muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понеділок, 14 августь 2023 00:00

Ҳижрат:эгри ва тўғри талқин

Понеділок, 14 августь 2023 00:00

Эзгулик ва маърифат курашчиси

Жорий йил 27 июн – Қурбон ҳайитининг Арафа кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз маънавий-маърифий муҳити учун ғоят муҳим аҳамиятга молик фармонларни имзолади. Уларнинг бирида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф; иккинчисида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани тўғрисидаги хушхабар Ислом олами аҳли қалбида миннатдорлик туйғуларини уйғотди.

Мухтасар таржимаи ҳоли. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908 йили Тошкент шаҳрида, ислом алломаси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон хонадонида туғилган. 12 ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб, Кўкалдош мадрасасида ҳадис ва фиқҳ илмини  ўрганган. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил этилгач, отаси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон раис, ўзи эса масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси этиб сайланган. 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунида, сўнгра Макка ва Мадина шаҳарларида таҳсил олган. 1948 йили минтақа мусулмонлари диний бошқармаси ноиби, 1957 йилда отасининг вафотидан сўнг  раис, муфтий этиб сайланади ва умрининг охирига қадар бу вазифада самарали меҳнат қилади. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг раҳбарлиги даврида Қуръони карим ва бошқа диний китоб-дарсликлар чоп этилди. Тошкент Ислом маъҳади очилди, мусулмонлар учун журнал, тақвим нашр этила бошлади. У шўро ҳукуматининг “Ҳурмат белгиси”, “Халқлар дўстлиги” орденларидан ташқари икки марта биринчи даражали “Иордания юлдузи” ордени, “Иордания юлдузи” кўкрак нишони, биринчи даражали “Ливан қорақовуқи”ордени, Марокконинг олий даражали “Улуғ донишманд” ордени, “Ливан юлдузи” ордени билан тақдирланган эди. 1982 йили вафот этган, қабри Тошкентнинг Ҳасти Имом мавзесида.

Бу муҳим ҳужжатлар илму маърифат билан зийнатланганда инсон шахсияти мангуликка дахлдор экани мисолидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасининг 30-оятида марҳамат қилганидек, “Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: “Мен (одамни) ер юзида халифа қилмоқчиман”. Мавлоно Жалолиддин Румий эса Инсон мавқеи илоҳийлигини таъкидлаган. “Аё, сиз, жон чекиб ҳар лаҳза изларсиз илоҳийни, Ани излашга ҳожат йўқ, илоҳий – сиз, илоҳий – сиз”. Муқаддас Ислом туғини баланд кўтариб, халқ маънавияти ва маърифати юксалишига беқиёс улуш қўшган икки улуғ ўзбек уламоси ҳаёти ва фаолияти беихтиёр Қуръони Карим ояти, ундан келиб чиққан ҳолда битилган Мавлононинг беқиёс сатрларини эслатади.

Ёпиқ мамлакат мусулмонларининг дунё билан боғланиб туришида ғоят закий ва нигоҳи олисни илғаган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон олиб борган фаолият, қаловини топсанг қор ёнади деганларидек,  мусулмонлар бошини қовуштирган эди. Уни таҳлил ва тадқиқ этиш, баҳолаш, халқимизни уламо улашган нурдан баҳраманд этиш учун ҳали кўплаб ишлар қилиниши зарурлигига Президент фармони дебоча сифатида кенг йўл очиб берди. Ислом маънавияти ва маърифати шундай муҳташам ҳодисаки, ҳар қандай эзгу ғоя ва қарашлар, тинчлик-осойишталик, ватан равнақи, халқ фаровонлиги, таълим-тарбия йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларга илоҳий сифат ато этиб, руҳий жиҳатдан озуқа, куч-қувват беради. Фармондаги Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг  “ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш, буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолияти, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун” деган сўзлар уламонинг зиддиятларга тўлиқ мураккаб ҳаёт йўлини, кенг қамровли фаолиятидан далолат этади.

Мураккаб тарихий шароитда

Ҳар бир кишини ўйлашга, мулоҳаза қилишга, таққослашга ундайди –  “ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш...” деган сўзлар. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир шахсга баҳо беришда у яшаган муҳитдан келиб чиқиш адолат мезонини белгилайди. Акс ҳолда, “ёв қочгач, ботир кўпаяр” қабилида бирёқлама хулосалар кўпаяди. Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохоннинг шўровий мафкура ҳукмронлиги пайтидаги фаолияти оловга бурканган жанг майдонидан ўтиб ораётган жангчини эслатади. Кутилмаган таҳдидлар, хавотирлар, четдагидан ҳам кўра нишонни аниқ олиш имконига эгалигини қўлдан бермаган ичкаридагилар, яъни, ўзингникилар. Таҳдидли оловли майдондан бошини, жонини омон-эсон олиб ўтиш жангчи қисматини белгилайди. Аммо...пайғамбарлар, набийлар, валийлар, юрт оғалари, уламолар, олимлар, авлиёлар қаршисида янада каттароқ хавфлар таҳдид солиб туради. Улар Ҳақ майдонидан сўзу амал бирлиги билан имонларини саломат олиб ўтишлари лозим. Иккиси ҳам кураш. Ҳаёт учун кураш. Элу юрт учун кураш. Ватан учун кураш. Аммо Ҳақ йўлидаги аъмоллар ҳаммавақт ҳам қурол билан амалга ошавермайди.  Дин воситасидаги руҳу онгини юксалтириш, қалбини тозалаш кураши инсоният камолотини белгилайди. Жалолиддин Румий лутф этганидек, комил инсонда ғафлат бўлмайди – ғафлати зеҳн илмини ато этади; жоҳилда ҳикмат бўлмайди – илми ҳам жаҳолатини фош этади. Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон комиллик йўлида масъулиятни зиммасига олиб, элу юрт қисмати учун камарбаста бўла олган зот эди – бу камарбасталик фурсат чегараларини тан олмайди – бугунги кун, келажак учун ҳам баробардир.

Айниқса, мамлакатимизнинг йирик шаҳарлари нари турсин,  энг олис гўшаларидаги туман марказларида ҳам жоме масжидлари фаолият юритаётгани, қишлоқ ва аҳоли тураржойларида бу борада етарлича шарт-шароитлар яратилгани ва яратилаётган бугунги кунда у мураккаб тарихий шароитнинг бутун манзарасини тасаввур этмоқ ибрат сифатида аҳамият касб этади. Эндиликдаги юртимиз масжидларидаги тартиб-интизом, озодалик, шинамлик, қулайлик бошқа аҳли мусулмонлар учун ҳам намуна бўлмоқда.  Ҳаж ва Умра зиёратлари учун давлат аҳамияти даражасида шу қадар катта аҳамият қаратиляптики, бу амалларни бажариш учун йўл олаётган  ҳамюртларимиз нуфузи ошиб бораётганини илгариларига таққослаб ҳам бўлмайди. Макка-ю мукаррамадаги Каъбага кираверишда бутун дунё сарвари, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалом ва у кишининг амакилари Абу Лаҳабга тегишли ҳовли-жой ҳозиргача сақланиб қолганини ҳожи ҳамюртларимиз яхши билишади. Зиёратчилар пайғамбаримизнинг уй-жойлари ўрнида кутубхона, Абу Лаҳабнинг уй-жойи ҳожатхона-таҳоратхона эканини; бунинг бежиз бўлмаганини; Қуръони Каримнинг “Масад” сурасида келтирилган Абу Лаҳабнинг қўллари қурисин (ҳалок бўлсин)! Ҳалок бўлди ҳам. Мол-мулки ва топган-тутгани (бойликлари) унга асқотмади” оятларида пайғамбаримизга амакиси жабр ўтказиб қандай ҳолга тушгани ифода этилади.

Ўша замонлардан бошланган бундай синовли кураш кейин ҳам давом этаверган ва ҳамиша Ислом ҳақ бўлиб чиққан. Айниқса, ўтган асрда жамиятда динсизлик ҳукмрон бўлганини такрорлашга ҳожат йўқ. 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси фаолият бошлаганида жамиятда Абу Лаҳаблар қабоҳати ҳукм суриб келар эди. Мачит, мадрасалар омборхона, уламолар қувғинда – баъзилари замон зайли билан талабалар атеизмдан сабоқ бериши ҳоллари ҳам учраб турарди.  Дунёси ва обрўсидан ажралиб қолишдан қўрққан, уларни сақлаб қолиш мақсадида динга эътиқод қилишдан бош тортган, қанча-қанча мусулмонларга  азият етказган Абу Лаҳаб сингари ўткинчи тузумнинг сохта бутпарстларининг қабоҳатлари – ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари қатағонлари, доимий тазйиқларга қарши ўз эътиқодида мустаҳкам қоя каби тура олган  Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ёнида ўғли Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон қози рутбасида иш бошлаб, курашларда тоблана бошлади. Отаси фарзандлари унинг ишини давом эттиришини, Ислом воизи бўлиб етишиши Аллоҳдан тиларди. Болалик чоғларидаёқ отаси берган Қуръон ўқиш дарсларида муқаддас оятларни ёд олган, Ислом ва унинг Муқаддас Китобига муҳаббати шаклланган Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ота истагидагидагидан ҳам зиёда уламо бўлиб халққа танилди. У минбарга чиқиб ваъз айтганида Қуръону Карим ва Ҳадиси шарифдан ўз ўрнида мисоллар келтириб тингловчиларни бу дунёнинг ўткинчилигидан огоҳ этган ҳолда эзгулик йўлидан юришга ундар, зиё нурини таратар, қалбидаги самимият овозига кўчар, шу туфайли ҳар қандай одамни  ўзига жалб эта оларди. “Мусибатларга сабр қилишликнинг фазилатлари”, “Ҳақиқат ва ноҳақлик”, “Рамазони шариф ҳақида”, “Маккаи Мукаррамага қилинган ҳаж сафари ҳақида”, “Туркияга қилинган сафар ва баъзи оятлар тафсири хусусида”, “Мавлуди шариф, Имом ал-Қаффол аш-Шоший тарихи ва “Фил” хусусида”, “Фил” йили ва унинг Пайғамбаримизнинг таваллудлари билан боғлиқлиги хусусида” каби ўнлаб ваъзларнинг ҳар бири кенгқамровлиги билан катта бир асарга тенг туради. Уламонинг магнит тасмаларига сақланиб қолган ибратли ваъзларини Ўзбекистон телеведениеси ва радиоси орқали халқимизга етказиб борилиши кони фойда ҳисобланади. Айниқса, зангори экран орқали туну кун  бир-бирининг такрори бўлган тутуриқсиз сериаллар, мазмунсиз суюқ куй-қўшиқлар халқимиз меъдасига тегиб, кўнглини айнитар даражага келган шу кунларда бу жуда муҳимдир. Зеро, ўзбек халқининг миллий маънавияти юксак, тарихи такрорланмасдир. Ҳар жиҳатдан янгиланиб бораётган ижтимоий ҳаёт муҳити  чанқоқлиги маънавий жиҳатдан шу зайилда қондириб борилсагина, кўзда тутилган режаларнинг амалга ошиши янаям шиддатли тус олади – зеро, ниҳол ҳам томири кўзи кунгай томонга ўнгланиб, тоза ерга экиладики, тезроқ ҳосилидан баҳраманд этсин деб!

“Шайх Зиёвуддинхон  фатво чиқариш билан шуғулланган ягона ўзига хос раҳбар эди. У Аллоҳ кўрсатмаларига мувофиқ одамларга фойдали бўлишини ўйлаб иш кўрарди”.

Доктор Муҳаммад ал-ХАТИБ,

Сурия Араб Республикаси

1957 йилда отаси ўлимидан сўнг Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларига бош бўлиб, моҳир дарға каби уларни эзгулик манзиллари томон бошлади. Ислом маърифати ва маънавиятига юксак эътибор қаратилаётган бугунги кунлар учун елка тутди. Унинг хизмати шунда. Унутилмаслиги шунда.  Буни бизга эслатган ҳужжатни аҳли Ислом, аҳли уламолар мамнунлик билан қарши олишгани, оқилона деб аташгани сабаби ҳам шу. Буюк зотлар бир буржни кўриб қолганини ечишади. Шундай кунлар келишини орзу қилган улуғ аждодларимиз руҳлари шод бўлиши йўлларизни ойдинлаштиради. Имкониятларимизни кенгайтиради. Руҳан бақувват қилади. Шундай кунлар келишига ишонган у зотларнинг руҳлари хотиржам тортиб Мангуликка эвриладилар. “Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқаради”. (“Бақара” сурасидан).

Инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғоялар

Шу тариқа, фармоннинг навбатдаги бандидаги “муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш” эътирофи туфайли Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг самарали фаолиятининг кўздан пана қирраларига яна бир қур назар ташлаш имконини қўлга киритамиз. 

У кишини кўрган-билганларнинг шоҳидлик беришларича, Шайх ҳазратлари маърака-маросимларда, тўй-ҳашамларда устларига ёпилган саруполарни, қўлларига тутқазилган тугун-даставезларни ўша жойнинг ўзида камбағалларга бериб юборишни одат қилган эканлар.

“Бир куни мен муфтий Зиёвуддинхон билан машҳур Марокаш сайёҳи Ибн Баттутанинг Самарқанд қовунлари, уларнинг ўзига хос ҳиди, серсувлпги, катта ҳажмлилиги ҳақидаги таассуротлари тўғрисида суҳбатлашиб қолдим.

 — Ҳозир ҳам шундай қовунлар нави сақланганми? — деб сўрадим.

Исбот учун Марокашга кетадиган куним ул зот менга 20 кг келаднган қовун олиб келиб, сумкамга солдилар.

- Мана шу қовунни Самарқанд қовунларидан инъом сифатида Ибн Баттута диёрига олиб кетинг, - дедилар.

Бизнинг шарафли дўстимиз Марокашда кўплаб яқин дўстлар ва танишлар орттирган эднлар, улар у кишида бутун умри давомида ҳақиқат йўлида оғишмай қадам босган ажойиб шахс, инсоннннг намунасини яққол кўрганлар. Муфтий Зиёвуддннхон Марокаш халқи билан қадимий қон-қардошлик ипларннн боғлаб туриши ҳақида бир неча марта гапирганлар”.

Доктор Абдул Ҳоди ат-ТОЗИЙ,

Марокаш

Саховат, мурувват, оқибат, бағрикенглик туйғулари муқаддас Ислом динида ҳамиша улуғланиб келган. Элу юрт манфаати йўлида катта ҳимматлар кўрсатган Алишер Навоий лутф этганидек, “Футувват барча қилмакдир демак йўқ, Мурувват барча бермакдир емак йўқ”. Ўтмишда Ғарб дунёсини фахрлантирган рицарлик каби, балки ундан-да юксакроқ тарзда юртимизда қадим-қадимдан жавонмардлик-ахийлик мавжуд бўлгани, шу тариқа  уларнинг катта-катта жамоалари қарор топиб жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этгани тарихий манбаларда қайд этилган. XV аср Хуросон ва Мовароуннаҳр маданиятининг ривожига улкан ҳисса қўшган, Қуръони Каримни ёддан билиб унга тўрт китобдан иборат шарҳ ёзган илоҳиётчи олим Ҳусайн Воиз Кошифийнинг  “Футувватномаи султоний” асарида ўзи еб, бировга ҳам едирганлар сахий деб аталса; ўзи емай бировга едирганни ахий деб аталиши айтиб ўтилади. Бундай тантилик, саховатпешалик ҳар қандай жамиятнинг гуллаб-яшнашига йўл очишига буюк салафлари каби Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари қатъий амал қилгани туфайли Ислом оламида катта обрў-эътибор қозонди. У кишининг “Агар халқ сизни ҳурмат қилишини, қилган хатти-ҳаракатларингиздан Аллоҳ рози бўлишини хоҳласангиз, аввал ўзингизни ҳурмат қилинг, ўз қадр-қимматингизни сақлай билинг, художўй бўлинг, хайрли ишларни амалга оширинг, инсон деган буюк номга доғ туширманг. Номаъқул ҳаракатлардан сақланинг. Ҳалимлик мусулмонни безайди”, деган сўзларига амал қилиш, айниқса, глобал оммавий маданият дунёни ўргимчак тўридек қамраб олаётганида биз авлодлари учун қалқон вазифасини ўтайди.

“Мен юртимга мусулмон бўлиб қайтардим”

Энди “буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолияти, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш” деган сўзларни ўқир эканмиз, эзгу иш ҳеч қачон завол билмаслиги хаёлимиздан ўтади. Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон Жаҳон Тинчлик Кенгаши аъзоси (Хельсинки), Совет Тинчлик Қўмитаси ҳайъат аъзоси (Москва), Осиё ва Африка халқлари бирдамлик ташкилоти ҳайъат аъзоси (Москва, Қохира), Дўстлик ва мадиний алоқалар Совет жамияти ҳайъат аъзоси (Москва) ҳамда шу ташкилотларнинг Ўзбекистондаги бўлимларига ҳайъат аъзоси этиб сайланган. Масжидлар бўйича Олий Кенгаш (Макка), Жаҳон Ислом Конгресси (Карачи), Ислом ишлари бўйича Жаҳон Олий Кенгаши (Қоҳира) ва Ислом тамаддунини ўрганиш бўйича Иордания Қироллик Академияси аъзоси бўлган. У киши совет давлатини жаҳондаги 80 га яқин Ислом ва араб мамлакатлари билан дипломатик ва иқтисодий алоқалар ўрнатилишида аҳамиятли ўрин тутган. Чунки Ислом оламида унга ишонишарди. Ўз навбатида Ҳақ йўлидаги уламо Ислом оламининг доимий эътиборида эди. Атеизмга асосланган ботил мафкура шаклланган шўро жамиятида унга зарар-заҳмат етказиб қўйилиши мумкинлигидан хавотир олишарди. Аммо Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон бу қийин шароитда юксак салоҳият, бағрикенглик, донишмандлик туфайли чангалзор сўқмоғида йўл топган йўловчи сингари ўткинчи мафкуралар майдонида муқаддас динимиз маънавияти ва маърифати учун қўлидан келган барча ҳаракатларни қилар эди.

Ўша пайтларда дунёнининг икки – социалистик ва капиталистик қутблари орасида гоҳ пинҳоний, гоҳ ошкора тарзда доимий кураш борарди. Кичик учқундан катта аланга чиқиб кетмаслиги учун жаҳон афкор оммаси талабидан келиб чиқиб, дунёнинг турли мамлакатларида тез-тез халқаро миқёсдаги тинчлик анжуманлари ўтказиб турилар, уларга Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари номидан Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон фаол қатнашарди. Унинг нутқлари ажойиб эди – бир қараганда оддий, аммо мазмун-моҳияти имон-эътиқод нурлари билан йўғрилган, қатъиятли, ўзига ишонган довюрак нотиқнинг дунё аҳлига мурожаати бўлиб янграрди. Муҳокамаларда фаол қатнашар, фикр-мулоҳазалари кўпчиликка манзур бўлганидан унинг иштирокисиз бундай анжуманлар файзсиз туюларди.

Хорижий мамлакатларнинг бирида ўтказилган шундай анжуманларнинг бирида у олий рутбадаги Патриарх билан меҳмонхонада ҳамхона бўлиб қолади. Сафар якунланишига уч-тўрт кун қолганида Патриарх бироз бетобланиб қолади. Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамхонасига шу қадар меҳрибонлик кўрсатиб, уни парваришлай бошлайдики, оёққа туриб ўз юртига қайтиб кетганидан сўнг Патриарх “Яна икки-уч кун меҳмонхонада шу одам билан қолганимда, мен юртимга мусулмон бўлиб қайтардим”, дея эътироф этади. Бунга ишонмоқ керак.

Мусулмонлардан сон жиҳатидан камчиликни ташкил этувчи христианлар Ўрта Осиё ва Қозоғистонда мусулмонларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлгани, ўзаро дўст бўлиб яшаётганликларинн кўриб ҳайратландим. Булар ҳақида менга Тошкент Православ Архиепископи ва Ўрта Осиё Варфоламейси гапириб берган эди, энди эса ўз кўзим билан кўрдим. Бу ишларнннг ҳаммасини ажойиб дўстим муфтпй Зиёвуддинхон амалга оширганлиги ҳеч кимга сир эмас эди”.

Митрополит Коломенский ва Крутицкий,

Русь Православ черкови муқаддас

Синоди аъзоси

Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон ваъзларининг бирида бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган шундай сўзлар бор: “Пайгамбаримиз (с. а.) мусулмонларнинг келгусидаги авлодларига, жумладан бизга ҳам мурожаат қилиб, жанжал, адоват, низолардан узоқ бўлинг, бу иллатлар яхшиликка олиб келмайди. Мусулмонлар — Аллоҳнинг қуллари — ғазабланишлари, душманлик қилишлари мумкин эмас. Кимки бу дунёда кўнглида ғазаб билан юрса, бундан у фақат зарар кўради, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун уруш-жанжал, хафагарчиликларнн унутинг. Шу билан бирга, мен ғазабдор, душманлик қнлганларни ҳимоя қила олмайман. Тинчлик, хотиржамликда, дўстликда, ҳамжиҳатликда яшанг, бир-бирингизга нисбатан кечиримли, сабр-тоқатли, меҳр-оқибатли бўлинг. Кимки уни хафа қилган одамнн чин юракдан кечира олса, ўшанга жаннатий деб хушхабар бераман, каби ўгитларни кўп марта айтганлар”.

Миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат

Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохоннинг ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олиб, бўлажак ҳожиларни унга тайёрлаш ва муқаддас қадамжоларнинг зиёратини рисоладагидай ўтишини таъминлаш масалалари билан шахсан шуғулланганларини унга замондош бўлганлар яхши эслашади ва шу маънода фармондаги “жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун” деган сўзлар унинг фаолиятига хослигини чин дилдан эътироф этишади.

“Биз, шайх Зиёвуддннхоннинг шогирдлари ул зотнинг инсонларга нисбатан меҳр-муҳаббат, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ўрнатишга чорловчи илҳомбахш сўзларидан баҳраманд бўлганимиз билан фахрланамнз. Устозимиз ҳар биримизга инсон ҳаётининг такрорланмас қадр-қимматини сақлаш, инсонга ғамхўрлик қилиш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳиссини сингдирганлар. Ул зот бизни ягона Ислом динига ўргатиб, динни фожиага олиб келувчи мазҳабпарастликдан эҳтиёт бўлишга чақирардилар. Бу кенг қалбли мураббий қўлида бир синфнинг ўзида ҳам сунний талабалар, ҳам шиа талабалари таҳсил олардилар, лекин уларнинг ҳеч қайсиси қандай мазҳабга тегишли эканлигини хаёлига ҳам келтирмасди”.

Шайхулисломи Оллошукур ПОШШОЗОДА, 

Кавказ мусулмонлари идораси раиси 

Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохоннинг ўқув-тарбия масалалари эътибори катта бўлган. Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги “Ракат” жоме масжидининг эски биноси унинг бошчилигида барпо этилган эди. Ўша даврларда “Ракат” маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғидан саккиз сотих ер ажратиб, бу жойга масжид қуриш учун берган. Шундан сўнг 1954 йил масжид тикланган ва ўз фаолиятини шу кунга қадар давом эттириб келмоқда. Уламонинг қизи Мухлиса отаси бир куни оқ рўмолга ўралган ғишт олиб келиб,  “Ракат” маҳалласида янги масжид қуриш учун Москвадан рухсат олиб келганини айтиб, оқ фотиҳа беринг, деб сўраганини эслаб ёзади. 97 ёшда уйда ўтириб қолган Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ўнг қўлини ғишт устига қўйиб, “Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим. Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин!”, деб юзларига фотиҳа тортган экан.  “Ракат” жоме масжидининг биринчи ғишти ўша экан.

Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон Тошкентда Имом Бухорий номидаги Ислом институти ташкил этилишига бевосита раҳбарлик қилди.  Бухорода Мир Араб мадрасаси фаолияти қайта тикланиши учун жонбозлик кўрсатди. Муқаддас Ислом анъаналарини тарғиб ва ташвиқ қилишдан ташқари илмий, адабий фаолият билан шуғулланди. Ибн Синонинг гигиенага оид китобини ўзбек ва рус тилларига ўгирди. “Диёримизда ислом ва мусулмонлар” асарида ислом динининг туб моҳияти очиб берди. Ислом барча замон ва халклар учун салоҳиятли дин эканини, унинг тамойиллари ҳамма яхши ниятли кишиларнинг орзу-умидлари билан ҳамоҳанглигини кўрсатиб берди. Футуҳий тахаллуси билан шеърлар ёзди. У вафот этганида Салоҳий, Чустий, Ҳабибий каби ўзбек шоирлари марсиялар битишганди.

Шўро давлатида муқаддас Ислом динининг қайта тикланиб, диний кадрлар тайёрлаш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш йўлида Шайх Зиёвиддинхон ибн Эшон Бобохон катта ишларни амалга оширди. Жаҳонда тинчлик учун курашди. Унинг хизматлари бугунги кунда ардоқланиши муқаддас Ислом динининг юртимизда яна ўз ўзанига қайтгани шукронасидир.

Шойим БЎТАЕВ

(“Халқ сўзи”).

 

 

 

Понеділок, 14 августь 2023 00:00

Олимлар мажлиси

Қолмас жаҳон ичра мангу киши,
Фақат қолғуси яхши ному иши.

Шайх Саъдий

Шу кунларда Марказ таркибидаги “Ислом цивилизацияси тарихи” музейини шакллантириш жараёни жадал суратларда олиб борилмоқда. Кўплаб олимлар, соҳа мутахассислари, дизайнерлар ва муҳандислар эзгу лойиҳани халқимизга муносиб равишда топшириш устида бош қотиришмоқда.
Ўтган ҳафтанинг охирги кунлари илмий баҳс-мунозараларга сермаҳсуллиги билан Ислом цивилизацияси ходимларининг иш кунини ҳам маънавий ҳам маърифий бойитди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон илм-фанининг забардаст устунлари бўлмиш олим ва профессорлар бошчилигида “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё” бўлимининг таркибий қисмлари атрофлича кўриб чиқилди. Бўлимда ўрин олиши кутилаётган нодир экспонатлар намуналари ўрганилди, мазмунан мос келмайдиган артефактлар ўрнига муқобил вариантлар таклиф қилинди.

Шунингдек, стендларга ёзиладиган 50 га яқин турли хил мавзуни қамраб олган матнларнинг мазмуни кўриб чиқилди. Бўлимнинг таркибий қисми ва контентлари тақдимоти Марказнинг илмий ходими, санъатшунос Алишер Эгамов томонидан намойиш этилди ва кўплаб саволларга ойдинлик киритилди.

Ибтидоий ва Антик давр бўйича етакчи олимлар Рустам Сулаймонов ва Шокиржон Пидаев томонидан бўлимни бойитиш юзасидан қимматли кўрсатмалар берилди.

Қадимги давр ёзув маданияти бўйича республикамизнинг саноқли олимларидан бири Мирсодиқ Исҳоқов Ўзбекистон ҳудудидан топилган “Суғд ҳужжатлари”нинг ноёб намуналарини экспозициядан ўрин олишига яқиндан ёрдам кўрсатишини билдирди. Музейшунослик соҳасида улкан мактабга эга бўлган профессор Жаннат Исмаилова бўлимга қўшимча ноёб артефактларни жалб қилиш, бўлимнинг очиқ ҳудудларини мобиллашган витриналар билан жиҳозлаш ва мавзуга доир макетлар орқали бойитиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё бўлими” экспозициясида 100 дан ортиқ экспонатлар ўрин олиши кутилмоқда. Улардан “Бодхисатва ҳайкали”, “Кушон тангалари”, “Эфталийлар даврига оид идиш намунаси”, “Оссуарийлар”, “Афросиёб ва “Қўйқирилган қалъа” шаҳарлари макети ва бошқа артефактлар бўлимнинг “шоҳ асарлари” қаторига киради.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Понеділок, 14 августь 2023 00:00

Қуръон ошиқлари

“Қуръони карим ва тажвид”

Бухорои шарифдаги 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасаси таркибида “Қуръони карим ва тажвид” курси очилгани юртимиздаги кўплаб мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Курсга нафақат бухоролик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан Қуръон шайдолари келиб таълим олмоқда. Улар орасида ёши улуғ ҳамюртларимиз ҳам борки, уларнинг ихлоси, муҳаббати ва ғайрати таҳсинга сазовор.

Хусусан, мазкур таълим муассасасидаги “Қуръон ва тажвид” курсида таҳсил олаётган навоийлик Ҳазрат бобо Султонов (84 ёшда) гуруҳда энг аълочилардан. У Навоийдан қарийб 100 километр масофани босиб келади. Ҳар дарсда фаол қатнашади. Бирор дарсни қолдирмайди, балки дарс бошланишидан камида бир соат олдин келиб кутиб ўтиради. Дарсдан ташқари вақтларда ҳам қўшимча дарс олишга ҳаракат қилади.

Яна бир ана шундай фаол тингловчилардан бири андижонлик Абдулазиз бобо Деҳқонов (66 ёшда) айнан Мир Араб олий мадрасасида очилган “Қуръон ва тажвид” курсида ўқиш учун Андижондан Бухорога келиб, ижарада яшаб, курсни муваффақиятли тамомлагач, сертификат олди. Илм олишга ҳарис бўлган отахон шу билан тўхтаб қолмай, мустақил равишда Қуръони каримни тажвид қоидасига тўлиқ риоя қилган ҳолда бошидан охиригача ўқишга киришди ҳамда Каломуллоҳнинг охирги беш порасини Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ўқиб тугатиб, хатм қилишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, Хоразм вилоятидан келган 73 ёшли Ражаб бобо Рўзматов ҳам Каламуллоҳга бўлган муҳаббати, кучли иштиёқи билан ёшларга намуна бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир”, деганлар. Шундай экан, мўмин киши туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиши лозим. Зеро, илм икки дунё саодатига эришиш калитидир.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

Понеділок, 14 августь 2023 00:00

Ҳижрат: эгри талқин ва иқрор

Янгиликлар

Top