www.muslimuz

www.muslimuz

Понеділок, 11 Январь 2021 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти бош отинойиси Тамара Дўсимбетовага падари бузрукворининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари, ўқитувчи-мударрислари ва отинойилар номидан марҳум отахоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати

CАВОЛ:  Ассалому алайкум устозлар. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бундай хабарлар тарқамоқда: “Рамазон ойи 2021 йил 12 апрелдан бошланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” дeган. Шу ҳадис ишончлими?

 

ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом. “Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” мазмунида ҳадис йўқ! Балки, бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга тўқилган уйдирмалардан биридир. Буни бир неча жиҳатдан асослаш мумкин:

Биринчидан – ушбу тўқима “ҳадис”ни бирор ҳадис тўпламига келтирилмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган исноди – ровийлар силсиласи мавжуд эмас. Зеро, ҳар бир ҳадиснинг исноди бўлиши лозим. Агар бирор ривоятни исноди бўлмаса уни ҳадис деб, аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам буюк муҳаддислардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи: “Иснод диндандир! Агар иснод бўлмаса, хоҳлаган кимса ўзи хоҳлагандек гапираверади”, деганлар.

Иккинчидан – Рамазон ойининг кириб келиш санаси олдиндан ҳеч кимга маълум бўлмайди. Балки, Рамазон ойининг ҳилолини кўриш билан маълум бўлади. Демак, у ҳақида аввалдан эслатиш мантиқан имконсиз ишдир.

Учинчидан – Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатган кишига дўзах олови ҳаром қилиниши ҳам шариатимизнинг умумий қоидаларига зиддир. Чунки, ким жаннатга кириши, ким дўзахга кириши бу каби амаллар билан белгиланмайди. Балки, шариат кўрсатмаларига амал қилиши билан белгиланади.

Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг ҳадис илмига бағишланган китобида тўқима ҳадислар ҳақида сўз юритиб, муҳаддис олим ибн Жавзийдан қуйидагиларни нақл қилиб келтиради:

“Агар бирор ҳадисни ақлга тўғри келмаслигини ёки (саҳиҳ) нақлларга мувофиқ эмаслигини ёхуд асл манбаларга зид эканини кўрсанг, билгинки, у – тўқима ҳадисдир. Асл манбаларга зид эканидан мурод – муснадлар ва машҳур китоблардан иборат Ислом оламидаги (ҳадис) тўпламларига киритилмаганидир” (“Тадрибур-ровий”, 469-бет).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, билиб-билмай турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун бирор ривоятнинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, нақл қилиш яхши эмас.

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Имом Муслимнинг ривоятида: “Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни билиб туриб тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дейилган. Яъни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни у зотдан, деб нақл қилиш, инсонни дўзах томонга етакловчи амалдир. Бундай йўл тутишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Муғийра ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг номимдан ёлғон деб гумон қилинган ҳадисни айтса, у ёлғончилардан биридир”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз тўқима ҳадисларни айтиш ва тарқатишдан қаттиқ қайтарганлар. Ҳатто баъзи уламолар уни гуноҳи кабиралардан санаган. Фақат ўша “ҳадис” тўқима эканидан огоҳлантириш мақсадида айтишга рухсат берилган.

Шундай экан билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, оддий-асоссиз гапларни ҳадис деб тақатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати. 

 https://t.me/diniysavollar

 

Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим!

Меҳрибон Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Жаноби Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин!

Муҳтарам динимиз жонкуярлари бўлган Диний идорамиз ходимлари, уламоларимиз, бош имом-хатибларимиз, масжидлар имом-хатиблари, имом ноиблари, диний таълим муассасалар раҳбарлари, ўринбосарлари, устоз-мураббийлари ва отинойиларимиз, аввало, халқни ҳидоят йўлига бошлашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган Сиз, азизларни беқиёс хизматларингизни юксак қадрлаб, барчаларингиз(!)га  чексиз ҳурматим ва чуқур эҳтиромимизни изҳор этишга рухсат бергайсизлар!

Мўмин-мусулмонларимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб соҳиблари, муборак динимиз вафодорлари, ўз ишига фидойи инсонлар ва “Пайғамбаримиз меросхўрлари” деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак даражада қадрлайди. Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам пешво бўлиб, майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва кўпдан-кўп  тасанноларга  муносибдир!

Бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча диний соҳа ходимларига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирамиз!

Маълумки, 2020 йил ҳар бир соҳа каби бизнинг тизим учун ҳам мислсиз синов, айни вақтда янги тажриба орттириш йили бўлди. Ўз вақтида Раҳбариятимиз томонидан кўрилган чора-тадбирларимиз бугун ижобий натижа бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Якунланган йилда бутун дунёга коронавирус пандемияси тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирди. Юртимизда муҳтарам Президентимиз томонларидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар, доно халқимизнинг чуқур тушуниши, кенг тафаккури ва ўзига хос сабр-тоқати билан бу офат Ҳақ таолонинг мадади ила жиловланиб, оммавий ёйилиб кетишининг олди олинди.

Жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган COVID-19 даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда олижаноблик намунасини кўрсатган, меҳр-оқибат, саховат ва олиҳимматлик фазилатларини улуғлаб келаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларга катта ҳисса қўшган, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, эзгу ишлари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган ҚАДРЛИ ВА ТАБАРРУК  УЛАМОЛАРИМИЗ, МУҲТАРАМ ВА ҲУРМАТЛИ ИМОМ-ДОМЛАЛАРИМИЗ, АЗИЗ ВА ҚИММАТЛИ  МУДАРРИСЛАРИМИЗ, МУШТИПАР ВА МУНИС  ОТИНОЙИЛАРИМИЗ, МАСЖИД-МАДРАСАЛАРИМИЗ БЕБАҲО ВА МЕҲНАТКАШ ХОДИМЛАРИ ҳамда СЕВИМЛИ ВА СУЮКЛИ  ТАЛАБАЛАРИМИЗнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак.

Таъкидлаш керакки, COVID-19 балоси бошимизга тушган синовлар шароитида ваъзу иршодлар натижасида мўмин-мусулмонларимиз: “Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Қуръони карим Бақара сураси 153 оят), деган илоҳий башоратга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, сабр ва тоат-ибодат ила ҳамжиҳатликнинг юксак намунасини кўрсатдилар. Бу йил карантин туфайли ибодатларини адо этишда юзага келган қийинчиликларни ҳам тўғри тушунмоқдалар. Бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетиб, Худо хохласа, келгусида хурсандчилик кунларни бирга-бирга нишонлаймиз.

Юртимизда коронавирус даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан халқимиз саломатлигини, фуқароларимиз осойишталигини кўзлаган ҳолда бир қатор чора-тадбирлар қўлланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, амалга оширилган ишларнинг самараси ўлароқ, аҳоли сонига нисбатан олинганда МДҲ давлатлари орасида касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича энг яхши кўрсаткич айнан бизнинг мамлакатимизга тўғри келди. Ҳақиқатан ҳам, соҳанинг етук экспертлари хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу пандемиядан энг кам талофат кўрган давлат сифатида чиқади, деб баҳоланмоқда.

 Бу оғир синов даврида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мўмин-мусулмонлар учун бир қатор мурожаатлар ва баёнотлар эълон қилинди ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти Сиз азизлар томонларингиздан кенг ва батафсил тушунтирилди. Жумладан:

  • коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатво эълон қилинди;
  • мамлакат мусулмонларига карантин тартибларига қатъий амал қилиш тўғрисида мурожаат йўлланди;
  • пандемия даврида дафн этиш маросимларини қандай ўтказиш бўйича тавсиялар берилди;
  • имом-хатиблар томонидан касаллик тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан хайрия тадбирларини ташкил этиш йўналишидаги ишлар жадал олиб борилди;
  • “Вабо инсонлар учун бир синов” номли китоб ва буклетлар нашр этилиб, кенг миқёсда тарқатилди.

Ўзбекистонлик етук уламоларимиз, нотиқ имом-хатибларимиз томонларидан карантин кўрсатмаларига амал қилиш, ушбу синовли кунларда ваҳимага берилмаслик, яхши кунларга интилиб яшаш, ёрдамга муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилиш каби йўналишларда беҳисоб тарғибот ишлари олиб борилди.

Бундай дин хизматчиларимиз мана шундай ўта оғир даврда ва турли табиий офатлар туфайли элу юртимиз бошига тушган синовларнинг оқибатларини бартараф этишда ҳақиқий жонбозлик кўрсатганлари улкан  таҳсинларга ва беқиёс  ташаккурларга  лойиқдир!

Натижада, матонатли халқимиз ковид вабоси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” деган ояти каримага амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатлиликнинг юксак намунасини бутун (!) дунёга кўрсатдилар.

Диний соҳамизда меҳнат қилаётган фазилатли инсонларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, хайрия маблағларини тўғри йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига кўмак бериш, оғир шароитдаги одамларни сабр-тоқатга чақириш, уларнинг кўнглини кўтаришдаги фидойиликлари ҳар  қандай  мақтовга  лойиқдир! Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”,  – деб хушхабар берган.

Қайд этиш лозимки, синов кетидан синовлар бўлган – касаллик ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш йўлида диний соҳамиз ходимлари иштирокида жонлиқлар сўйилиб, нажот сўраш намозлари адо этилгани, хатми Қуръонлар, дуою тазаррулар, истиғфорлару салавоти шарифлар айтилгани энг улуғвор ишлардан бўлганини алоҳида эътироф этишимиз керак.

Аллоҳ таборака ва таоло инсонларни синовли кунларда сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, Қуръони каримда 94-сурасининг 5-6-ояти карималарида “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, – деб марҳамат қилади. Чиндан ҳам, ҳар қандай ташвиш ортида енгиллик борлигини COVID-19 касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг ёрдами ила ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар.

Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтишда диний соҳамиз ходимларининг панду насиҳатлари, ибратли ўгитлари ва эзгу ташаббуслари  жуда  ҳам  катта  таъсир  кўрсатди.

Муҳтарам Юртбошимиз пандемияга қарши курашда фаоллик  кўрсатганларга ташаккур билдириб, кенг жамоатчилик вакиллари қаторида қадри баланд муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимизни ҳам алоҳида эсга олганлари диний соҳа ходимлари меҳнатларига берилган юқори баҳодир!

Карантиннинг энг-энг ашаддий қийин кунларида хам халқимизнинг саломатлигини ўйлаб, фаровонлигини кўзлаб давлатимиз, ҳукуматимиз чиқарган барча топшириқларини муқаддас динимиз равнақи, масжиду мадрасаларимиз ободлигини мўлжаллаб, мўмин-мусулмонларимизни манфаатлари учун батафсил етказишда кечаю-кундуз беғараз ва беминнат хизматлари билан, диний соҳамиздаги барча ходимларимизга ўзларининг бевосита кўмак ва улкан ёрдамлари билан фидокорона хизмат қилаётган Дин ишлари бўйича қўмитадан келаётган барча муҳим тавсияларни соҳамиз ходимларига онлайн ҳам, офлайн ҳам ўзларининг қимматбаҳо йўл-йўриқлари билан етказаётган Диний идорамиз раисларига нафақат мамлакатимиз халқи таҳсинлар айтди, балки халқаро даражада ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Муфтий ҳазратлари тан олиниб, “Дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхати”дан ўрин олдилар.

Карантиннинг энг қийин пайтларида ҳам қаҳрамонона, жонини Жабборга бериб, 24 соатлаб, ҳафталаб тинмай, беминнат хизмат қилган шифокорларимиз ва ҳуқуқ-тартибот ходимларидан сира ҳам қолишмасдан хизмат қилган диний соҳамиз ходимларини доно халқимиз ниҳоятда яхши билар экан... Таъкидлаш жоизки, халқимиз томонидан мана шундай улуғвор ишлари учун хали-халигача жуда ҳам кўп миннатдорликлар келиб тушмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали ҳам мамлакатимиз фуқаролари томонларидан алоҳида раҳматномалар ҳанузгача изҳор қилинмоқда. Айниқса, мана шундай самимий, чин дилдан ёзилган мактубларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига алоҳида дил сўзлари битилган. Идорамизнинг барча ходимларидан халқимизнинг миннатдорлигини мўмин-мусулмонларимиздан кунда-кунаро келаётган ташаккуру раҳматномаларидан билиш мумкин.

Ўз навбатида биз ҳам мана шундай улуғвор ишларда бошчилик қилган – Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамшетдин домла Бауатдинов, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов, Навоий вилоят бош имом-хатиби Тоиржон домла Рўзиев, Наманган  вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибулла домла Зокиров, Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Cайфиддинов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби марҳум Хайрулла домла Турматов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров, Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдулло домла Абдуллаев, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ва Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Рахматулло домла Усманов ларга ва мазкур катта устозлар билан бирга хизмат қилаётган устозлар – муҳтарам ва ҳурматли имом-хатибларимизнинг ҳар бирларига ҳам кўпдан-кўп  ташаккурлар ва чуқур  миннатдорлик  билдирамиз!

Пандемия даврида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида ҳам ўқув ва таълим жараёнлари тинимсиз давом этди, шунинг учун Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев, Ҳадис илми мактаби ректори Олимжон Юсупов, “Кўкалдош” ислом билим юрти мудири Муҳаммадамин Насриев, “Мир Араб” ислом билим юрти мудири Жамол Мавлонов, “Хожа Бухорий” ислом билим юрти мудири Ўткир Ғузоров, “Саййид Муҳйиддин махдум” ислом билим юрти мудири Рустам Махмудов, “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ислом билим юрти мудири Шамсиддин Бауатдинов, “Ҳидоя” ислом билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев, “Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири Давронбек Абдуқодиров, “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ислом билим юрти директори Азизхўжа Иноятов, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ислом билим юрти директори Нозимахон Ибрагимова, “Имом Термизий” ислом билим юрти мудири Шукрулло Умаров ларга чексиз ташаккур айтамиз!

Андижон вилояти Андижон шаҳри “Абу Хурайра” жоме масжиди имоми Шарофиддин Мусаев, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Оқ дўппи Эшон” масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин Абдуҳамидов, Фарғона вилояти Бувайда тумани “Эшон бобо” масжиди имом-хатиби Толибжон Эргашев, Сурхондарё вилояти Денов тумани бош имом хатиби ва “Абу Ханифа” масжиди имом-хатиби Дилмурод Давлатов, Термиз шаҳар бош имом-хатиби Низомиддин Чориев, Қашқадарё вилояти Касби туманидаги “Султон Мирхайдарбобо” зиёратгоҳи директори Улуғбек Амиров, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Ҳазрати Мирижанда” жоме масжиди имом-хатиби Анваржон Ганжиев, Хоразм вилояти Боғот тумани “Хўжабобо” жоме масжиди имом-хатиби Эргашбой Отажонов, Тошкент шаҳридаги “Катта Қозиробод” жоме масжиди имом-хатиби, шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов, “Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-домлалари Хабибуллоҳ Абдураззаков, Муҳаммадабдуллоҳ Бахромов, Аброрхон Сайфидинов, Исмоилжон Қурбонов, “Ал-Бадр” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон Холмуродов, “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби Абдулхаким Матқулов, “Пул емас ота” масжид имом-хатиби Хабибуллоҳ Ғаниев, “Тўра Бува” жоме масжиди имом-хатиби Шовкатбек Хамдамов, “Масжидус салом” имом-хатиби Музаффар Камолов, “Хожа Аҳрори Валий” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Ахроров, “Баланд масжиди” имом-ноиби Маъруфжон Норқулов, “Дўмбиробод” жоме масжиди имом-домласи Муҳаммадназар Қаюмов, “Муҳаммад Умар ўғли Зокир” масжиди имом ноиби Қаҳрамонжон Хўрозов, “Олтин тепа” жоме масжиди имом-домласи Исломиддин Зухриддинов, “Шайх Зиёвуддинхон” жоме масжиди имом-домласи Эрдонбек Эсанов, “Яккасарой” жоме масжиди имом ноиби Дилмурод Рахимов лар эса ўз худудларида фидойиларча хизматлари билан халқимизнинг кўнглидан жой топиб, раҳбарларнинг ҳам раҳматларига сазовор бўлдилар.

Таъкидлаш жоизки, муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимизнинг ва диний соҳа ходимларининг меҳнатларини қадрлаш Янги Ўзбекистонда дин соҳаси ва имом-домлаларга берилаётган юксак эътиборнинг яна бир бор яққол намунасидир. Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва уламоларни, имом-домлаларни муносиб қадрлаш йўлида жуда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганидан, албатта, ҳамманинг хабари бор.

Бугунги тарихий ўзгаришлар ва воқеаларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз... Буларнинг замирида Яратган Парвардигори оламнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб самарали меҳнат қилишимиз ҳамда Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб ёрқин келажак ва юксак тараққиёт сари дадил саъй-ҳаракатларимиз мужассамдир.

Эътироф этиш керакки, жорий йилда кетма-кет келган синовларни мардона енгиб ўтишда диний соҳа вакиллари ҳам улкан ҳисса қўшмоқда. Айниқса, халқимиз орасида катта обрў-эътибор қозонган муҳтарам ва ҳурматли фазилатли уламоларимиз барчани сабр-бардошга, ўзаро меҳр-оқибатли, аҳил ва ҳамжиҳат бўлишга даъват этувчи ўзларининг таъсирчан сўзлари ва чиқишлари билан юртдошларимиз қалбида эртанги ёруғ кунларга катта ишонч туйғусини мустаҳкамлаганларига барча гувоҳ бўлди.  

Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тараннум этиш ва Ҳақ таолонинг динига хизмат қилиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай мадҳ этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад сураси 7-оят).

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам Худога ҳам шукр қилаолмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Доно халқимиз эса: “Яхшига қилсанг яхшилик – ҳам айтади, ҳам қайтади. Ёмонга қилсанг яхшилик – на айтади, на қайтади”, – деб бежиздан бежиз айтмаган.

Ўзини жонини ҳам, оиласини саломатлигини ҳам Худога топшириб, ўта катта ва жиддий хавф-хатарни ҳам четга суриб, жонини ҳам, молини ҳам халқ учун фидо этган ҲАР БИР ИМОМ-ДОМЛАМИЗГА беҳисоб  ташаккурлар айтамиз!

Чуқур қайғу билан қайд этамизки, бу касаллик туфайли кўпгина юртдошларимиз қаторида етук уламоларимиз, тажрибали имом-домлаларимиз ва жонкуяр диний соҳа ходимларимиз ҳам бу дунёдан ўтдилар... Тўғри, бу ҳаётда ўрни ўзгармайдиганлар, албатта, йўқ... Лекин ўрнини ҳеч ким боса олмайдиганлар БОР! Улар қуйидагилардир. Бугун биз ўзларининг беназирликлари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олган қуйидаги дин хизматчилари – устозларни алоҳида эсга олишимиз лозим...

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Дардоқ” жоме масжиди имом-ноиби Тўйчиев Ғайратжон домла;

Наманган шаҳар “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-ноиби Исмаилов Адҳамжон домла, “Абдураззоқ қори” жоме масжиди имом-ноиби Хожиев Аҳадхон домла;

Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Навбаҳор” масжиди имом ноиби  Абдураҳмонов Қўчқор домла, Зарбдор туман “Кериз” масжиди имом-хатиби  Ўтамуродов Қодирқул домла;

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани “Хўжа Абдул Варроқ ат-Термизий” масжиди имом хатиби Ҳасанов Шохназар домла, Денов тумани “Имом Бухорий”  масжиди имом-хатиби Тошбоев Панжи домла;

Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Тўхтабой” масжиди имом ноиби Баҳрамов Аҳмадуллоҳ домла, Шайхонтоҳур тумани “Баланд” масжиди имом ноиби Исмаилов Ҳабибуллоҳ домла, Бектемир тумани “Алибек” масжиди имом ноиби Ибрагимов Аҳмаджон домла, Яккасарой тумани “Ракат” масжиди собиқ имом-хатиблари, фахрий имомимиз, таниқли катта уламомиз Ҳамдамов Абдуллоҳ домла;

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани “Ҳаким Сулаймон” жоме масжиди имом ноиби Мамутов Муҳаммадали домла, Қозиёт ҳисобчиси Аметов Ремберген домла;

Бухоро вилояти собиқ бош имом-хатиблари Нуриллаев Мансуржон домла;

Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” жоме масжиди имом-хатиби Меликов Мустафоқул домла, “Абдуллоҳ ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби Давронов Абдураҳмон домла, “Шоҳи Зинда” жоме масжиди имом-хатиби Исломов Нуриддинхон домла;

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Турматов Хайрулло домла, Оққўрғон тумани “Эрбўта қози” масжиди имом ноиби Бойхонов Исмоилхон домла, Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди имом ноиби Эркаев Раҳмонберди домла;

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани “Эски қўрғон” масжиди имом-хатиби  Исматиллаев Тоҳиржон домла;

Хоразм вилояти вакиллиги ҳуқуқшуноси Жуманиёзов Бахтиёржон домла;

Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Пахтаобод” жоме масжиди собиқ имом-хатиби Суяров Абдураҳмон домла;

Фарғона вилояти Данғара тумани “Муҳаммадсаид хўжа” жоме масжиди имом-хатиби Аҳмедов Шерзоджон домла;

Табаррук устоз Убайдулла домла Уватов, йирик муфассир Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари, забардаст олим Довудхон домла, мутасаввиф уламо Олимхон домла ва “Кўкалдош” мадрасасида узоқ йиллар самарали хизмат қилган Абдусалом домла каби устоз уламоларимиз бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат этдилар, уларнинг охиратлари обод, жойлари жаннат бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз бу қийин даврда машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатган ва вафот этиб, шаҳидлик мақомига етишган мазкур уламоларимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаган бўлсин! Илоҳим Ўзи рози бўлиб, Наим жаннатлари билан сийласин!

Ўз фаолиятининг маъно-мазмунини муборак динимиз, жонажон халқимизга, она-Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишда, деб билган бу фидойи инсонларимиздан улкан ва бой маънавий мерос қолди... Зикр этилган азиз инсонлар динимиз таълимотларини доимо тараннум этадиган, халқимизнинг қалби ва онги уйғоқ, ватанпарвар фарзандлари сифатида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг доимий иштирокчиси ва тарғиботчиси эдилар... Уларнинг оилалари ва яқинларига, мухлисларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси бутун халқимиз, мўмин-мусулмонларимиз номларидан эзгу дуоларни қилиб қолади...

Бир оддийгина кичик қўл соатида ҳам, уйимиздаги телевизорда ҳам, қўлимиздаги телефонимизда ҳам, энг катта компьютерда ҳам, энг охирги русум автомобилида ҳам, бир неча тонналик самолётда ҳам, Ер сайёрасидан кўтарилиб коинотга бориб-келаётган неча минг тонналик космик кемаларда шундай бир қисм, бўлакчалари бор-ки, у қисмларсиз мазкур “мўъжиза”лар ишлолмай қолади. Аслини олганда, у бўлак-қисмлар кўзга кўринмайди ҳам... Улар эътиборсиз-у, лекин уларсиз соат ва телевизор ҳам, телефон ва компьютер ҳам, автомобиль ва самолёт ҳам, хатто инсониятни лол қолдираётган баҳайбат космик кемаси ҳам ишламасдан қотиб қолади! “Мўъжиза”ларнинг энг каттаси ва энг улуғи бўлган Инсон организмида ҳам мана шундай “қисм-бўлаклар” мавжуд.

Ҳар бир корхона-ташкилотларда ҳам ҳудди шу каби “қисм-бўлаклар”ни вазифасини адо этадиган одамлар, катта-кичик ходиму хизматчилари бор!!! Улар ўзларини ҳадеб билдиравермайдилар... Лекин ўз ишларини ниҳоятда чиройли ва намунали этиб, тўла-тўкис ва мукаммал қилиб, дину диёнат билан, ҳалолу пок, инсофу виждон билан бажарадилар. Шундай инсонларга ўзларини “кўрсатиш”ларини ё (ҳозир “мода”га айланиб қолган) интернетга “чиқиш”ларини таклиф этсангиз, ҳаммаларидан ягона жавоб эшитасиз. Ўзларини тортиб, уялиб, чуқур ҳаёжонланиб: “Худо билса, бўлди... Билса – балиқ, билмаса – Холиқ,” – деб қўядилар холос.

Мана шундай инсонлар бизнинг соҳамизда сон-саноқсиз даражада кўп! Лекин уларни машаққатли ва сермаҳсул меҳнатларини, беқиёс ва олижаноб хизматларини Яратганимиздан ташқари, раҳбарларимиз ҳам, доно халқимиз ҳам жуда яхши билади!

Бугунги мураккаб ва синовли даврда халқимиз ва динимиз хизматида бўлиб турган қадрли ва табаррук уламоларимиз, муҳтарам ва ҳурматли имом-домлаларимиз, азиз ва қимматли мударрисларимиз, муштипар ва мунис отинойиларимиз, масжид-мадрасаларимиз бебаҳо ва меҳнаткаш ходимлари ҳамда севимли ва суюкли талабаларимизга Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таборака ва таолодан сиҳат-саломатлик, шоду ҳуррамлик ва икки дунё саодатини сўраймиз!

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, муборак динимиз ривожи ҳамда доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларингизда улкан муваффақиятлар ато этишини Меҳрибон Парвардигоримиздан илтижо қилиб қоламиз!

Эл-юртимиз равнақи ва дини Ислом маърифати йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб, ўзининг бор куч-қудрати ва ақл-заковатини аямасдан, сидқидилдан, фидойиларча, холисона ҳамда улкан меҳр ила хизмат қилиб келаётган сизлардек мўътабар инсонларни тарбиялаб, вояга етказган ОТА-ОНАЛАРИНГИЗГА  МИНГ-МИНГ-МИНГ РАҲМАТ! Барча ота-оналарга ҳам Парвардигори олам ана шундай фарзанд тарбиялаб, камолга етказишни насиб айласин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, динимиз камоли, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз, Диний идорамиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб борилаётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин!

Илоҳим ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни рўҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” билим юрти битирувчиси Нўъмонхон Яҳёхон билан саодат асрига саёҳат қилиб, саҳобалар ҳаётига оид таъсирли лавҳаларни янги ташкил этилган “Пешқадамлар” лойиҳасида ёритиб бориш режалаштирилган.

 Азиз мухлис, muslim.uz ижодкорлари Аллоҳнинг ёрдами ила яна бир хайрли лойиҳага қўл урди. Бундан мақсад Ислом дини маърифатини Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганиб, кейинги авлодларга етказиб кетган саҳобалар ҳаётига чуқур назар солиб, дин ривожи йўлида қилган буюк хизматларини кўрсатиб, ибрат олиш саналади.

Ислом тарихи саҳобалар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Улар пайғамбарлардан кейин инсонларнинг энг комил ва фозилларидир. Саҳобаларнинг энг яхшилари тўрт халифа, кейин жаннатга кириши башорат қилинганлар, Бадр ва Уҳуд, Ризвон иштирокчилари туради. Шунингдек, уларнинг бирлари илмда, яна бирлари ҳалимликда, бошқалари эса саховат ё жасорат бобида пешқадам бўлганлар. Aллоҳ улардан рози бўлсин.

 Мана шундай маърифий лойиҳаларни ҳар бир талаба, ҳар бир битирувчи ёки диний соҳа ходими силсила шаклида олиб боришида бизнинг сайт ва ижтимоий тармоқларимиз минбар вазифасини ўташи мумкин.

 Ҳақ таоло ушбу “Пешқадамлар” кўрсатувини муваффақиятли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб “Қуръони карим мусобақаси – 1442” танлови ўтказилиб, Qur'an Karim YouTube ва AzonTV'нинг Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали узатилмоқда.

Мазкур танлов халқимизнинг Каломуллоҳга бўлган муҳаббатини ошириш, янги аҳли Қуръонларни кашф этиш, ёшларимизнинг илмга бўлган рағбатларини юксалтириш, юртимизнинг катта қорилари билан жонли мулоқотни йўлга қўйиш, Қуръони каримни ўрганишга бўлган қизиқиш ва салоҳиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Мусобақа ҳифз ва тиловат йўналишида бўлиб, ғолибларни аниқлашда юртимизнинг тажрибали, етук ҳофизлари ҳакамлик қилишмоқда. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар берилади.

Маълумот учун, Зайниддин қори 1976 йил 24 январда Наманганда таваллуд топганлар. Дастлаб шу ерда устозлар қўлида Қуръон ёдлаганлар. Кейин Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетида Қироат маъҳадида таҳсил олганлар. У ерда тажвид бўйича шаҳодатномаларга эга бўлганлар.
Устоз Зайниддин қори ўн беш йилдан ортиқ Мисрда Қуръон қироатлари ва бошқа илмларда таълим олган, хушовоз ҳофиз эдилар. У киши ўтган йили Ал-Азҳар университети машойихлари кўриги остида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бериб, овозли мусҳафни тайёрлатгандилар. Бу маънода у киши ҳозирча ягона ўзбек қориси ҳисобланадилар. У киши ўтган йили вафот этдилар. Аллоҳ устозни раҳмат қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top