Янгиликлар

Муҳаммад исми дунё бўйлаб!

Мутахассисилар дунёда энг кўп тарқалган исмларни ўрганиб, Муҳаммад исми ер юзидаги энг кўп исм эканини аниқлашди.

Мусулмонлар ичида башарият Пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак исмлари юксак эҳтиром билан тилга олинади. Айрим давлатларда, жумладан, Туркияда Муҳаммад исми илоҳий ҳисобланади. Шунинг учун, фарзандларига ушбу исмни тўғридан-тўғри қўявермайдилар. Бунинг ўрнига кўпроқ Меҳмет исмини қўядилар.

Бироқ, кўплаб мусулмон мамлакатларида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га чексиз ҳурмат ва муҳаббат белгиси сифатида, қолаверса, ул зотнинг гўзал хулқлари ила хулқланишни ният қилиб, янги туғилган ўғил болаларга Муҳаммад исмини қўйишни афзал санайдилар.

Форс кўрфази давлатлари, Ҳиндистон, Покистон, Малайзия, Жанубий Африка, Жазоирда аксарият мусулмон эркаклар Муҳаммад исми билан аталади. Бу ерларда ҳар 10 кишидан тўққизтасининг исми Муҳаммад аталиши анъана тусига кирган. Ҳар бир оиладан камида битта Муҳаммад исмли кишини топиш қийин эмас.

Шри Ланкада эса ҳар бир мусулмон исмига Муҳаммад номини қўшиши жуда кенг тарқалган.

Британияда аҳолини ҳисоб-китоб қиладиган идора олиб борган сўровлар натижасида, ўтган йилдан буён Британия пойтахти Лондонда туғилаётган аксарият болалар Муҳаммад исми билан номланмоқда. Муҳаммад исми билан номланганлар Британия ва Испанияда энг кўп номланадиган исмлар орасида олтинчи ўринда туради. Шунингдек, Францияда ҳам туғилаётган чақалоқларнинг орасида Муҳаммад исми кенг тарқалмоқда.

Ансорлардан бир киши ўғил кўрди. Унга Муҳаммад деб исм қўймоқчи бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келиб, бу ҳақда сўраганида, у зот: “Ансорий яхши ишга қўл урибди. Исмимни қўйинглар, аммо куням билн куняланманглар” дедилар.

"Куня" деганда кишининг исмидан аввал айтиладиган, бош фарзандининг исмига қўшиб "Фалончининг отаси" маъноси тушунилади. Масалан, Абу Абдуллоҳ, Абу Дардо, Абу Мусо каби. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор саҳобаларга куня қўйиб, чақирар эдилар. Масалан, саҳоба Абдураҳмон ибн Сохр ад-Давсий (розияллоҳу анҳу)ни мушук боласини ўйнатиб ўтирганларини кўриб, у кишини “Абу Ҳурайра”, яъни “Мушукчанинг отаси”, деб чақирганлар.

Бир куни ҳаво исиб кетганидан бироз салқинланиш учун дам олишга ётган Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг тупроққа беланиб ётганларини кўрган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  у кишини "Абу Туроб", яъни "Тупроқ отаси" деган куня билан чақирганлар.

Шу ўринда, мазкур муборак исм маъноси ҳақида тўхталсак. Муҳаммад исми “тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган” каби маънони англатади.

Барча пайғамбарлар мақталадилар, аммо пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўхтовсиз то қиёматга қадар мақталадилар.  

 

 Тошкент шаҳар вакиллиги ходими 

Зоиржон Содиқов

тайёрлади

Read 4350 times

Янгиликлар

Top