Янгиликлар

"Ишонтириш операцияси" ёхуд ижтимоий тармоқдаги тузоқ

"Буни етти кишига тарқатмасанг, 9 соатдан сўнг фалокатга йўлиқасан!" Ярим тунда қўл телефонимга ана шундай мазмундаги смс-хабар келди. Бошқаларга "узатмасам" бир балога гирифтор бўлишим айтилиб, таҳдид солингин бўлса-да, бу мактубни ҳеч кимга жўнатмадим ва ўша заҳоти ўчириб ташладим. Мана, огоҳлантирилган муддат ўтиб кетди ҳамки, соппа-соғман, ишларим ҳам яхши.
Бу электрон хабар менга бундан 15-20 йил илгари номаълум шахслар томонидан тарқатилган диний экстремистик мазмундаги варақаларни эслатди. Афсуски, ўша пайтда айрим содда, ишонувчан юртдошларимиз бундай ёвуз ниятли тўдаларнинг тузоғига илинганди. Уларнинг фаолияти кўпга чўзилмади, аҳоли ўртасида олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида варақалар тарқалишига чек қўйилди. Аммо унинг асорати қанча-қанча бегуноҳ одамларнинг бошига етди, ёш йигитларни чоҳга тортди.

 

Ҳаракатланувчи хат

 

Бугун ана шу "варақа операцияси" Интернетга кўчди. Қандайдир манфаатли гуруҳлар ёки уларга хизмат қилувчи аноним шахслар ижтимоий тармоқлар орқали мазмуни тўмтоқ хабарномалар тарқата бошлади. Улар шундай психологик таъсир чораларини қўллайдики, ҳар қандай киши ҳам беихтиёр тузоққа илиниши мумкин. Бунда ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви, тез ва осон ахборот тарқатиш имкониятидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Мана улардан бири: "Бугун дунёда "РАДНОЙ"ла куни экан. Ҳаётизи охиригача ёнизда бўлишини ҳоҳлаган 10 жигарларизга бу смсни юборин. Манга ҳам жўнатин Жўнатмасез жониз соғ бўсин. 5 та жовоб осез сиз яхши ўртоғсиз. Манам сизни танладим".
Шу кунларда Телеграм ижтимоий тармоғи орқали мана шундай жумлалар билан бошланувчи хабарлар оммавий равишда тарқатилмоқда. Агар мазкур тармоқ фойдаланувчиси бўлсангиз бу смс сизга ҳам борган бўлиши мумкин. Смсга назар ташлар экансиз, ундаги ғиж-ғиж имловий хатодан ижодкори савияси, қандай дунёқараш соҳиби эканини англайсиз. Унинг мана бу қисмини ўқиб тарқатишдан мақсад нима эканини тушунасиз: «Ҳозир бу хат ҳаракатини бошлайди. Бу хатни дўстларизга юборинг ва бугун кечаси 01-00 да, жудаям эшитишни истаган хабарингизни эшитасиз. Кимдир сизга қўнғироқ қилади ва сиз кутган хабарингизни этади ёки фаришталар тушизда янгилик этишади. Бу хатни камида 10 та дўстизга юборинг ва бугун тунда Оллоҳ нма қилишини биласиз! Бу қиш сиз ўзиз яхши кўрган инсониз бн бирга бўласиз. Бугун ярим тунда у сиззи яхши кўришини тушиниб етади. Агар сиз буни давом эттирмасез бахтиззи 1 йилда йўқотасиз." 
Хабарнинг мазмунидан кўриниб турибдики, у ҳаётга енгил-елпи қарайдиган, ахлоқи бузуқ ёшлар аудиториясига мўлжалланган. Электрон хабар ижодкори бундай қатламнинг ўз мақсади йўлида ҳар қандай нарсага тайёрлигини, бунинг учун барча таъсир чораларини қўллашдан тап тортмаслигини яхши билади. Шунинг учун ҳам улар «бугун кечаси сенинг 2 та энг котта муаммоларин ечилади. Ҳамма ишларини таша ва смс ёз» шаклидаги даъватлар билан ёшларнинг онгига таъсир кўрсатади. Бундан кўзлаган асосий мақсад хабарни кўпроқ тарқатиш ва шунинг ортидан пул топишдан иборатдир. Маълумотларга кўра, интернет фирибгарлиги натижасида ҳар йили 400 мингдан ортиқ Интернет фойдаланувчиси зарар кўради. Бундай ноқонуний бизнес орқали жиноий тўдалар тахминан 110 миллиард доллар атрофида даромад олади.

 

9 дақиқадан сўнг...

 

Таҳлилчиларнинг фикрича, мазкур жиноят тури билан шуғулланувчи шахслар одамларнинг ҳаёти, турмуш шароити, диний эътиқоди ва қарашларини обдон ўрганади. Шундан сўнггина синалган психологик технологиялар ёрдамида интернет фойдаланувчисининг онгига таъсир кўрсатади. Улар юқорида келтирилган даъватлар орқали кишиларни ўйламасдан ҳаракат қилишга мажбур этади. Айни пайтда эса диний тусдаги электрон хабарномаларнинг кўпаяётгани барчани огоҳликка чорлаши зарур. Ўрганишларга кўра, шу кунларда ўзбек тилида тарқатилаётган ана шундай смсларнинг 90 фоизини диний мазмундаги хабарлар ташкил этади. Уни тайёрлаб тарқатаётганлар Яратганнинг номини рўкач қилиб, гўёки Қуръони Карим оятларидан иқтибослар келтириб, интернет фойдаланувчисига таъсир кўрсатади.
"Қачонки сиз шаштингиздан тушиб "Эй Оллоҳ мани уйимга кир ва ундаги дарду ғам балодан асра, мани оилам ва яқинларимни ўзинг асра омин" Шу дуони 12 та яхши одамга юборинг 9 минутдан кейин нима бўлишини кўрасиз. Агар хохласангиз соатга қараб туринг" Ёки: "Аллоҳ ушбу хатни ўқиган инсонга икки дунё саодатини насиб этсин омин. Ушбу хатни сизга Саудия Арабистонидан барча мусулмонларга юборилмоқда" жумлалари билан бошланувчи хатнинг мазмуни билан танишсангиз унда очиқчасига қўрқитиш, мажбурлаш борлигини яққол кўрасиз. Мана унинг давоми: "Бу хатни кўпайтириб тарқатган киши барака топади. Пайғамбаримиз уни ва оиласини жаннатга кирувчилар қаторига қўяди. Агар ушбу хатни олганлар уни ўз биродарларига тарқатишни хоҳламасалар уларга Аллоҳнинг рахмати тушмайди... Бу хатни 20 дона кўчириб мусулмонларга тарқатинглар шунда пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В.нинг тилаклари бажарилади... В. исмли одам ушбу хатни олиб кераксиз нарса деб йиртиб ташлаган 9 кун ўтгач вафот этган" 
Диний билимлари саёз, табиатан таъсирчан кишига шундай мазмундаги электрон хабар юборилгач, у беихтиёр ундаги даъватларга бўйсунади. Унинг ижтимоий оқибати қандай бўлишини ўйлаб ўтирмай, бошқаларга тарқатади. "Бу хабар Ҳаждан келди, буни 25 кишига юбор ва бу кечаси можиза билан қаршиланасан Оллоҳ розилиги учун сина, Оллоҳ розилиги учун этиборсиз қолдирма, мен бажардим. Менинг вазифам шу ерда тугади" Одамларнинг диний эътиқодидан келиб чиқиб тайёрланган, манбаси ноаниқ бундай электрон хатларнинг оммавий тарзда ёйилиши бугунги глобаллашув шароитида айниқса хавфлидир. Шу мазмундаги хабарлар ғараз ниятли кимсалар, террорчи тўдаларнинг асосий тарғибот қуролига айланиб бораётгани, улар шу йўл орқали ўз сафдошларини кўпайтиришга интилиётгани ҳам бор гап. Экстремист оқимлар ўйлаб топган бундай PR технологиялар афсуски, бугун ўз натижасини бермоқда. Ҳаётда иши юришмаган, ҳар қандай нарсага нажот фариштаси деб қаровчи кишилар бундай тўдаларнинг ўлжасига айланаётир.
— Бундай смс хабарларнинг динга мутлақо алоқаси йўқ, — дейди "Мовароуннахр" нашриётининг дин асослари бўлими мутахассиси Абдувоҳид Ўрозов. — Динимизда ғайб илмини башорат қилиш куфр саналади. Чунки Пайғамбаримиз (САВ)дек зот ҳам: «Мен ўнг ёнимга салом бердим, чап ёнимга салом бера оламанми ёки йўқми, буни билмайман», деганлар. Шунинг учун ҳам, ижтимоий тармоқлар орқали юқоридаги каби смс-хабарномалар келгудек бўлса, унинг мазмуни қандай бўлишидан қатъи назар бошқаларга тарқатмаган маъқул. Ундаги фикрлар ёлғонлигини, ўйлаб топилганини билиш қийин эмас. Биринчидан, хабарномаларда кўплаб имловий хатолар мавжуд, боз устига ундаги иқтибосларнинг кўпчилиги хато, манбаси ноъмалум. Тарихий фактлар бузиб кўрсатилган.
Бугун ғаразли мақсадларига етишолмаётган айрим қора кучларнинг турли ҳийлалар ишлатиб, инсонларни саросимага солиш орқали ўзларининг қўпорувчилик ишларини амалга оширишга уринаётганини унутмайлик. Агар телефонимизга келган ушбу тарздаги ақидага зид, одамларни ваҳимага соладиган хабарларни бошқаларга юборадиган бўлсак, биз ҳам ёмонликка ёрдам берган бўламиз. Одамлар орасида иғво, фитна уруғларини сочиб, одамларни соғлом эътиқодидан чалғитиш ва турли макру ҳийлалар билан ёмонликка чорлаш улкан гуноҳдир.
Биз ушбу мақола орқали ана шу каби ғараз ниятли кимсаларнинг мақсадларини амалга оширувчи текин ташувчига айланиб қолманг, демоқчимиз. Зеро, 9 дақиқадан ёки бир кеча-кундуздан сўнг нима бўлишини Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди.

 Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ

 Муносабат

 

Ҳақиқатан ҳам бу нарсаларнинг муқаддас динимиз Исломга заррача ҳам алоқаси йўқ. Эсингизда бўлса, бундан бирнеча ўн йил муқаддам халқ орасида машинкада босилган васиятнома, нурнома каби номалар кенг кўламда тарқалиб, қанча-қанча одамларни лақиллатган эди. Уларда ҳам худди шу услуб ва худди шу дастхат кўзга ташланарди. Матн саводсизларча ёзилар ва унда дин ҳақида, ғайб сирларига тааллуқли нарсалар ҳақида таги йўқ маълумотлар келтирилар ва сўнгида “буни фалонча нусха кўчириб фалонча кишига тарқатсанг, ишинг ривожланиб кетади, акс ҳолда бошингга катта мусибат тушади”, “фалончи шу нарса қўлига етиб келганда уни айтилган миқдорда кўпайтириб тарқатган эди, фалонча бойлик ва бахтга эришди”, “пистончи эса йиртиб ташланган эди бир хафтадан кейин мусибатли ўлим топди”, каби таҳдидли ёзувлар, инсонни манипуляция қилувчи буйруқлар, қандайдир юқори оҳангда ийрод этилувчи мавҳум ва улуғвор фармонлар ўрин оларди.

Бу нарсаларнинг динимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биринчидан динимизда бирор хабар келса, уни текширмасдан, аниқламасдан эргашиб кетишдан қайтарилади. Иккинчидан, Ислом таълимотига кўра, ғайбий нарсаларни, келажак сирларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, хоҳ у пайғамбар бўлсин, хоҳ муқарраб фаришта бўлсин. Шундай экан, бу каби саводсиз, бир жумлада бирнечта хато қиладиган манқурт кимсаларга йўл бўлсин ғайбни билишга! Ундан ташқари, динимиз тинчлик, хотиржамлик ва омонлик динидир. Унда “фалон ишни қилмасанг, фалон кунда ўласан, бошингга мусибат тушади!”, каби нарсаларни умуман кўрмайсиз. Динимиз ҳидоят йўлини кўрсатиб унга кирганларга жаннат башоратини беради, нотўғри йўлни ҳам кўрсатиб унга кирганларга қиёматдаги азобдан огоҳлантиради. Шунда ҳам умр бўйи гуноҳ ишлар билан шуғулланганлар умрининг поёнида, жон ҳалқумга келишдан илгари астойдил тавба қилсалар Аллоҳ тавбаларини қабул қилиши, раҳматига олиши таъкидланади. Ёки тавба қилмай ўтганлар агар иймонлари Аллоҳ хоҳласа кечириши мумкинлиги, ёхуд дўзахга тушиб қолган бўлсалар охир-оқибатда ўша иймонлари туфайли ундан қутулиб, жаннатга киришлари муқаррар эканлиги хабар берилади. Аммо, фалон ишни қилмасанг, тўққиз кунда ундай бўласан, тўққиз соатдан кейин бошингга катта мусибат тушади каби аҳмоқона гаплардан йироқдир динимиз. Лекин, фирибгарлар содда халқнинг диний бўлиб кўринган нарсаларни ҳурмат қилиши ва сўзсиз ишонишини билганлари ҳолда ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун тарқатаётган варақаларига айнан диний тус беришни одат қилганлар. Бу каби фирибгарлик тузоғига тушиб қолмаслик учун динни тўғри манбалардан ўрганиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бу каби варақалараг дуч келганда диний идора тизимида фаолият юритаётган имом-домлаларимизга мурожаат қилиб, улардан маслаҳат олиш ҳам фойдадан ҳоли эмас.


Одилхон қори Юнусхон ўғли
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имоми, Шайх Зайниддин жоме масжиди имом-хатиби

 

"Jamiyat" газетасидан олинди/Muxlis.uz 

Read 8153 times

Янгиликлар

Top