muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 30 май 2017 00:00

Азҳар университети

Азҳар дунёдаги энг қадимий университетлардан бўлиб, Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида жойлашган. Азҳар университетига 988 йилда Фотимийлар томонидан асос солинган ва у бевосита Азҳар масжиди билан боғлиқдир.

Азҳар масжиди Фотимийларнинг  расмий масжиди бўлиб, 975 йилдан бошлаб унда шиа йўналишида маърузалар ўқилган. 988 йилга келиб, вазир Яқуб ибн Калас ташаббуси билан у ерда ўқув ишларига асос солиниб, устоз ва талабалар жалб қилинган.

Қоҳира, Осиё ва Африканинг туташган ерида жойлашгани боис, Азҳарга ўқиш учун хориждан кўплаб талабалар келишган. Бошланғич таълим тўғридан тўғри масжид ҳовлисида бўлган. Кейинчалик эса хориждан талабалар кўпайгач, улар учун алоҳида ётоқхоналар қурила бошлаган.

Ўқитиш учун жалб қилинган устозлар ва иқтидорли талабаларга маош ва стипендиялар жорий қилинган.Унда шиалар билан бир қаторда суннийлар ҳам таълим олганлар.

1171 йилга келиб Салоҳиддин даврида Қоҳирада Фотимийлар ҳукумати ағдарилгач, Азҳар олдинги нуфузини йўқотди ва шофеъий мазҳабига асосланган маориф марказига айлантирилди. Азҳарнинг бой кутубхонасидаги китобларнинг кўпи сотиб юборилган ёки йўқотилган. Маълумотларга кўра у адабиётларнинг адади 120 мингдан 2 млн.гача бўлган.

Бошқа томондан эса Салоҳиддин Азҳарга таълим беришлик учун тиббиёт фанлари олими Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий ва яхудий фалсафачиси Маймонид кабиларни тиббиёт ва астрономия бўйича жалб қилгани айтилади.Бу эса ўз даврида Азҳарда диний билимлар билан бир қаторда дунёвий фанларга ҳам алоҳида эътибор берилганлигига далолат қилади.

XIII асрга келиб, Азҳарда суннийликнинг тўрт мазҳаб вакиллари, шиалар ва суфийлар бирга таълим олардилар.XIV-XV асрларда Азҳар яқинида унга боғлиқ бўлган бир неча мадрасалар бино қилинган.

1517 йил Қоҳира, Усмонлилар таркибига киргач, ҳукумат Азҳарга ёрдамни тўхтатиб қўйган. Пировардида таълим соҳасида пасайиш юзага келиб, баъзи мадрасалар ўз фаолиятини  тўхтатишга мажбур бўлган.Шунга қарамасдан Азҳар, Яқин Шарқдаги шаръий билимлар ва араб тили филологияси бўйича асосий таянч бўлиб қолаверган.

У нафақат Миср, балки Африка давлатларидан ҳам талабалар таҳсил оладиган мусулмон оламининг илм маркази эди.XVIII асрга келиб эса Азҳар асосан суннийлик маориф марказига айланган.

XIX асрнинг охирги чорагида, Азҳар ўқув тизимида замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш ишлари амалга оширилиб, Азҳар университет мақомига эришган. 1955 йилда Покистонлик ёзувчи ва журналист аёл Заиб Нисса Ҳамидуллоҳ,  Азҳар университетига таклиф қилинган биринчи аёл бўлди.

Орадан олти йил ўтиб, Азҳар университетида аёллар алоҳида таълим олишлари учун бўлим очилди. Бу бўлимдаги талабалар ҳам, устозлар ҳам фақат аёллар бўлиб, улар учун алоҳида ётоқхона ва шарт шароитлар муҳайё қилинган. Бу ётоқхоналарга эркаклар ва бегоналарнинг кириши таъқиқланган. Бу анъана ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Шу ўринда ўғил болалар ётоқхонаси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсак. Бу ётоқхона тўрт қаватдан олти қаватгача бўлган бинолар мажмуасидан иборат шаҳарча бўлиб, ҳар уч талаба учун бир хона ажратилган. Хоналар ёруғ ва шинам. Ундаги ҳар бир талаба учун алоҳида крават, стол-стул ва шкафлар мавжуд.

Ҳар бир қаватда таҳоратхона, ҳаммом ва овқат пишириш хоналари мавжуд. Фаррошлар доимо тозалик ишларига қараб турадилар. Ётоқхона ҳовлисида эса манзарали дарахт ва гуллар боғбонлар назорати остида парвариш қилинади.

Бир нечта спорт заллари, шифохона, китоблар дўкони, кир ювиш ва дазмоллаш хонаси, сартарошхона, озиқ-овқат дуконлари мунтазам ишлаб туради. Ётоқхонада талабалар учун уч маҳал бепул овқат бериш йўлга қўйилган. Бундан ташқари ётоқхона маъмурияти томонидан ҳафтанинг дам олиш кунларида Мисрнинг диққатга сазовор обидаларини тамоша қилиш учун саёҳатлар уюштирилади.

Тур тоғи, Фиръавн ҳаммоми, эҳромлар, Искандария ва денгиз соҳили каби жойларга бориш талабаларга янада кўтаринкилик бағишлайди. Жума кунлари Азҳар шайхининг шахсан ўзи келиб ётоқхона масжидида маъруза қилиб, талабалар билан учрашувлар ўтказади.

 

Ётоқхонага аёллар ва бегона кишилар умуман киритилмайди. Мабода талабанинг ота онаси ёки танишлари сўраб келсалар, эшик олдидаги меҳмонлар учун ажратилган хонада улар билан учрашув уюштирилади ва уларни ётоқхонага киритилмасдан ортга қайтарилади.

  Эшик олдида ётоқхона талабаларининг хавфсизлиги учун махсус қоровуллар 24 соат мобайнида сергак туришади. Хуллас, талаба илм олиши ва ўзини эркин ҳис қилиши учун керакли барча нарса муҳайё қилинган.

1932 йилдан бошлаб ўқиш асосан уч йўналишда олиб борилди, улар: “араб тили, илоҳиёт (теология) ва шариъат” факультетларидир.

Бу факультетлар Азҳар масжиди яқинида жойлаштирилган. Бундан ташқари у ерда болалар учун бошланғич таълим мактаби ҳам бўлган. 1961 йили “Азҳарни ривожлантириш қонунлари”га кўра унга тиббиёт, қишлоқ хўжалига ва яна бошқа  факультетлар ҳам қўшилган. Шундан сўнг уларнинг сони тўққизтага етди. Улар:

  1. Усул факультети;
  2. Шариъат факультети;
  3. Адабиёт факультети;
  4. Маъмурий бошқарма ва савдо факультети;
  5. Политехника факультети;
  6. Қишлоқхўжлиги факультети;
  7. Тиббиёт факультети;
  8. Педагогикка факультети;
  9. Аёллар факультетларидир.

Азҳар университетида 20 мингдан зиёд ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар мавжуд. Улардан Ислом академиялари, тадқиқот марказлари, Ислом институтлари ва таълим муассасалари фойдаланишади. Азҳар университети ўз нашриётига эга. Ундан талабалар учун ўқув қўлланмалари, китоблар ва журналлар нашр этилади.

Аёллар бўлимида бешта факультет бўлиб, улар:

  1. Араб тили факультети;
  2. Ислом маданияти факультети;
  3. Тиббиёт факультети;
  4. Ижтимои фанлар факультети;
  5. Политехника ва савдо факультетларидир.

Бу факультетлардаги барча устозлар фақатгина аёллардан иборат.

Ҳозирга келиб Азҳар университетида етмиш еттита факультет мавжуд. Бундан ташқари Азҳар университетида инглиз тилида юз баллик таълим ҳам жорий қилинган. Азҳар университетининг дипломи халқаро диплом саналиб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида тан олинади.

Азҳар университетида таълим олиш мисрлик ва давлат томонидан расмий равишда борган талабалар учун бепул. Бунга қўшимча биз юқорида айтиб ўтган ётоқхона, бепул ўқув китоблари ва степендия билан ҳам таъминланади.

Азҳар университетига таълим олишни истаган хорижлик талабалар, кириш учун керакли ҳужжатларни тўлдиргач, улардан Қуръони карим ва араб тилидан имтиҳон олинади.Олган  натижаларига қараб, уларни махсус курсларга жойлаштирилади.

Азҳар университети бугунлик кунда Ислом ва араб дунёсидаги энг катта таълим даргоҳи бўлиб, у Миср Араб Республикасининг ўзига хос брендига айланган.

Азҳар университетида ҳар йили дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларидан таълим олишлик учун талабалар келишади.

Бугунлик кунда кўзга кўринган кўплаб Ислом олимлари ва давлат арбоблари Азҳар университети талабаси бўлишган. Жумладан: Ибн Ҳайсам—физика олими. Абдуллатиф ибн Юсуф Бағдодий—тиббиёт олими. Умар ибн Фарид—сўфий ва шоир. Ибн Халдун—фақиҳ ва тарихчи. Муҳаммад Абдо—Ислом ислоҳотчиси ва жамоат арбоби.

Муҳаммад Айяд Тантовий(1810-1861)—араб  филологи. Муҳаммад Абу Заҳро (1898-1974)—илоҳиётчи ва ёзувчи. Муҳаммад Асад(1900-1992)—илоҳиётчи, сиёсий арбоб ва дипломат. Али Жумъа—Миср Араб Республикаси муфтийси. Юсуф Қарзовий—Фатво ва илмий баҳслар бўйича оврупа мажлиси раиси. Рамазон Бутий—доктор, мутафаккир олим. Саййид Муҳаммад Тантовий— доктор, устоз, Азҳар (собиқ) шайхи. Аҳмад Тоййиб— доктор, устоз,(ҳозирги) Азҳар шайхи. Ваҳба Зуҳайлий—муфассир ва тўрт мазҳаб фиқҳи бўйича етук мутахассис олимларнинг номларини келтириб ўтишимиз мумкин.

 

Имом Бухорий халқаро маркази Манбашунослик бўлим бошлиғи

Олимхон Исахон ўғли Юсупов.

Вівторок, 30 май 2017 00:00

Шарофатли умматлар

Аллоҳ таолонинг марҳамати билан Рамазонинг учинчи куни салқингина бўлиб, майингина шабада эсиб турди. Насиб этса, бугун тўртинчи таровеҳни ўқиймиз.

Тасвирга олиш аппаратларимиз “Мунаввар қори” жоме масжидига йўналтирилган. Файзли масжид секин-аста одамлар билан гавжумлашмоқда. 

Ана имом-хатиб ҳам келиб жамоага юзланиб ўтирди. У киши қориларнинг баланд мақоми ҳамда Хатмга сомеъ бўлганларнинг юксак даражалари ҳақида сўз юритаркан, жумладан, Имом Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон қориларни ва кечалари қоим бўладиганларни умматнинг энг шариф зотлари деб мадҳ қилганларидан хабар бериб: “Умматимнинг энг шарофатлилари Қуръонни кўтарганлар ва кечаларнинг соҳибларидирлар”, деганларини келтириб ўтдилар.

Вівторок, 30 май 2017 00:00

Қадрли ойдаги қутлуғ ташриф

Муборак Рамазон ойи юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда, ўзгача тароват ила давом этмоқда. Юртдошларимиз гўзал ва шинам масжидларда эмин-эркин, тинчлик-хотиржамликда ибодатларни амалга оширмоқдалар. Ҳар бир намозхон қалбида розилик, шундайин диёрни насиб этган, уни офияту ноз-неъматлар билан ўраган Аллоҳ таолога шукроналик жўш уруб турубди.

Шундайин муборак дамларда самарқандликлар яна бир хурсандчилик, яна бир фарахбахш дамларга мушарраф бўлишди. 28 май Рамазон ойининг 2- куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов Самарқандга ташриф буюрди.

Ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми қўним топган Имом Бухорий мажмуасига келган меҳмон, бу даргоҳга сўнги пайтларда амалга оширилган бунёдкорлик, ободончилик ишлари билан яқиндан танишди.

Таровеҳ намозини айнан “Имом Бухорий” жоме масжидида адо этган И.Иномов у ерда бўлаётган хатми Қуръон ва намозхонлар кайфияти билан танишиб, йиғилганларга муфтий ҳазратларининг саломларини етказди ҳамда тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш каби долзарб мавзуларда сўз юритди.

Қадрли меҳмон маъруза давомида Рамазон ойи фазилати, бу ойнинг Қуръон ойи дейилишининг сабаби, унда қилиниши, эътибор қаратилиши лозим бўлган ишлар ҳақида тушунтириш бериб ўтди. Самарқанд вилоятида олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

 

 

Яратганга беадад шукрлар айтамиз. Аллоҳ таоло рамазон ойида рўзани фарз қилди ва ушбу ойни раҳмат ва мағфират ойи дея атади. Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда ёрдам беради, сабрни, меҳр-шафқатни ўрганамиз. Барча пайғамбарлар нафс тарбиясида шу ибодатдан фойдаланганлар. Агарда инсон ана шу ибодат машаққатига сабр қилса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу ойда кўпроқ эҳсон, садақалар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”, дея марҳамат қилади (Бақара сурасининг 185-ояти).

Рамазон ойида тутилган рўза орқали вақтинчалик очлик ва чанқоқлик машаққатини тотиш билан охиратдаги оғир машаққатдан қутилиши Фурқон сурасининг 75-76-оятларида қуйидагича маълум қилинган:

Айнан ўшалар сабр қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак даражалари билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ ва энг гўзал даргоҳдир”.  

Рўза-очлик ва чанқоқлик каби қийинчиликдан иборат. Бу эса рўзадордан сабр-матонат талаб қилади. Ушбу очликка сабр қилган инсон собир бандалар қаторидан жой олади. Собирларга ваъда қилинган мукофот эса абадий жаннатдир. Роббимиз барчамизга ибодатларни чиройли адо этишда сабр ато этсин.

Сабр тўғрисида Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди».

Зумар сурасининг 10-оятида:

…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур дейилади.

Сабр ойи бўлмиш рамазони шарифдан унумли фойдаланиб, сабр деб аталмиш фазилатга эришишга маҳкам бел боғлайлик. Шоядки, Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўзининг собир бандаларининг қаторига қўшса. 

Абдулазиз Бобомирзаев,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

Понеділок, 29 май 2017 00:00

Ўхшаши йўқ ибодат

Рамазоннинг фазилатини рўза тутганлар билади. Рўзадорнинг танаси ҳолсизланса-да, кўнгли тўқ, нафсининг жилови қўлида, руҳи тетик бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди”, дея марҳамат қиладилар. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир” деяпти. Ана шу фикрга эътиборимизни қаратсак, рўзани ният қилган киши ҳеч ким кўрмаса ҳам еб ичмайди, ҳатто тариқча бўлса ҳам томоғидан нарса ўтмаслигига ҳаракат қилади. Шубҳали нарсалардан йироқ юради, Аллоҳ таолонинг “Басийр” яъни ҳамма нарсани кўрувчи эканига имон келтиради. Ҳамиша қалбида “Аллоҳ таоло кўриб турибди”, деган фикр бўлади. Рўза тутмаган вақтларда ҳам бу ишонч одатга айланади ҳамда киши ўзини ёмонликлардан ана шу фикри орқали узоқ тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рўза сақловчидир. Рўзадор киши  фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”.

Рўза ўз соҳибини кўпгина ёмонликлардан асрайди. Рўзадор тилига ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Бу эса ўз навбатида қанчадан-қанча жанжалларнинг олдини олади, яхшиликларга сабаб бўлади.

Рўзанинг фазилатлари чексиз. Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифторлик қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига юзланганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”. Саҳардан шомгача еб-ичишдан чекланган нафснинг ифторлик чоғидаги роҳатини фақат рўзадоргина ҳис қила олади. Аввало, ибодатни адо этганидан, катта савобга эришганидан, қолаверса, ташна жисмига сув ва очиққан нафсига ҳалол егуликка етишганидан кўнгли кўтарилади. Охиратда эса тутган рўзаси туфайли жаннатда шодланади.

Набий (с.а.в.) ҳадисларида шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. Ҳаётимиз давомида кўпгина хатоларга йўл қўямиз, уларни мағфират этишини ҳамиша Аллоҳдан сўраймиз. Рўза сабаб гуноҳлар кечирилиши бу улкан имкониятдир. Бундан ташқари, Рамазон рўзасини имон ва савобни умид қилиб тутиш жоизлиги эслатилмоқда. Ушбу ҳадис рўзанинг нақадар қадри юксак эканини англатади.

Ҳар бир мусулмоннинг орзуси жаннат. Унга етишмоқни доим Яратгандан сўраймиз. Бироқ рўзадорлар учун жаннатнинг алоҳида эшиги борлиги бу ибодатнинг нақадар фазилатли эканини англатади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”. Рўзадорларга берилажак ажру мукофотларнинг салмоғини ана шу ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади.

Ҳақиқатан, рўзанинг фазилатлари битмас-туганмас хазина каби. Бу ҳақда қанча гапирмайлик, янада ортиб бораверади. Муҳими, имкониятлар фаслида – муборак Рамазон ойидан фойдаланиб қолайлик. Рамазоннинг кунлари ғанимат, у жуда тез ўтиб бормоқда. Шукрки, юртимизда ушбу ойни муносиб ўткизиш учун кўпгина шароитлар яратилган. Мусулмонлар ўз ибодатини эмин-эркин адо этмоқдалар. Масжидларда ҳар куни таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Баъзи кунлари долзарб мавзуларда суҳбатлар уюштирилади, юртдошларимиз ўз саволларига жавоблар олмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бизга берилган бебаҳо неъматдир.

А.ҒАНИЕВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-маърифий  ишлар бўйича мудир муовини

Янгиликлар

Top