Ўзбекистон ҳаж делегацияси 20 январь куни Макка шаҳрида Ҳаж вазирлигининг Шарқий Европа ва Туркия ҳожиларига хизмат кўрсатувчи муассасада учрашув ўтказди. Муассаса раҳбари Ториқ ал-Инқавий ва муассаса масъуллари билан бўлиб ўтган музокара чоғида, 2017 йилги ҳаж мавсумини намунали тарзда ўтказиш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж маносикларини намунали бажариши, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги ташкилий масалалар муҳокама этилди. Муассаса раҳбари Ториқ ал-Инқавий, ўтган ҳаж мавсумларида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг ҳаж тадбирларини мунтазам тартибли ва намунали тарзда ташкил этиб келаётганини таъкидлаб, ишчи гуруҳ фаолиятига юқори баҳо берди.
Учрашув якуни бўйича Ўзбекистоннинг 7200 кишилик янги ҳаж квотаси доирасида хизмат кўрсатиш бўйича баённома имзоланди.
Шу куни делегация, ҳожиларимизга хизмат қилиб келаётган ошхона мажмуасининг бугунги ҳолати билан танишди. Ошхона мажмуаси, турли таомлар тайёрланадиган махсус хоналар, таом тайёрлаш янги ускуналар билан жиҳозлангани, ҳамда гўшт ва бошқа маҳсулотларни сақлаш учун олинган янги музлатгичлар ва ошпазлар хордиқ чиқариши учун яратилган янги шароитлар билан танишди. Делегация раҳбари ошхона масъулларига келаётган ҳаж мавсумида ҳожиларимизга бериладиган таомларнинг сифатини янада яхшилаш ва ўз вақтида етказиш, тозалик ва санитария қоидаларига риоя қилиш бўйича таклифлар ва тавсиялар берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати