muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни ҳаж зиёратини адо этиш учун жўнаб кетган зиёратчиларимизнинг охирги гуруҳи эсон – омон  она юртимизга қайтишди.

Уларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди ходимлари кутиб олишди.

Жорий мавсумда зиёратчиларимизга ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати ва ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда гуруҳ раҳбарлари томонидан юқори савияда хизмат кўрсатилди.

Охирги рейс келиши билан “Ҳаж-2017” мавсуми муваффақиятли якунланди. Бу мавсумда Республикамиздан жами 7350 нафар фуқаро ҳаж зиёратига жўнатилди.

Бу йилги ҳаж мавсумида Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг соғ-саломат ҳаж ибодатини адо этиб келгани қувонарли воқеъа бўлди. Тўқсондан ошиб, юз билан юзлашган пиру бадавлат нуронийларимизнинг дуо мустажоб бўладиган жойларда туриб юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига қилган дуолари иншоаллоҳ ижобат бўлажак.

Хулоса қилиб айтганда, Она юртга қайтган юртдошларимиз кўзларида ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун бўлиб, Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда “Ҳаж-2017” ишчи гуруҳи аъзолари ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турган Татаристон президенти Рустам Миннихонов Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган эди. Кеча қадим Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Эътиборли меҳмон Марказий Осиёда биринчи бўлиб қурилган ҳазрати Хизр масжиди билан ҳам танишди. 1300 йиллик тарихга эга муҳташам обиданинг асраб-авайланганини кўриб, тасанно айтди.

Шунингдек, Р.Миннихонов Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. «Мазкур иншоотларнинг ҳар бири халқимизнинг бой ўтмиш ва қадимий маданиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди», деб ёзади ЎзА.

ЎзАнинг қайд этишича, Сиёб деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик, шарқона савдо маданияти ҳам меҳмонда катта таассуруот қолдирган. «Серқуёш заминимизда етиштирилган ноз-неъматлардан татиб кўриб, улар Татаристонда ҳам жуда харидоргир эканини таъкидлади», дейилади агентлик ахборотида.

Татаристон президенти Самарқандга келишни анчадан буён орзу қилганини айтиб, Ўзбекистонга ташрифи Самарқанддан бошланганидан жуда хурсанд бўлганини билдирган. Бу қадимий шаҳар чиндан ҳам ер юзининг сайқали, тарихан цивилизация маркази бўлганига яна бир бор амин бўлганини изҳор қилган.

Понеділок, 28 августь 2017 00:00

Каъбанг бормоқ насиб айла (шеър)

Сенга хамду - сано Оллох, Каъбанг бормок насиб айла,

Ҳалилуллоҳ босган изин қучиб ўпмок насиб айла.

 

“Чақир”,- дединг. “Лаббай”, - деган руҳлар суюк бандам”,-дединг,

“Лаббайк, Аллоҳумма лаббайк!” Тавоф қилмок насиб айла.

 

Муҳаммад қалбига нур-ла калом бердинг, пайғом этдинг,

Ҳажда қойим, руку, сажданг давом қилмоқ насиб айла.

 

Расул ҳадисин жам қилган Ал-Бухорий юртиданман,

Ожизингман, қалбга Каъбанг нурин солмоқ насиб айла.

 

Эй, Раббим беайб ўзингсан, билмам, гуноҳларим бисёр,

Узрим сўрай, кечир, амринг вожиб қилмок насиб айла!

 

Берган умрингга розиман, розингга сарф қиларингман,

Зикру, шукру ибодатда собит қолмоқ насиб айла.

 

Эҳром ўрай, тоғлар ошай, дуо қилай, кўзим очай,

Бутун олам-чун Ҳидоят- Каъбанг кирмоқ насиб айла.

 

Ибодатим мақбул айла, гуноҳим мағфират айла,

Қалбим поклай, илтижомни қабул қилмоқ насиб айла.

 

Оллоҳ - Fафур, Раҳимимсан, Аввалсан-у меҳрибонсан,

Қуръон, ҳадис қалбда, содиқ банданг бўлмок насиб айла.

 

Ёвуқ қалбларга бер шодлик, бергил тинчлик, coғ, омонлик,

Дуоларим қабул қилгил, лутфинг олмоқ насиб айла.

 

Қолди дўст-ёр, жигарбандлар, мол-мулк, ота-онам хоки,

Қазом етса Муҳаммадга қўшни қилмок насиб айла!

 

Орифман, чорладинг, келдим, ота-онам тушда кўрдим,

Оташ чеҳраларин кўрдим, яна кўрмок насиб айла.

 

11 февраль 2017 йил

Ориф Бискандий

Тошкент вилояти, Пискент шаҳри, Чўлпон кўча 18 уй

Телефон. (90) 941-41-98

11.02.2017

Субота, 05 августь 2017 00:00

Макка зиёратчиларга муштоқ

Мана бир неча йилдирки, жонажон юртимиздан ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Зиёратчиларимиз хотиржам ва бемалол ибодат қилишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшиланиб борилмоқда. Айни кунларда ишчи гуруҳ ходимлари Макка ва Мадина шаҳрида бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишди.

Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Зиёратчиларимиз Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқларидан кўриниб туради, тепасига қараган кишининг дўпписи тушиб кетади.

Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.

Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 тадан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугмани боссангиз, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга лип этиб олиб чиқиб қўяди. Ҳар бир қаватдаги йўлакларда гиламлар тўшалган бўлиб, гард тушса, ялагудек саранжом-саришта ҳолга келтирилган.

Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқда ҳали оҳори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириши мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: “Мақсад ҳожилар роҳатлансин!. Албатта, зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, халқимиз ҳақига дуои хайёрлар қилишлари нақадар улкан бахт! Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

 

Макка шаҳридан

Ҳаж-2017 ишчи гуруҳи.

Четвер, 27 июль 2017 00:00

Олий мадраса оғушида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Мир Араб олий мадрасаси ташкил қилиниб, 2017 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қисқа муддатда давлат рўйхатидан ўтказилди.

2017-2018 ўқув йили учун олий мадрасага абитуриентларнинг ҳужжат топширишлари 15 июнь кунидан 15 июль кунига қадар давом этди.Қабул ҳайъатининг маълум қилишича, жорий ўқув йили учун 152 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

23-24 июль кунлари абитуриентлар ақоид ва фиқҳ фанларидан ижодий имтиҳон топширишди. 25 июль куни Ўзбекистон тарихи фанидан тест синовлари ўтказилди.

Қабул имтиҳонларида фанлар бўйича баллар тақсимоти қуйидагича белгиланган:

Ақоид ва фиқҳ фанларидан ҳар бир билетда тўрттадан савол бўлиб, жами 111,6 балл;

Араб тили фанидан ҳар бир билетда тўрттадан савол бўлиб, жами 75,6 балл;

Ўзбекистон тарихи учун тест 36 саволдан иборат бўлади. Ҳар бир тўғри жавобга 1,1 балл бўлиб, жами 39,6 балл.

Ақоид, фиқҳ ва араб тили фанларидан ўтказилган ижодий имтиҳонлар ҳамда Ўзбекистон тарихи фанидан ўтказилган тест синовларидан тўпланган баллар қўшилганда умумий энг юқори балл 226,8 баллни ташкил этади.

Имтиҳон натижалари жорий йилнинг 28 июль куни эълонлар тахтасига чиқарилади. Юқори балл олган 50 нафар абитуриент Мир Араб олий мадрасасига ўқишга қабул қилинади.

Дарс машғулотлари 2 сентябрь куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси биносида бошланади. Айни пайтда ўқув хоналари, синфхоналар дарслик ва ўқув кўргазмалари шай ҳолатга келтирилган.

 

Жобир ЭЛОВ,

Мир Араб олий мадрасаси

ректори в.б.

Янгиликлар

Top