muslim.uz
Индонезияда Халқаро исломий таълим кўргазмаси бошланди
Бугун, 21 ноябрь куни Индонезияда Халқаро исломий таълим кўргазмаси Индонезия кўргазмалар марказида бошлангани хабар қилинди. Ушбу кўргазма 24 ноябрга қадар давом этиши режалаштирилган.
Ушбу халқаро кўргазма Индонезиянинг Дин ишлари бўйича вазирлиги томонидан таўкил этилган бўлиб, 200 дан ортиқ таълим муассасалари иштирок этиши режалаштирилган.
Ушбу кўргазмани ташкил этишдан мақсад эса исломий таълимни олиш учун энг мақбул жой бу Индонезия эканини кўрсатиш экани айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Индонезияни Ислом сивилизацияси маркази ва Исломий таълим марказига айланатриш вазирликнинг олий мақсадидир.
Бугунги кунда Индонезиядаги Маланг Ислом Университетида Ислом факултетида 29 мамлакатдан келган 400 дан ортиқ талабалар таълим оладилар.
Маълумот учун, Индонезия жаҳондаги ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли сони бўйича биринчи ўринда турувчи мамлакат ҳисобланади. 260 миллион аҳолининг қарийб 88 фоизи ислом динига эътиқод қилади. Индонезияда исломий таълим берувчи муассасалар сони 100 мингдан ортиқ, шундан 75 мингги мадраса, 28 мингги пизантри, 600 таси олий таълим муассасаларидир.
Отинойилар семинари: қалблар табиби Муҳаммад алайҳиссалом
Жорий йилнинг 20 ноябрь куни “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Раббиул- аввал ойи муносабати билан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойиларнинг диний, маънавий-маърифий билимларини ошириш мақсадида “Қалблар табиби Муҳаммад алайҳиссалом” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди.
Семинар Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши, Шайхонтоҳур тумани ҳокимияти билан ҳамкорликда ўтказилди.
Семинарда Тошкент шаҳар туманларида фаолият юритаётган 49 нафар отинойилар ва хотин-қизлар ҳамда Шайхонтоҳур тумани маҳаллаларининг диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари қатнашдилар.
Ўқув семинари Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Сўнгра, Расули акрам алайҳиссаломнинг сийратлари, гўзал инсоний фазилатлари ҳақида уламолар томонидан маърузалар қилинди. Айниқса, Расулуллоҳга аталган саловатлар тадбирга ўзгача кўрк бағишлади.
Шунингдек, ўқув семинарида ўзга юртларда хору зор бўлиб, аёллик шаънига номуносиб ишлар қилиб, ўз оиласидан, яқинларидан, ватанидан узоқда бўлган аёлларнинг яқинлари, қайтиб келганларининг ўзлари билан тушунтириш ишларини олиб бориш отинойиларнинг асосий вазифаларидан бири экани ҳам алоҳида таъкидланди.
Семинар сўнгида намунали хизмат фаолияти учун бир гуруҳ отинойиларга эсдалик совғалари топширилди.
http://old.muslim.uz/index.php/rus/yangiliklar-2016/dunjo-yangiliklari/itemlist/user/72-muslimuz?start=18675#sigFreeIdaa9f2b89c5
Суратлар muxlis.uz сайтининг телеграмдаги саҳифасидан олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими
Швейцарияда ислом дини расмий дин сифатида қабул қилиниши фойдали экани таъкидланди
Швейцария Конфедерациясида Ислом динини расмий дин сифатида тан олиш ҳақида таклиф қилинди.
Швейцария социал-демократик партияси раҳбари Кристиан Левра Исломни расмий диний йўналиш сифатида тан олиш таклифи билан чиққани хабар қилинди.
“Швейцарияда 400 мингдан ортиқ мусулмон яшайди. Уларнинг 160 минг нафари Швейцария фуқароларидир. Ислом бизни мамлакатимизда мавжуд”, дея ўз фикрларини Sonntags Zeitung интернет нашри билан бўлган суҳбатда Левра билдириб ўтди.
Бугунги кунда Швейцарияда 240 та масжид фаолият олиб боради. Социал-демократик партия Ислом динини расмий дин сифатида тан олиш учун ҳужжатларни тайёрлаётганини айтиб ўтган.
Турли радикал гуруҳлар швейцариялик мусулмонларни ўз тарафига оғдиришидан хавотирда экани таъкидланган. Сиёсий партия раҳбарининг айтишича, ислом дини расмий мақомга эга бўладиган бўлса, диний таълимни молиялаштириш ҳукумат томонидан амалга оширилади ва мусулмонлар хориждан маблағларни кутиб ўтирмайдилар.
Иёс ибн Муовия Музаний
Иёс ибн Муовия ибн Қурра Музаний ҳижратнинг 46-санасида Нажд диёрининг Ямома деган жойида таваллуд топди. Кейинчалик оиласи билан Басрага кўчиб кетди. Ёш Иёс ўша ерда ўсиб-улғайди ва таълим олди. Балоғат ёшига етганида Дамашққа бориб, у ерда саҳобийлар ва улуғ тобеийнлардан илм олди. Иёснинг ёшлик чоғидаёқ ноёб қобилияти ҳамда ақл-заковати аломатлари зоҳир бўла бошлади, одамлар у ҳақдаги ҳайратомуз хабарларни гапириб юришар эди.
Иёс Музаний илмга қаттиқ берилди. Илмда шундай бир даражада эдики, ёшлигига қарамай, ёши улуғ кексалар унга дин ишларида бўйсунар, уни ўзларига имом этиб, унга шогирдликка тушарди.
Бир йили одамлар Рамазон ҳилолини кўриш учун йиғилишди. Уларга улуғ саҳобий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) бошчилик қилди. Ўшанда бу саҳобийнинг ёши юзга яқинлашиб қолган эди. Одамлар ойни кўриш учун самога тикилиб қарар эдилар. Осмон гумбазининг ҳар тарафини кўздан кечириб чиқдилар, аммо ҳеч нима кўринмади. Лекин бир пайт Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) осмондаги бир нуқтага кўз тикиб: “Мен ойни кўрдим”, дея у ерга ишора қила бошлади. Одамлар у киши кўрсатган тарафга ҳарчанд тикилмасин, ҳеч нима кўрмади. Иёс ибн Муовия нега бундай бўляпти дегандек Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)га разм солди. Қараса, саҳобанинг бир сочи қошларидан кўзларининг устига эгилиб, тушиб турган экан. Иёс Саҳобийдан одоб билан изн сўраб, қўлларини аста чўзиб, бояги соч толасини суриб қўйди. Кейин: “Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаси, ҳали ҳам ойни кўряпсизми?” деб сўради. Шунда Анас (розияллоҳу анҳу): “Йўқ, энди кўрмаяпман, энди кўрмаяпман”, деб жавоб берди.
Иёс ибн Муовия заковатининг таърифи кундан-кунга жуда кенг тарқаларди. Одамлар ҳар тарафдан унинг олдига келар, унга илмда ва диний масалаларда дуч келган муаммоларини айтишар эди. Уларнинг баъзилари маърифат истаб келса, афсуски айримлари бўлмағур нарсаларни талашиб, Иёсни ожиз қолдириш умидида келар эдилар. Ҳикоя қилинадики: Бир қавмнинг пешвоси Иёс ибн Муовиянинг олдига келди. У кишидан:
– Эй Воиланинг отаси, маст қилувчи ичимликнинг ҳукми нима? – дея сўради.
– Ҳаром, – деб жавоб берди.
Шунда бояги киши яна сўради:
– Унинг ҳаром бўлиш сабаби нима? Ахир у мева ва сувнинг қайнатилишидан ҳосил бўладиган нарса-ку. Бу нарсалар эса мубоҳ бўлса?
Шунда Иёс сўз бошлади:
– Агар кафтимга сув олиб, уни сенга сепсам, оғрийдими?
– Йўқ.
– Агар бир ҳовуч турпоқ олиб, уни ҳам сепсам-чи?
– Йўқ.
– Агар бир сиқим сомон билан сени урсам, оғриқ сезасанми?
– Йўқ.
– Энди агар тупроқни олсам, сўнг унга сомон қўшсам, сув билан яхшилаб аралаштириб, тайёр бўлган гувалани қуёшда қотириб, ўша ғишт билан сени урсам, оғрийдими?
– Ия, оғриш тугул, ўлдириб қўясан-ку!
– Бас, хамр ҳам шундай. Унинг таркибидаги нарсалар йиғилиб, хамр ҳосил қилинса, ҳаромга айланади.
Иёс ибн Муовия қози этиб тайинлангач, ҳақиқатни аниқлаш борасидаги ноёб қобилияти, ақлли тадбирлари, кучли ақл-заковатини тасдиқловчи кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтди. Бир куни икки киши тортишиб қолиб, қозининг ҳузурига келди. Уларнинг бири шеригига молини сақлаб туриш учун топширгани, молини талаб қилган пайтида эса шериги ундан мол олганини рад этиб, бермаётганини даъво қиларди. Иёс айбланаётган кишидан бу ҳақда сўраганида, у рад этди ва: “Агар бу кишининг далили бўлса, марҳамат келтирсин! Ёки мен қасам ичишим ҳам мумкин”, деди.
Бу кишининг ёлғон онт ичиш билан бировнинг молини еб кетишидан қўрққан Иёс даъвогардан айнан қаерда пулини топширганини сўради. Даъвогар: “Фалон ерда”, деб қаерда топширганини аниқ айтиб берди. Иёс ибн Муовия яна сўради:
– Ўша ерда нима бор эди?
– Катта бир дарахт бор эди. Унинг соясида ўтириб бирга овқатландик. Кетишдан аввал унга пулни бердим.
– Ундай бўлса ўша дарахт олдига бор! Шоядки, етиб боргач пулни қаерга қўйганингни ва уни нима қилганингни эслатса. Кейин қайтиб келиб, менга кўрганларингни айтиб берасан!
Даъвогар ўша жойга кетди. Иёс эса қолган кишига даъвогар келгунича шу ерда ўтириб туришини буюрди. Кейин эса олдидаги даъволашиб келган бошқа одамларга юзланди. Ўша кишилар ўртасида ҳукм қилишга киришди. Аммо шу орада кўз қири билан қозихонада қолган кишига билдирмайгина қараб қўяр эди. Бир гал қараса, бояги одам тинчланган ва анча хотиржам бўлиб қолибди. Шунда унга дабдурустдан: “Нима деб ўйлайсан, дўстинг ўша жойга етиб бордимикан?” деди. Ҳалиги киши ҳеч иккиланмай: “Йўғ-е, у ер анча узоқда. Ҳали етиб бормаган”, деб қўйди. Шунда Иёс унга деди: “Эй Аллоҳнинг душмани, пулни олган ерингни биласан-у, аммо пулни олганингни рад этасанми? Аллоҳга қасамки, сен ёлғончисан!” Бояги киши эсанкираб қолди. Нима деб қўйганини энди-энди тушунаётган эди. Хиёнатига иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмади. Иёс даъвогар келгунича ҳисоб-китобни қилиб қўйди ва дўсти келгач пулни қайтаришни буюрди.
Иёс ибн Муовия Музаний етмиш олти ёшга етганда, тушида ўзи ва отаси икки отга миниб, тенгма-тенг югуриб кетаётганини кўрди. На ўзи олдинлаб кетар, на отаси ўзиб кетар эди. Муовиянинг отаси етмиш олти ёшда вафот этган эди.
Ўша оқшом ўрнига ётаётган Иёс фарзандларидан: “Бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўради. “Йўқ, билмаймиз”, дейишди улар. “Ушбу кечада отамнинг ҳаёти ниҳоясига етган эди”, деди Иёс. Тонг отганда у киши ҳам вафот этди.
Ақлу заковат пешвоси сифатида танилган қози Иёс ибн Муовияни Аллоҳ ўз раҳматига олсин. Зеро, у зот фаросату заковатда ҳамда ҳақиқатни излаб топишда ўз даврининг забардаст олимларидан эди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.
Илёсхон АҲМЕДОВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Ҳиндистонда уларнинг сони тўрттага етди
“Мен учувчи бўлмоқчиман”. Камтаргина новвойнинг қизининг ўн йил олдинги ана шу орзуси рўёбга чқишига кўпчилик ишонмас эди.
Саййида Салва Фотима ҳаво йўллари компаниясида иш бошлаш арафасида. У Ҳиндистонда Тижорий учувчи лицензияси берилган тўртинчи муслима ҳисобланади.
Янги Зеландиядаги мулти-юргизгич (мотор) ва Баҳрайндаги турли тоифадаги самолётларни бошқаришга рухсат берувчи курсларни тамомлаган ҳайдарободлик аёл “Airbus A320” русумли самолётни бошқариш учун Фуқаролик авиацияси бош директорининг имзосини кутмоқда.
Орзуси йўлида Салва хоним кўп қийинчилик ва тўсиқларни енгиб ўтишига тўғри келди. Оддий новвойнинг қизи бўлган ёш муслима учувчи Ҳайдарободнинг эски шаҳар қисмидаги қашшоқ Султон Шаҳи маҳалласида вояга етган.
Бу ҳикоянинг диққатга сазовор жойи шундаки, дейди http://muslimnews.co.uk нашри, ундаги қаҳрамонимиз қашшоқликдан илм зиёси томон тинмай интилган ва ана шу жараёнда ўзлигини, иймонини сақлаб қола олган.
“Мен доим рўмолимни иш, ўқиш кийими билан бирга ўраб юрдим, бу масалада менга ҳеч қандай тўсиқ бўлмади”, дейди Салва Фотима Ҳиндистоннинг энг йирик янгилик ресурси бўлган IANS нашрига. Баҳрайндаги Кўрфаз авиация академияси эса унинг ҳижобдаги суратини ўз журналида чоп этди.
“Қайси соҳада бўлмасин, авиациями ёки бошқаси, сизга билим ва қобилиятингиз ёрдам беради. Қолган гап бекор. Сиз муайян соҳада белгиланган вазифани астойдил бажара олишингизни исботлашингиз керак. Мен авиация имтиҳонларидан уч маротаба йиқилдим, лекин ҳар сафар имтиҳондан ўта олмай тушкунликка тушганимда, “мағлубият” муваффақиятга босилган қадам эканини эслатиб туришди”, деб ҳикоясини давом эттиради Салва Фотима.
2013 йилда учувчилик қилишга берилган дастлабки сертификатни олганда, Салва Фотиманинг катта самолётларни бошқариш учун ўқишга киришга катта маблағи йўқ эди. 24 ёшни қаршилаган Салва ҳонимни уйдагилари турмушга узатишди. Аёллик вазифасини адо этса, Аллоҳ таоло, албатта, орзусини амалга оширишига ишонар эди. Тақдир қўп куттирмади. Салванинг қизалоғи 4 ойлик бўлганда, унга Телангана ҳукумати турли самолётларни бошқаришга рухсат берувчи сертификатни олиш учун ўқишга молиявий ёрдам кўрсатишини билдирди. Мотоцикл салонида ишлайдиган турмуш ўртоғининг қўлида шўхлик қилаётган қизига қараб Салва Фотима: “Қизим менга омад келтирди”, дейди.
Ўзига ўхшаган катта орзуларга эришишни мақсад қилиб олган қизларга қарата Салва ҳоним бундай дейди: “Мақсадни аниқ қўйинг ва доим у ҳақда ижобий фикрда бўлинг. Мақсадингиз сизни оила ва фарзанд неъматидан тўсиб қўймасин. Фидоийлик ва тинмай қилинган ғайрат албатта орзуингизни амалга оширади”.
Учувчи ҳоним ўзи яшайдиган жамиятга хизмат қилишга бел боғлаган. Ҳар ойлигининг бир қисмини таълим олишга, даволанишга мухтож ва турмуш қуриш учун маблағи бўлмаганларга ёрдам тариқасида сарфламоқчи.
Алишер САТТОРОВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими