Янгиликлар

Қалблар меҳрга тўлди

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  бир қатор қонунлар билан кафолатлаб қўйилди. Хусусан, етим болаларнинг таълим-тарбияси ва  уларнинг келажагига ҳам катта эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”, деб алоҳида қайд қилинди.

Динимиз таълимотига кўра ҳам, етимларни ўз қарамоғига олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериб, ота-онаси йўқлигини билдирмаслик Аллоҳ наздида энг севимли амаллардан ҳисобланади. Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ етимлар ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирди ва буни олий амал даражасига кўтарди. Чунки улар ёрдам ва марҳаматга бошқалардан кўра муҳтождир. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!». Яъни, уни хорламанг, камситманг, ҳаққини еманг ва ҳоказо. Ҳадиси шарифда: «Мусулмон оилаларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилувчисидир, энг ёмони эса, етимга ёмонлик қилувчисидир»,  дейилади.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан жойларда имом-хатиблар ташаббуси билан ҳомийлар ёрдамида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига меҳр-мурувват кўрсатилиб, бир қатор хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 11 август куни Самарқанд шаҳридаги “Намозгоҳ” жоме масжиди имом-хатиби Ҳамза Пўлатов иштирокида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 9-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун байрам дастурхони ёзилиб, 6 нафар ўғил боланинг хатна тўйи ўтказилди. Болаларга ҳомийлар томонидан тўёна сифатида  кийим-кечаклар улашилди.

Байрам шодиёнаси арафасида ўксик қалбларга хурсандчилик ва хушнудлик улашиш мақсадида уюштирилган байрам дастурхони атрофида жамланганларнинг юзларида севинч аломатлари акс этиб турарди.

Тадбир сўнгида Меҳрибонлик уйи раҳбарияти томонидан масжид ходимлари ва ҳомийларга чуқур миннатдорчилик билдирилди.

 

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

 

 

Read 4482 times

Янгиликлар

Top