Янгиликлар

РИО – 2016 МУНОСИБ ТУҲФА

Хабарингиз бор, 22 август куни ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт фестивали Рио–2016 Олимпиадаси ўз ниҳоясига етди. Дунёнинг 207 мамлакатидан вакиллар иштирок этган ушбу нуфузли мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган 70 нафар спортчимиз Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келди.

Ўзбекистон жаҳон олимпиадалардаги илк иштирокини 1996 йили Атлантада ўтказилган мусобақлардан бошлаган бўлиб, 2016 йилга қадар спортчиларимиз жами 21 та, шундан 6 та олтин медални қўлга киритганлар.

Бу йилги XXXI ёзги Олимпиада мусобақаларида жами 13 та медал, шундан 4 та олтин медални қўлга қиритган юртимиз вакиллари мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига энг яхши совғани туҳфа этишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ушбу натижалар билан бутун дунёда – 21-, Осиёда – 4-, МДҲда – 2-, Марказий Осиёда –1-ўринни забт этди.

 Бокс жамоалари ўртасидаги халқаро рейтингда мамлакатимиз спортчилари дунёда 1-ўринни банд этишди. Мусобақаларда 10 та вазн тоифасида иштирок этган чарм қўлқоп усталаримизнинг 7 нафари медал билан қайтишга муваффақ бўлди.  Улардан 3 нафари – Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаров Олимпиада чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлишди. Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев кумуш медални қўлга киритган бўлса, Рустам Тўлаганов ҳамда Муроджон Аҳмадалиев бронза медаллари билан тақдирланишди.

Ўз рақибларига имконият қолдирмай, мутлақ ғолибликни қўлга киритган Ҳасанбой Дўсматов Рио Олимпиадасининг энг яхши боксчиси деб топилди ва унга олий мукофот – Вэл Баркер Кубоги топширилди.

Шунингдек, икки нафар дзюдочимиз бронза медалини қўлга киритишди. Оғир атлетикачимиз Руслан Нуриддинов ўзига билдирилган ишончни оқлаш билан чекланмай, силтаб қўтариш баҳсларида Олимпиада рекордини ҳам янгилади.

Элмурод Тасмуродов юнон-рум кураши бўйича бронза медалини қўлга киритган бўлса, Олимпиаданинг сўнгги кунида икки эркин курашчимиз Ихтиёр Наврўзов ҳамда Магомед Ибрагимовлар ҳам бронза медалларини қўлга киритишди.  

Қувонарлиси, ушбу ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизнинг деярли барчаси мустақиллик йилларида туғилиб ўсган, қишлоқ туманларида вояга етган ёшлар бўлиб, улар эришган ютуқлар давлатимиз Раҳбари бошчилигида ёшларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг ёрқин самарасидир.

Олимпиада иштирокчилари Риога сафарлари олдидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюришди. Муфтий Усмонхон Алимов спортчиларимиз юртимизга ёруғ юз билан қайтишларини сўраб, дуо қилган эдилар. Барча юртдошларимизнинг хайрли дуолари ва эзгу ниятларининг ижобати ўлароқ, мустақил Ўзбекистон вакиллари дунё мамлакатлари орасида кучли 21-ўринни эгаллашди.

Спортчиларимизнинг Рио Олимпиадаси мусобақаларида қўлга қиритган ғалабалари энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

 

  Интернет маълумотлари асосида

Собиржон НИГМАТОВ

тайёрлади.

Read 4623 times

Янгиликлар

Top