Янгиликлар

Дунё кунларининг энг афзали

Йиллар, ойлар кунлар дақиқа ва сониялар Аллоҳ таолонинг бандага берган буюк бир неъмати ва ўз навбатида омонати ҳамдир. Зотан, банда умр деб аталмиш бу улуғ неъматни қадрлаши ва ундан унимли фойдаланиши лозим. Аллоҳнинг наздида ҳар бир ой ёки куннинг ўзига яраша аҳамияти бор. Хусусан ойлар ичида ҳижрий-қамарий йилнинг охирги ойи зулҳижжа ойи харом (уриш тақиқланган) ойлардан ҳисобланади. Мана шу ойнинг биринчи ўн куни алохида эътиборга молик. Бу кунлар тоат ва яхши амалларнинг кўпроқ қилинадиган мавсум бўлиб, ким ўзарга яхшиликларни кўпайтиш ва мусобақа қилиш лозимки, хатто баъзи уламоларимиз бу кунларнинг дунё кунларининг энг афзали деб баҳолашган. Уламо ва фузалолар мазкур кунлар ўзига жуда кўплаб яхшиликларини ўз ичига олганидан Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан ҳам афзал деб қарашган ва  у кунларда кўпроқ солиҳ амал қилишга қаттиқ бел боғлаганлар. Нафл рўза, садақотлар ҳамда эзгу амаллар билан зийнатлашни таъкид қилганлар.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас...”-деганлар. (Бухорий ривояти). Шу билан биргаликда Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида бу куннинг улуғлиги ва фазилати кўплигидан қасам ичиб “Фажр” сурасининг 1-2-оятларида шундай марҳамат қилган:

وَالْفَجْرِ* وَلَيَالٍ عَشْرٍ

 Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, “Ўн кеча” билан,

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилишдай маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенг. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса, Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”-дедилар. (Термизий ривояти).

Бу кунларнинг афзалликлардан яна бири, ислом дини арконларидан бири бўлган ҳаж ибодатини шу кунларда адо этилишидадир. Албатта, Аллоҳ таоло насиб этиб ҳаж қилишган имкон топган бандалар Буюк Зотнинг меҳмони бўладилар.

Яна, бу муборак кунларда қилиш вожиб бўлган амаллардан бири, “такбири ташриқ” арафа куни бомдод намозидан зулҳижжанинг ўн учинчи куни аср номозини адо этгач, байрам такбирини айтишликдир. Ҳанафий мазҳаби уламолари йигирма уч фарз намозларидан сўнг айтишни фожиб санаганлар.

Ҳажга бормаган кишилар учун арафа кунининг нафл рўзасини тутишликка тарғиб қилинган. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффороти бўлур”-дедилар (Абу Довуд ривояти).

 Шу кунларда қилинадиган амаллардан яна бири ҳайит (ийд)  намозини ўқишдир.

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ

Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси 2-оят). Бу оятдаги намоз ийд намозидир. Шунинг учун Ҳанафий мазҳабида ийд намози вожиб, дейилган.

Демак, бу муборак кунларда қилинадиган ишлардан яна бир, жонлиқ сўйишга қодир бўлган кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Унинг вақти, ҳайит намозини адо қилгандан зулҳижжани ўн иккинчи куни кун ботгунича. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Одамзот сўйиш куни қон оқизишдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у ҳайвонлар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилдан чиқарингиз”-дедилар. (Термизий ривояти).

Хулоса ўринида шуни айтиш ўринлики, зулҳижжани ўн кунида имкон қадар савоб, эзгу амалларни кўпайтиришга шошилиайлик, шунда жуда катта яхшиликлар соҳибига айланамиз. Яратган бу муборак кунларни халқимизга баракотли қилсин.

 Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
 “Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

Read 4712 times

Янгиликлар

Top