Янгиликлар

Имом бухорийга муносиб ворис бўлайлик!

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 2-курс талабалари ўртасида ҳадис фанидан “Имом Бухорийга муносиб ворис бўлайлик” шиори остида мусобақа бўлиб ўтди. Талабаларнинг билим савиясини ошириш ва мутахассислик фанларига бўлган иштиёқни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига биноан институтда алоҳида фан ойлиги ташкил этилган. “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ойлиги муносабати билан ўтказилган мазкур мусобақа талабалар ўртасида ҳадис фанига бўлган қизиқишни янада мустаҳкамлади.

Мусобақа муҳаддислар, уларнинг асарлари, мусталаҳул ҳадис атамаларига оид саволлар, Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида келган ҳадисларни ёддан айтиш каби тўртта шартдан иборат эди.

Мусобақа иштирокчиларини Тошкент ислом институти ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори И.Аҳроров, Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот марказининг ҳадисшунослик бўлими мудири т.ф.н. Д.Муродов, “Тиллар” кафедраси мудири Ф.Маманосиров, “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчилари М.Сайдалиев ва С.Масайитовлардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.

Мусобақа Қуръони карим тиловати билан бошланди. Институт ректори У.Ғафуров кириш сўзини айтиб, мусобақа иштирокчиларига муваффақият тилади. Тўртта шарт бўйича пухта тайёрланган 2-курс талабалари ҳадис ва мусталаҳал ҳадис фани бўйича эгаллаган билим ва маҳоратларини намойиш этишди.

Мусобақа якунига кўра, 2-Д гуруҳи 177 балл билан биринчи ўрин, 2-А гуруҳи 160 балл билан иккинчи ўрин, 2-Г гуруҳи 159 балл билан учинчи ўрин ҳамда 2-Б гуруҳ 152 балл билан тўртинчи эгаллади.

Мусобақа сўнгида ғолибларга институт раҳбариятининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

  

                              ТИИ “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси  Ф.Жўраев

Read 3558 times

Янгиликлар

Top