай! Ҳақиқий яхшилик охират яхшилигидир. Ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Аллоҳим! Ҳидоятинг билан мени ҳидоятга йўллагин, тақво билан поклагин, дунёю охиратда мағфират қилгин.

 

Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом вақтида қуйидаги дуони ўқиганлар:

“Аллоҳумма, лакал ҳамду каллазий тақулу ва хойрон миммаа нақулу. Аллоҳумма, лака солаатий ва нусукий ва маҳйаая ва мамаатий, ва илайка маабий, ва лака туроосий. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин ъазаабил-қобри ва васвасатис-содри ва шатаатил-амри”.

Маъноси: Аллоҳим! Сенга Ўзинг айтганингдек, биз айтгандан яхшироқ ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳим! Ўқиган намозларим, қурбонлигу ҳаж амалларим, ҳаётиму мамотим Сен учундир, қайтишим ҳам, меросим ҳам Сенгадир. Аллоҳим! қабр азобидан, кўксимдаги васвасалардан, ишларнинг парокандалигидан паноҳ беришингни сўрайман.

 

Арафотдан қайтишда талбия (Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Лаббайка, лаа шарийка лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак!) ва истиғфор (Астағфируллоҳ) айтилади ҳамда қуйидаги дуони ўқиш лозим:

“Аллоҳумма, илайка афазту ва мин ъазаабика ашфақту, ва илайка роғибту ва минка роҳибту, фақбал нусукий ва ъаззим ажрий варҳам тадорруъий вақбал тавбатий, вастажиб дуъааий ва аътиний суълий, йаа арҳамар рооҳимийн”.

Маъноси: Аллоҳим! Ҳузурингга келдим, азобингдан қўрқдим, Сен томон рағбат қилдим, ғазабингдан қўрқдим. Ҳаж амалларимни қабул айлагин. Ажримни улкан қилгин. Тавбамни қабул этгин. Тазарруъларимга раҳм қилгин. Дуоимни қабул, муродимни ҳосил қилгин, Ё меҳрибонлар меҳрибони!

ЎМИ матбуот хизмати 

 
 
Субота, 18 августь 2018 00:00

Атроф муҳит ободлиги жамият кўрки

Бизнинг миллий ва диний қадрятларимиз кўрсатмасига биноан инсон тозалик, озодалик ва покизаликка алоҳида эътибор қаратиши лозим. Имом Муслим Абу Молик Ашъарийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, деганлар. Мусулмон инсон атроф-муҳит озодалигига алоҳида эътибор қаратади. Покизалик мусулмон инсоннинг шиори ҳисобланиши керак.

Атроф-муҳитнинг озодалиги жамиятга баҳо беради. Мусулмон инсон нафақат ўзининг покизалигига, балки хонадони, маҳалласи ва ватанининг тозалиги учун ҳаракат қилиши керак. Айрим ҳолатларда чиройли кийимда бўлган инсонлар тозаликка эътибор бермаслиги ажабланарли туйилади. Мошинада кетаётган бўлса ҳар хил чиқиндиларни улоқтириб кетади. Кўчада ахлат ташлаш учун қўйилган махсус идишларга ахлат ташлаш ўрнига юрган йўлига ташлаб кетади. Автобус чипталарини ҳам бекатларга қўйилган махсус идишларга ташлашмайди. Бу каби ишлар мусулмон кишининг одоб-ахлоқ доирасидаги ишлар эмас!

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар”, дедилар (Абу Довуд ривояти). Яъни бирон инсон сув боши, йўл ва соя жойга ҳожат чиқарса одамларга озор бериб уларнинг кўнглини оғритган бўлади. Натижада барча уни лаънатлайди. Чунки ҳадисда саналган уч жой барчанинг эҳтиёжи тушгани учун ҳаммага тегишли экани англанилади. Бу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз лаънатга қолиш учун ҳадисда саналган уч жойга ҳожат чиқариш шарт эмас. Балки шу каби жойларни ифлос қилиб ахлат ва чиқиндилар ташлаши ҳам лаънатга қолиши учун етарли бўлади, деганлар.

Атроф-муҳит тозалиги учун барчамиз масъул бўламиз. Шу сабабдан ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб ободлик учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Кўчаларда инсонларга зарари тегиши мумкин бўлган тош, чиқинди, дарахт шохлари каби нарсаларни бир четган олиб қўйишимизга Аллоҳ таоло тарафидан савоб берилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (имон шохининг) энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”, дедилар.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ўзи яшайдиган жамиятнинг аъзоси ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз жамиятига манфаат келтиришга масъул.  Ватанимизнинг ҳар бир ерини покиза ва озода сақлашимиз керак. Фарзандларимизга ҳам уй ва кўча озодалиги ва покизалиги ҳақида кенг тушинчалар беришимиз бизнинг вазифамиз. Атроф-муҳитимизнинг тозалиги ўзимизга бериладиган баҳо ҳисобланади.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ҳошимов Ойбек

Янгиликлар

Top