Янгиликлар

"Энг маърифатли имом – 2018" кўрик танловининг республика босқичи бошланди

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир.

 

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ – 2018" кўрик танловининг республика босқичи бошланди.

Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашмоқда.

 

 "ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ– 2018” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. 

 

Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган.

Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди.

 

Мусобақа давом этмоқда. Танлов ҳақидаги батафсил маълумотларни muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатинг.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3668 times

Янгиликлар

Top