Янгиликлар

Келин танлашда тавсиялар

 Келин танлашда қуйидагиларга аҳамият бериш лозим:

  1. Оҳ-воҳ қилиб, ҳамма нарсадан нолийверадиган;
  2. Қилган ишини миннат этадиган;
  3. Бегона эркакларга – кўз учида бўлса ҳам – шаҳват билан қарайдиган;
  4. Ташқарида безаниб-ясаниб, уйида бефаросатлик билан кийинадиган;
  5. Итоатсиз, кибрли, қўпол қизларни асло жуфтликка танлаб бўлмайди.

 Имом Ғаззолий “Никоҳ одоби”да жуфт танлашда қуйидаги саккиз жиҳатга аҳамият бериш лозимлигини таъкидлаган: 

  1. Бўлғуси келиннинг дин-диёнатли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳақиқий солиҳа, диёнатли аёлда кейинчалик бошқа ибратли, яхши жиҳатлар ҳам жамулжам бўлади. 
  2. Яхши ахлоқли бўлиши ҳам муҳим. Зеро, маҳмадона, шаллақи, қаноатсиз, бузуқи аёлдан солиҳ фарзанд дунёга келиши даргумон. Шу боис бўлажак куёвларга миннатни хуш кўрадиган, шаҳватпараст, молпараст, бесабр, кўча учунгина безанадиган хулқи ёмон қизлар билан оила қурмаслик тавсия этилади. 
  3. Келиннинг гўзал, хушрўй бўлиши ҳам зарурий шартлардан саналади. Чунки муҳаббатни алангалантирувчи омиллардан бири чеҳра гўзаллигидир. Кўримсиз аёл чеҳраси кўнгилни тезда зада қилиши мумкин. Шу билан бирга, гўзаллик диёнат ҳамда хушхулқлик билан айро бўлмаслиги лозим. Диёнатсиз, бадхулқ аёлнинг чеҳра гўзаллиги бузуқликка етаклаши хавфи бор. 
  4. Келинга бериладиган маҳрнинг оз бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир.
  5. Келиннинг туға олиш қобилиятига эга бўлиши ҳам ўта муҳим. Ҳақиқатан, ҳомиладор бўлиш имкониятидан маҳрум аёлларга уйланмасликни кўп олимлар маъқуллашган. Чунки уйланишдан кўзланган мақсадлардан бири ўзидан зурриёт қолдириш, наслни давом эттиришдир. 
  6. Жуфтликка танланган қиз бокира бўлгани яхши. Сабаби:
    – Бокира келинчак илк дўст қадрини англаши боис фақат ўзи билган эрини сева олади, одатда, у билан кифояланади, олдин эркак синаган аёлга нисбатан эрига муҳаббатли бўлади;
    – бокира аёл эри томонидан кўпроқ севилади. Чунки рафиқасининг олдинги турмушини эслаш эркак кўнглини ғаш қилиши, эҳтиросини сусайтириши мумкин;
    – олдин турмуш қурган аёл биринчи эрини кўпроқ эслайди. Зеро, муҳаббат илк жуфт билан жўшқинроқ бўлади, хотирада яхшироқ сақланади. 
  1. Аёлнинг насл-насабли бўлиши ҳам турмушда муҳим ўрин тутади. Ўзбекчиликда етти аждодни суриштирилиши бежиз эмас. Зотан, таг-тугли, зоти асл, диёнатли қизларгина келажакда иффатли, ҳаёли муслима аёл бўлиб, солиҳ ва соғлом фарзандларни тарбиялашга қодир бўлади. Бу ўринда наслий касалликларни суриштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
  2. Жуфтликка танланган аёл яқин қариндош бўлмагани маъқул. Чунки шаҳват қуввати ҳам эҳтиросли назар, эркалашлар шижоатига узвий боғлиқ. Замонавий тиббиёт илми эҳтирослар жўшқинлиги аёлнинг нотанишлигига боғлиқ эканини эътироф этмоқда. Аниқланишича, яқин қариндошлардан тузилган оиладаги эркакларда “руҳий мижоз сустлиги” дарди анча кўп учрар экан. Бунинг яна бошқа салбий жиҳатлари бор. Бу ҳақида қуйида тўхталиб ўтамиз

 (Манба: Ўктам Муҳаммад Мурод, “Эр-хотинлик бахти ёхуд жинсий маданият”).

 Одилхон қори Юнусхон ўғли/Muxlis.uz

 

Read 5890 times

Янгиликлар

Top