Янгиликлар

ХАЙРЛИ АМАЛ МЕВАСИ

Рабиул аввал ойида меҳр ва муҳаббатга ошно кўнгиллар ажиб бир ҳисни туяди. Чунки, бу ойда сарвари коинот, саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Ушбу фурсатни ғанимат билган мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқу одоблари ва сийратларига эргашишга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ талпиниши керак.

Ҳаёт чоғида умматларини яхшилик ва солиҳ амалларга ҳарис бўлишга чақирган, умрни ғанимат билиш, мўминлар ўзи яхши кўрган нарсани бошқа биродарига ҳам раво кўришни имоннинг аломати сифатида баҳолаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат сўзлари билан, балки амал қилиш фурсатида ҳам барчадан пешқадам бўлганликлари исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Айниқса, кексаларни зиёрат этиш, хаста кўнгилларга меҳр улашиш, етимларга ғамхўрлик кўрсатиш каби эзгу фазилатлар у зотнинг сийратини намоён этади.

Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг ана шундай фазилатлари меҳри дарё халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган десак, муболағасиздир. Жумладан, шу йилнинг 15 декабрь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Турсунали домла Эрбўтаев ҳамда Данғара тумани бош имом-хатиби Салоҳиддин Нуриддинов Қўқон шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасига ташриф буюриб, у ерда даволанаётган беморларга хайрия тариқасида қишки кийим-кечаклар тарқатишди.

Беморлар дардига шифо сўраб қўллар дуога очилар экан, шу қисқагина фурсат мобайнида ҳасталар юзидан ғам-андуҳ ўрнини қувонч эгаллаганини пайқаш қийин эмасди. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг биргина тавсияларига амал қилишнинг меваси барчага ўзгача шукуҳ бахш этгани бемор ва шифокорлар тилидан намоён бўлди.

Р.Жалилов,

ЎМИ Фарғона вилоят вакиллиги ходими


 


 

 

 

Read 5149 times

Янгиликлар

Top