Янгиликлар

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”

Ҳар бир янги йилни янгича номлаш юртимизда хайрли анъанага айланган. Бу жараён истиқлол йилларида изчил амалга оширилиб, кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида миллий тараққиёт, Ватан ободлиги ва фаровонлигида ниҳоятда катта аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилни – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши барча юртдошларимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

Ўтган йиллар номларини бир эсга олсак: 1991 йил – “Алишер Навоий йили”, 1992 йил – “Ҳамширалар йили”, 1993 йил – “Аҳмад Яссавий йили”, 1994 йил – “Мирзо Улуғбек йили”, 1995 йил – “Ибн Сино йили”, 1996 йил – “Амир Темур йили”, 1997 йил – “Инсон манфаатлари йили”, 1998 йил – “Оила йили”, 1999 йил – “Аёллар йили”, 2000 йил – “Соғлом авлод йили”, 2001 йил – “Оналар ва болалар йили”, 2002 йил – “Қарияларни қадрлаш йили”, 2003 йил – “Обод маҳалла йили”,        2004 йил – “Меҳр ва мурувват йили”, 2005 йил – “Сиҳат-саломатлик йили”, 2006 йил – “Ҳомийлар ва шифокорлар йили”, 2007 йил – “Ижтимоий ҳимоя йили”, 2008 йил – “Ёшлар йили”, 2009 йил – “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”, 2010 йил – “Баркамол авлод йили”, 2011 йил – “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, 2012 йил – “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил – “Обод турмуш йили”, 2014 йил – “Соғлом бола йили”, 2015 йил – “Кексаларни эъзозлаш йили”, 2016 йил – “Соғлом она ва соғлом бола йили” деган номлар остида кўп соҳаларга алоҳида эътибор берилиб, хайрли ишлар амалга оширилди.

Кириб келаётган янги 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши ҳам азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсон қадрини, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми, десак муболаға бўлмайди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллиги муносабати билан шу йил 7 декабрь куни тантанали тадбирда бундай деди: “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”.

Таъкид жоизки, келгуси йилда ана шу борада режалаштирилган ишлар, вазифалар бажарилади. Инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларда инсон манфаатлари устувор бўлган давлатдагина инсон ҳуқуқлари ҳимоя этилади. Аслида давлатнинг барча тармоқлари ўз фаолиятини фуқаро ҳуқуқини ҳимоялаш ва қўриқлаш ишига сафарбар қилиши лозим. Ана шундай юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватанининг азизи эканини ҳис этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Read 7440 times

Янгиликлар

Top