Янгиликлар

Рамазони шариф –  хайру эҳсон ойидир

Рамазони шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда қилинган ҳолда қабул қилинади, иншоаллоҳ. 
      Бу мағфират ойида меҳр-мурувват, хайр-эҳсон, саховат, олиҳимматлик кўпроқ қилинади. 
     Қуръони каримда: "Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди", дейилади (Исро, 26-27). Демак, силаи раҳм ва турли хайр-эҳсонларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ман этилган. 

Шунингдек, Қуръони каримда хайр-эҳсонда ўртаҳол бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлиги таъкидланади: "Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир" (Фурқон, 67)

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: "Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб-ичинглар, садақа қилинглар, ки­йиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!" (Имом Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Айниқса, бу сафарги Рамазон ойимиз яна шу билан шарафлики, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб ном олган йилда юртимиз мўмин-мусулмонлари кекса онахонларимизнинг дуоларини олиш шарофатига муяссар бўлган ҳолда, барча оилалар ўртасида ўзаро аҳиллик, муҳаббат, фарзанд тарбияси учун тинмай ҳаракат қилишмоқда. Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, айниқса ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби ишлар ҳаммамизнинг вазифамиз бўлиши лозим. Чунки динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги кишилар учун масъулдир, деб таълим беради. Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”, деб алоҳида таъкидланади.

Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ - эҳсон қил, мен ҳам сенга эҳсон қиламан, қўлингни кенг оч, мен ҳам сенга “қўл”имни кенг очаман, қурумсоқлик қилма, мен ҳам сенга қурумсоқлик қилмайман. Ҳамёнингни боғлаб йиғинма, мен ҳам сенга нисбатан йиғинмайман. Ризқ эшиги етти осмон узра Аршга боғланган ҳолда очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишининг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади: ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким хайрни қисса, Аллоҳ ҳам унинг ризқини қисади. Эй Зубайр, еб - ич ва бошқаларга ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик эса шубҳаланишдан келиб чиқади. Ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, шак қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатилишини яхши кўради...” (Ҳаким Термизий “Наводирул усул”).

           

                               Сурхондарё вилояти вакиллиги

Read 5766 times

Янгиликлар

Top