Янгиликлар

“Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан”

Жорий йилнинг 8 август куни Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида Тошкент ислом институтининг катта ўқитувчиси Уйғун Ғофуров 2-курс талабаларига “Маънавият асослари” фанидан “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” мавзусида очиқ дарс ўтди. Дарсда Дин ишлари бўйича қўмита Таълим ва кадр тайёрлаш бўлими бошлиғи С.Шерхонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари И.Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадр тайёрлаш бўлими бошлиғи А.Дўсматов, Тошкент Ислом институти маънавий ва ахлоқий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухарбоев, “Диний фанлар” кафедра мудири С.Примов, “Тиллар” кафедра мудири Ф.Маманасиров қатнашди.

Уйғун Ғофуров халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган Мустақилликнинг бебаҳо неъматлари қадр-қимматини ёш авлоднинг теран идрок этиши, ўтган давр мобайнида босиб ўтган мураккаб ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини, Биз кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлганимизни қуйидаги мисоллар билан тушунтириб берди:

Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очди   

Ўзбекистон собиқ мустабид тузумнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бирёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, “шок терапияси” каби номаъқул моделлардан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олди ва дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ушбу ривожланиш стратегиясининг реал натижалар берди.

Юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга обод ва гўзал бўлиб бормоқда, жумладан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича жорий этилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамияти каттадир.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб халқимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш қатор қарорлар қабул қилинди. Улар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ўз она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, янги авлодни тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган ишларнинг салмоғи беқиёс. Фақат сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан зиёд сузиш ҳавзаси қурилган ва реконструкция қилинган. Бугунги кунда 2 миллион нафар фарзандимиз, жумладан, 840 мингдан ортиқ қизларимиз спорт билан мунтазам шуғулланаётир.

Диний таълим соҳасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 9 та ўрта махсус ислом билим юрти ва 1 та Тошкент ислом институти фаолият кўрсатаётир, мазкур  билим юртларининг дарсхоналари давр талаби асосида замонавий қилиб жиҳозланган. Ўқитувчилар ушбу билим юртларида замонавий техник воситалар ва кўргазмали ўқув материалларидан фойдаланиб, янги педагогик технологиялар асосида дарс ўтаётир, билим юртларини тугатганлар кенг ва ҳар томонлама пухта билим эгаси бўлаётир.

Юртимизда тинч ва осойишта ҳаёт ҳукм сурмоқда. Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, узоқ ва яқин атрофимиздаги давлатлар билан дўстона муносабат ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган рейтингда кейинги 3 йилда иқтисодиёти энг тез ривожланаётган давлатлар орасида мамлакатимиз 5-ўринни эгаллади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллади

Мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорлик таъминланиб, Ватанимиз мустақиллиги, тинч, осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам ва ишончли кафолати таъминланган

Бундай юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бораётганидандир.

Жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити тобора мустаҳкамланиб, бу борада фуқаролик жамияти институтлари, ўзини ўзи бошқариш идоралари, жумладан, маҳалланинг роли ва таъсири ортди.

Халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари сабабидан деб билади.

Ислом Каримов раҳбарлигида Истиқлол ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

 Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Read 4920 times

Янгиликлар

Top