Янгиликлар

Зиёратчиларимиз миннатдор

   “Умра – 2016” Рамазон мавсуми ўтган йиллардаги мавсумлар каби Юртбошимиз Фармонларига мувофиқ тузилган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши”нинг қарорлари ва тавсиялари асосида ташкил этилмоқда.

Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир зиёратчига ТИУга қарашли “Зиё”студияси билан ҳамкорликда умра амаллари ҳақида тўлиқ маълумот берувчи Умра қўлланмаси китобчаси ва видеодиски тайёрланди.  Шунингдек, уларга Ўзбекистон рамзи туширилган нимча ва сумка тарқатилди. Булардан ташқари, ҳар бир ҳаж ва умра сафарига борувчиларни тиббий томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳукуматимиз томонидан эътибор кучайтирилди. Жумладан, улар грипп ва менингококкнинг олдини олиш учун тиббий кўрикдан ўтказилиб, эмланди.

Шу йилнинг 25, 27 ва 28 июнь кунлари  “Умра – 2016” Рамазон мавсумининг ишчи гуруҳи аъзолари, ошпазлар, шифокорлар, гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилардан иборат 672 нафари умра арконларини бажариш мақсадида Саудия Арабистонига жўнатилди. Жидда шаҳри аэропортида уларни кутиб олишда ишчи гуруҳи аъзолари ва “Ал-Ҳидоя” ҳамкор ширкат вакиллари хизматда камарбаста бўлди. Ҳамкоримиз “Ал-Ҳидоя” ширкати томонидан Маккаи мукаррамада “Масжид ал-Ҳаром” дан 600 м. узоқликда жойлашган 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада Ҳарами набавийдан 150 метр узоқликда жойлашган “Сафва Мавадда” меҳмонхоналарида зиёратчиларимизга юқори савияда хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, уларни Жидда аэропортидан Мадина шаҳрига олиб бориш, Мадина шаҳридаги қадамжоларига олиб чиқиш, ундан Макка шаҳрига ташиш ва у ердаги зиёратгоҳларга олиб чиқишда замонавий шинам автобусларда хизмат кўрсатилмоқда.

Меҳмонхоналарга жойлашгач, юртдошларимизга моҳир ошпазларимиз томонидан тайёрланган ифторлик ва саҳарлик таомлари тақдим этилмоқда. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига адашиб қолмаслиги учун меҳмонхона маълумотлари акс этган билак тасмаси ва меҳмонхона карталари тарқатилди.

Зиёратчиларимиз Мадинага келганларининг эртасидан ҳамда Маккага келганининг иккинчи кунидан бошлаб “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи, “Нур” тоғи, “Мино”, “Муздалифа” ва “Арофот” водийсига зиёратга олиб чиқилмоқда ва улар мазкур муқаддас қадамжолар тарихи билан таништирилмоқда. Зиёратчилар ўз ибодатларини эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этмоқдалар. Улар умра ибодатини бажариш давомида 3 кун Мадинада ва 7 кун Макка шаҳрида бўлишади.

     Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги меҳмонхоналарда эркаклар ва аёллар учун алоҳида тиббиёт марказлари ташкил этилган бўлиб, мурожаат этишни истаган умрачиларимизга тиббий ёрдам шу ернинг ўзида кўрсатилиши имконияти тўла таъминлаб берилди. 

“Умра – 2016” мавсумининг рамазон мавсуми зиёратчиларини кутиб олиш ишлари шу йилнинг 5 июлидан 9 июлига қадар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Зиёрат чоғида юртдошларимиз муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, умра ибодатини адо этишлари давомида кўзда ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун ҳолда Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари ҳақига хайрли дуолар қилмоқда.

25 йиллик тарихга эга истиқлолимиз шарофати билан Умра амалларини адо этиш йўлида мол-дунё сарфлаб, довонлар ошиб, муқаддас диёр – Маккаи мукаррамада Каъбаи муаззамани тавоф қилиш бахтига муваффақ бўлган азиз юртдошларимизни жонажон Ватанига, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини Аллоҳ таолодан сўраб, Яратган парвардигор зиёратингизни қабул этиб, гуноҳларингизни мағфират айласин, деб қолгаймиз.

   

                                                                     ЎМИ ходими И. Аҳмедов тайёрлади.

 

 

Read 4647 times

Янгиликлар

Top