Янгиликлар

Танлов ғолиблари тақдирланди

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинки, муборак Рабиул-аввал ойида турибмиз. Рабиул-аввал ойи бошқа ойлардан фарқли ва аҳамиятга моликдир. Боиси, бу муборак ой оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари қилиб юборилган Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллуд ойлари ҳисобланади. Бу ойда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар бир кунимиз, амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. 

Шу муносабат билан «Мирза Юсуф» жоме масжиди ҳамда www.mehrob.uz интернет саҳифаси ижодкорлари @Mehrobuz телеграм каналида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаёт тарзлари ҳақида 10 та саволларга жавоблар юбориш бўйича жорий йилнинг танлов ўтказди.

Танловда жуда кўплаб мухлислар иштирок этди. @Mehrobuz телеграм каналига шу вақт оралиғида, 4353 иштирокчи ўз жавобларини йўллади.

«Мирза Юсуф» жоме масжиди ва www.mehrob.uz интернет саҳифаси ходимлари, мухлислар томонидан юборилган жавобларни ўрганиб чиқишди ва 4353 иштирокчилар орасидан ғолиблар аниқланди.

2016 йилнинг 18 декабр куни «Мирза Юсуф» жоме масжидида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов кириш сўзи билан ушбу тадбирни очиб берди ва бу танловдан кўзланган мақсад Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратларини янада чуқурроқ ўрганиш, яқиндан таниш ва танитишдан иборат эканини таъкидлади.

Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

1 – ўрин соҳиби: Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи Темурбек Адҳамжонов.

Ғолиб «Тафсири Ҳилол» китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалар  билан тақдирланди.

2 – ўрин соҳиби Тожикистон Республикасида истиқомат қилувчи мухлисимиз ғолибликни қўлга киритди, танлов иштирокчиларига ўз узрини айтиб, совғаларни Тошкент шаҳридаги «Кўкалдош» ўрта махсус Ислом билим юртидан келган вакилга топширилди. Мадраса талабалари учун вақф қилинди.

Ғолиб «Ҳислатли ҳикматлар шарҳи» китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалар  билан тақдирланди.

3 – ўрин соҳиби Бухоро вилояти Ромитон туманида яшовчи Сулаймон Неъматов.

Ғолиб «Одоблар хазинаси» китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалар  билан тақдирланди.

Ғолиб бўлган иштирокчилар бу танловдан ўзларига жуда кўплаб илмлар ҳосил қилгани, сийрат илмига янада қизиқиши ортгани каби фикрларини билдиришди.

Шундан сўнг, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов сўз олиб, бугунги тақдирлаш маросими юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, сўзга чиққан танлов ғолибларига ташаккурлар айтдилар.

Тадбир якунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавотлар айтилиб, у зотнинг ҳақларига дуолар қилинди, танловни ташкил қилиш, тайёрлаш ва муваффақиятли ўтказишга ҳисса қўшган барча ходимларга, танлов ғолибларига ташаккур билдирилди, Аллоҳ таолодан хайр барака, ижодий баркамоллик, солиҳ амалларда бардавомлик тилаб, тадбирга якун ясалди.

Мадҳи тилларда достон бўлган ҳазрати Расулуллоҳ Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловоту саломларимиз бўлсин, у зотга бўлган муҳаббатимиз туфайли қилаётган камтарона хизматимиз муборак мавлидларига тўёна бўлсин!

 

Адҳам ДЎСМАТОВ

Тошкент Ислом университети магистранти

 «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби

 

Read 4004 times

Янгиликлар

Top