Янгиликлар

Дунёнинг энг яхши 10 та университети

 

“Times Higher Education” ҳафталиги ҳар йили жаҳондаги икки юзта энг яхши университет рейтинги – “World University Rankings” ни эълон қилади.

Рейтингдан фақат етакчилар ўрин олган. Натижалар расмий маълумотларга таянган ҳолда, ўн минглаб экспертларнинг баҳоси ва талабаларнинг ижтимоий сўровномалари асосида чиқарилади.

Ушбу рейтингда эълон қилинган энг кучли ўнталикни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1-ўрин Йель университети, Коннектикут, АҚШ.

Хусусий тадқиқот университети бўлиб, АҚШ мустақиллиги учун бўлган урушдан аввал асос солинган тўққизта мустамлака коллежидан учинчиси ҳисобланган. Йелда нафақат гуманитар ва аниқ фанлар бўйича, балки илоҳиёт ва актёрликдан ҳам сабоқ олиш мумкин. Бу ерда Билл ва Хиллари Клинтонлар, иккала Буш, иқтисодчи Пол Кругман, актёрлар Дэвид Духовни ва Эдвард Нортон, актрисалар Мэрил Стрип, Сигурни Уивер ва Жоди Фостер, ёзувчи Синклер Льюис ва яна кўплаб машҳур кишилар таҳсил олишган.

Университет шиори: “Lux et veritas” – “Нур ва ҳақиқат”.


2-ўрин Лондон Империя коллежи, Буюк Британия.

Бу олий ўқув юрти тўртта факультетдан иборат: табиий фанлар, муҳандислик иши, тиббиёт ва бизнес. Бу ерда ёзувчи Герберт Уэллс, “Queen” гитарачиси Брайан Мэйлар таҳсил олишган.

Билим юрти шиори: “Scientia imperii decus et tutamen” – “Билим – Империянинг безаги ҳамда ҳимоясидир”.


3-ўрин Берклидаги Калифорния университети, АҚШ.

Жамоатчилик тадқиқот университети. Энг яхши марказ сифатида компьютер ва IT-технологиялари, иқтисод ва физика соҳасида кучли мутахассисларни етказиб беради. Берклидаги физика Иккинчи жаҳон урушида атом бомбасини яратишда улкан ҳисса қўшган. Бундан ташқари олийгоҳ фаол талабалари билан ҳам машҳур. Бу ерда “Apple” ихтирочиси Стив Возняк, актёр Грегори Пэк, ўқитувчи ва сиёсатчи Роберт Макнамаралар таҳсил олишган.

Шиори: “Fiat Lux” — “Зиё таратиш”.


4-ўрин Принстон университети, Нью-Жерси, АҚШ.

Худди Йелга ўхшаб у ҳам АҚШ мустақиллиги учун бўлган урушдан аввал асос солинган тўққизта мустамлака коллежларидан бири бўлган. Университет тарихи ёзувчи Нина Берберова, президент Вудро Вильсон, актриса Брук Шилдс, ёзувчилар Харуки Мураками ва Фрэнсис Скотт Фицжеральд номлари билан боғлиқ.

Шиори: “Dei sub numine viget” — “Худонинг қудрати билан тараққий этади”.

 
5-ўрин Массачусетдаги технология институти, АҚШ.

Бу олийгоҳ жуда ҳам машҳур инсонларни ўз бағрида тарбиялаган. Жумладан, олий ўқув юртининг 81 аъзоси Нобель мукофоти лауреатлари ҳисобланишади. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Институтни Федераль захиранинг собиқ бошлиғи Бен Бернанке, Бош вазир Бенжамин Нетаньяху, БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннанлар тамомлашган.

Шиори: “Mens et Manus” — “Ақл ва қўл”.

 

6-ўрин Кембриж университети.

Буюк Британияда Оксфорддан кейин 1209 йилда асос солинган иккинчи университет. 88 нафар Нобель мукофоти соҳибларининг фаолияти ушбу таълим даргоҳи билан бевосита ёки билвосита боғлиқ.

Шиори: “Hinc lucem et pocula sacra” — “Бу зиё ва муқаддас илдизлар еридир”.

 

7-ўрин Стэнфорд университети, Калифорния, АҚШ.

Кремний водийсидаги хусусий тадқиқот университети. Университетни тамомлаганлар орасида “Hewlett-Packard”, “Yahoo”, “Google”, “Nike”, “Gap”, “PayPal”, “Instagram” каби компаниялар асосчиларини учратиш мумкин. Бундан ташқари бу ерда президент Герберт Гувер, Исроил собиқ Бош вазири Эҳуд Барак, АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфоллар ўқишган. Олийгоҳда бизнес, ҳуқуқ, тиббиёт ва техника факультетлари бор.

Шиори: “Die Luft der Freiheit weht” – “Шамол эркин эсаверади”. Бу ҳикмат немис инсонпарвар рицари Ульрих фон Гуттенга тааллуқлидир.

 

8-ўрин Оксфорд университети, Буюк Британия.

Эски инглиз тилидаги университет, унга XI асрлар атрофида асос солинган. Асосий йўналиши — гуманитар, математика, физика, ижтимоий фанлар, тиббиёт соҳалари. Оксфордни 25 нафар британ Бош вазири тамомлаган. Бу ерда Маргарет Тэтчер, файласуф Томас Гоббс, ёзувчилар Жонатан Свифт, Оскар Уайльд, Жон Толкин ва Олдос Хаксли, физик Стивен Хокинглар таҳсил олишган.

Шиори: “Dominus Illuminatio Mea” – “Худо – менга таълим бергувчи”.

 

9-ўрин Гарвард университети, Массачусетс, АҚШ.

Гарвардни АҚШнинг саккиз нафар президенти тамомлаган. Университет билан 75 нафар Нобель мукофоти соҳиби бевосита ёки билвосита боғлиқ. Гарвард университети битирувчилари орасидан энг кўп миллиардер чиққан олий ўқув юрти сифатида мамлакатда биринчи ўринда туради. Университетни БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Теодор Рузвельт, Франклин Рузвельт, Барак Обама, покистонлик сиёсатчи Беназир Бхутто, актриса Натали Портманлар тамомлашган.

Шиори: “Veritas” — “Ҳақиқат”.

 

10-ўрин Калифорния технология институти.

Ер юзидаги аниқ фанларга ва муҳандисликка ихтисослашган машҳур университетлардан бири. НАСАнинг асосий космик аппаратлари унга қарашли. 31 нафар Нобель мукофоти лауреатлари ушбу университет билан боғлиқ.

Шиори: “The truth shall make you free” — “Ҳақиқат сизга эркинлик беради”.

 

Интернет материаллари асосида

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

 

Read 6078 times

Янгиликлар

Top