Янгиликлар

Тарих фанидан очиқ дарс ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига бағишлаб диний соҳада амалга ошириладиган тадбирлар режасига ва 2016–2017 ўқув йили очиқ дарс жадвалига мувофиқ жорий йилнинг 15 октябрь куни “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида Маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини ва тарих фани ўқитувчиси Адилбой Ережепов 1-курс талабаларига “Ўзбекистон тарихи” фанидан очиқ дарс ўтказишди. 

Очиқ дарс ўтказишдан кўзланган асосий мақсад таълим муассасаси ўқитувчиларининг мутахассислиги бўйича билимларини ошириб бориш, соҳа бўйича ютуқларини ёш мутахассислар орасида оммалаштириш ва камчиликларни бартараф этиш, дарсларни замонавий интерфаол услублар, слайдлар, кўргазмали ва тарқатма материаллар ёрдамида ташкил этишдан иборат.

Очиқ дарсда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қорақалпоқ тили кафедраси ўқитувчиси Қ. Мамбетов, шу институтнинг кимё технологиялари факультети ўқитувчиси, кимё фанлари номзоди, доцент Б. Жумабаев, билим юрти мудири Ш. Бауатдинов ва бошқа ўқитувчилар иштирок этишди.

Ўтказилган очиқ дарс шуниси билан барча ўқитувчиларга маъқул келдики, унда ўқитувчи томонидан уйга вазифани сўрашда класстер методидан кенг фойдаланилди. Талабаларни беш нафардан учта кичик гуруҳларга бўлган ҳолда, ҳар битта гуруҳга уй вазифаси сифатида алоҳида мавзулар берилган бўлиб, уч нафар талаба иштирокида бири спикер бўлиб мавзуга умумий тушунча бериб ўтган бўлса, икки нафар талаба доскага хронологик ва жадвал асосида тушунча берди. Гуруҳдаги қолган икки нафар талабага ўқитувчи томонидан мавзуга оид тест материалларини ечиш орқали уйга берилган вазифа бажарилди.

Ушбу учта гуруҳдан ташқари беш нафар талабадан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилди ва уйга берилган вазифани баҳолаб борди. Ҳар битта гуруҳга мавзуни ёритиб бериш ва умумий тушунча бериш учун Time Ciper томонидан 5 дақиқа вақт ажратилди. Талабаларнинг уйга вазифани қай даражада бажарганликларини ушбу ҳакамлар ҳайъати аъзолари мунтазам кузатиб борди ва умумий балларни тақдим қилдилар. Ўқитувчи томонидан янги мавзу тушунтирилди ва бу бўйича тайёрланган слайдлар талабалар ихтиёрига ҳавола этилди. 

Ўтказилган очиқ дарсда экспертлар томонидан қуйидагича дарс анализи қилинди.

Таълим йўналиши, гуруҳ, журналларнинг юритилиши, талабаларнинг давомати, хоналарнинг тозалиги, ўқитувчининг ўқув-норматив ҳужжатлари жамланмаси (ОМК), дарснинг ташкилий бўлими,  уйга вазифани сўраш, баҳолаш, ўтилган мавзуни такрорлаш, янги мавзуни таништириш, янги мавзуни мустаҳкамлаш, педагогик технологиялардан фойдаланиши, дарсни техник ва кўргазмали қуроллар билан таъминлаш, уйга топшириқ бериш, дарсни умумий қилиш, дарснинг ютуқлари, камчиликлари, дарс ўтиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ва дарс жуда аъло даражада ўтказилди дея эътироф этилди.

 

 

САЛАМАТ КУДАЙБЕРГЕНОВ,

                                              Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ал-Беруний”  ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси

 

Read 8308 times

Янгиликлар

Top