Янгиликлар

Ислом дини таълимотларида бағрикенглик  ва ҳамжиҳатлик тамойиллари

  Халқаро диний бағрикенглик куни муносабати

билан ўтказилган анжуман, 2016 йил 16 ноябрь

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий

Бизнинг халқимиз азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Кексаларимиз дуога қўл очганда: “Парвардигоро, бизга кенг феъл, кетмас давлат бергин”, деган иборани доимо такрорлашади. Улуғларимиз дуосидаги “кенгфеъллик” сўзи айни бағрикенглик маъносини билдиради. Қадимдан Ўзбекистон заминида яшаган миллатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўй-у маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бағрикенгликни таъминлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Эътиқод эркинлиги ва миллатлар ўртасидаги ўзаро тотувликни таъминлашга йўналтирилган ислоҳотлар туфайли диёримизда   16 та диний конфессия, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқдалар.

Юртимизда яшовчи турли дин вакилларига диний маросимларини ўтказишлари ва мамлакат ҳаётида фаол иштироклари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш керак. Буни бутунжаҳон эътироф этмоқда.

Яқинда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти-нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жон Мак юртимиздаги диний бағрикенглик муҳитига юқори баҳо бериб, Ўзбекистондаги динлараро ҳамжиҳатликни барча давлатларга намуна бўлишини эътироф этди. Шунингдек, Бельгиядаги Левен католик университети профессори Ю.Янсен: “Ўзбекистон диний бағрикенглик ва диний сабр-тоқатлик муҳитини асраш ва ривожлантириш борасидаги ишлар бошқа мамлакатларга ибрат бўлади”, деб ўз мулоҳазасини билдирди.

Шунингдек, 29 октябрь куни, Тошкент шаҳрида АҚШ давлат котиби ўринбосари билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Тошкент ва Ўзбекистон Епархияси метрополити, Рим католик черкови Епископи ва Бахая эътиқоди вакили ўртасида суҳбат бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида АҚШлик меҳмон Ўзбекистондаги динлараро тотувликдан ҳайратланиб, конфессиялар, турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшашларига ҳавас қилди ва ушбу тажрибани бошқа юртларда ҳам қўллаш керак, деган фикрни билдирди.

Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда. 

Маълумки, динлараро бағрикенглик тушунчаси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, эзгу ниятлар йўлида ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга даъват этади.

Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони азиймуш-шонда:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводор-роғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13), деб марҳамат қилинган.

Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Айни чоғда, Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Инсонлар турли халқ ва қабилаларга бўлинишининг сабаби ўзаро танишиш, ҳамкорлик қилиш ва маърифат ҳосил қилишдир.

Ислом дини аввал бошдан бошқа дин вакилларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлишди.

Бу борада Аллоҳ таоло бундай дейди:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).

 

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, самарқандлик фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” номли тафсир китобида ушбу оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб қайд қилган. Мовароуннаҳрлик машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.

Бошқа дин вакилларига олижаноблик қилиш борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсониятга ибрат бўлдилар. Ул зот Мадина шаҳрига келганларида биринчи амаллари давлат ишларидаги ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга оид аҳднома тузиш бўлди. Шунингдек, аҳли китоб қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам ҳадя қабул қилар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.

Набий алайҳиссалом ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъий назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат  қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Жумладан Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан одамлар тобут кўтариб ўтишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин саҳобалар унинг яҳудий эканини айтишди. Шунда Расулуллоҳ: “У руҳ эгаси – инсон эмасми?!” – дедилар”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам, у зот бошлаб берган бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси давом этди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганларидан ҳам кўп имкониятлар берилган. Мана бу ҳам Исломдаги бағрикенгликнинг яққол намунасидир.

Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, – деган экан.

Бу каби мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

 

 

Read 5397 times

Янгиликлар

Top