Янгиликлар

II давра VII босқич ўқувлари бошланди

2016 йилнинг 24 июль куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра VII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 70 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Тадбирда Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими М.Камолов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат жараёнида барча имом-хатибларни яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Давлат Мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан табрик ва тилаклар билдирилди. Ушбу энг улуғ ва энг азиз байрамни муносиб ўтказиш бўйича керакли тавсиялар берилди.

Шунингдек, юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида ҳукуматимиз томонидан масжидлар, табаррук қадамжолар таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилгани, шу билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан имом-хатиблар фаолиятини, уларнинг билим даражаларини янада яхшилаш мақсадида, турли хайрли тадбирлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги бузғунчи гуруҳлар, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги турли низо ва фитналардан огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган турли маърифий тадбирларда уларнинг кирдикорларини тўғри ва холисона очиб бериш таъкидланди. Юртимизда чоп этилаётган маънавий-маърифий газета ва журналларда, интернет сайтларида халқимиз, хусусан, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринаётган ёт ғоя ва таҳдидларга қарши долзарб мавзулардаги чиқишлар билан фаол иштирок этиш тавсия этилди.

Тингловчилар ҳукуматимиз томонидан мустақиллик йилларида миллий ва диний қадриятларга, эътиқод эркинлигига берилаётган юксак эътибор ва диний ходимлар малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган, барча шароитларга эга бўлган ушбу илм ва маърифат масканида иккинчи бор ўқувларда иштирок этаётганлари учун Яратганга шукрона келтириб, самимий миннатдорчилик туйғуларини изҳор этди ва дуои хайрлар қилдилар. Тингловчилар бундан олти йил муқаддам бу даргоҳда олган билим ва кўникмалари иш фаолиятлари ва жамоат билан ишлаш асносида ўз самарасини берганини эътироф этиб, дунёда ягона бўлиб турган бу марказ фаолиятига юксак баҳо беришди.

25 июль куни биринчи машғулотлар ўтказилди. Уни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси, Тошкент шаҳри Учтепа тумани “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов олиб борди.

Марказда тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари, ётоқхонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун етарли қулайликлар мавжуд.

 II давра VII босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

ЎМИ Масжидлар бўлими

Read 5319 times

Янгиликлар

Top