Янгиликлар

Ўзбекистон Кувайтлик сайёҳларга кўп имкониятларни таклиф қилади

Мамлакатимиз элчихонаси вакиллари ва Кувайт ишбилармонлари ўртасидаги учрашувларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Иштирокчилар мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккир ва олимларнинг номлари, ноёб маданий мероси, меъморий обидалари, миллий таомлари, халқ амалий санъати намуналари билан таништирилди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда туризм соҳасини модернизация қилиш, жумладан, хорижлик меҳмонларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида хорижий сайёҳлар сонини йилига 15 миллион нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 25 миллион нафарга етказиш кўзда тутилгани қайд этилди.

Шунингдек, Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга 10 кунлик визасиз кириш жорий этилгани, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғонага Жазира авиакомпаниясининг рейслари йўлга қўйилгани Қувайтдан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар учун қулайлик яратаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, юртимиз табиатининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги, Ўзбекистоннинг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одатлари ва байрамлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда яратилган замонавий туризм инфратузилмаси, ранг-баранг йўналишлар ва юқори сифатли хизмат мамлакатимиз меҳмонлари учун қулай шарт-шароит яратаётгани диёримизга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборини тортмоқда.

Қадимги Ипак йўлининг дурдонаси ва жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири бўлган Ўзбекистон қувайтлик сайёҳлар учун кўп имкониятларга эга эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 295 times

Янгиликлар

Top