Янгиликлар

Меҳмонларнинг байрам табриги

Яратганга шукрки, Муборак рамазон ҳайити юртимизда ўзгача шукуҳ ва тароват билан ўтмоқда. Ушбу байрам муносабати билан Диний идора  раҳбариятини табриклаш ва қутлаш учун Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси бўлим бошлиғи Сергей Стаценко, Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич, Арман апостоллик черкови руҳонийси Аваннес (Арамаис Григорян), Яҳудийлар диний жамоаси раввини Борух Абрамчаев, Библия жамияти Бош котиби Холмат Ашировлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюришди.

 Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, Халқаро алоқалар бўлими ходими Мақсуд Каримов кутиб олдилар. Меҳмонлар Диний идора раҳбариятини Рамазон ҳайити байрами билан қутлаб, самимий тилакларини билдиришди.

Ўз навбатида, муфтий ҳазрат меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирди.

Суҳбат давомида ноисломий конфессиялар вакилларининг Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келиб, ўз табрикларини изҳор этаётганлари ва насроний байрамларида мусулмон дин пешволари томонидан табрикланиши диний ва миллий бағрикенгликнинг юқори даражадаги ифодаси эканини маълум қилишди. Ўзбекистондаги бағрикенглик барча учун катта ибрат ва намуна бўла олиши алоҳида таъкидланди.

Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич муфтий ҳазратга Ватикан раҳбари Жан-Луи Кардинал Тораннинг Рамазон ҳайити муносабати билан мусулмонларга йўллаган табригини тақдим этди.

Суҳбат чоғида Муфтий ҳазратлари динлараро ҳамкорлик алоқаларининг ривожида барча дин вакилларининг беминнат қилаётган хизматларини юқори баҳолаб, ўзаро бағрикенглик, тинчлик йўлидаги олиб борилган кенг меҳнат, албатта, келгусида ўз ижобий самара беришига ишонч билдирди. Шунингдек, ҳозирги муқаддас кунларда дунёнинг турли минтақаларида қўпорувчиликларни барча дин қоралашини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув ўзбек миллий ананасига биноан, дастурхон атрофида дўстона ва самимий тарзда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Халқаро алоқалар бўлими

Read 5669 times

Янгиликлар

Top