www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 31 август куни ўзбекистонлик ҳожилар жойлашган Макка шаҳридаги муҳташам «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали маросим Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси билан бошланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан муҳтарам Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда келтирилган давлатимиз Раҳбарининг «Сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган бу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз», деган сўзлари табаррук заминда улуғ ибодатларни адо этиб бўлган фуқароларимизни беҳад қувонтириб юборди.


Табаррук ёшдаги ҳожи отахону онахонларимиз муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини сўзлаб, ҳаж қилувчилар учун ташкил этилган шарт-шароитлар йилда-йилга яхшиланиб бораётганини мамнуният билан тилга олдилар. Улар муҳтарам Юртбошимиз, она-Ватанимиз ва фидокор халқимиз ҳаққига кўпдан-кўп хайрли дуолар қилдилар.
Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати раҳбари Усома Тошқандий жаноблари зиёратчиларимизни истиқлол байрами билан муборакбод этиб, Ўзбекистон диёрини бундан-да равнақ топишини тилади.


Байрам тадбирида эҳсон дастурхони ёзилиб, зиёратчиларга ширинликлар ва тансиқ таомлар тортилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

П'ятниця, 31 августь 2018 00:00

Истиқлол муборак!

Ватанимиз мустақиллиги шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон кунлар, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади. 

Мустақиллик Ўзбекистон халқининг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Руҳий ва маънавий эркинликлар инсон учун қадрли ва азиз неъматлар ҳисобланади. Айнан мана шу маънавий эркинлик ўтмишдаги аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни билиш, бутун оламга устоз бўла олган боболаримиз шахсини ўрганиш, улар билан фахрлана олиш мустақиллик шарофати билан юзага келди.

Мустақиллик! Ушбу биргина сўз замирида қанчадан-қанча аждодларимизнинг асрлар давомидаги орзу ва армонлари, курашлари, эртанги кунга умидлари мужассам. Дарҳақиқат, Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз такдирининг эгаси бўлиб, кадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёткечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Истиқлол йиллaридa жаҳон илм-фани, маданияти ривожига, инсоният маънавияти такомилига улкан ҳисса қўшган  буюк aждoдлaримизнинг бeбaҳo меросини ўрганиш, шу билан бирга, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, беназир кашфиётларининг жаҳоншумул  аҳамияти ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган  ҳаракат бугун ўз самарасини бермоқда.

Ҳозирги кунда ислом дини ва унинг тарихини ўрганишда жуда ноёб бўлган муҳим тарихий манбалар ва асарлар, жумладан, Қуръони карим, Имом Бухорий, Имом Термизийнинг ҳадис тўпламлари, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро ҳикматлари, Марғиноний, Насафий каби алломаларнинг инсонни етукликка чорловчи диний, маърифий, маданий, фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий асарлари ўзбек тилида чоп этилмоқда.

Ҳар бир миллат, xалқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш, энг катта баxт. Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожлангани билан белгиланади. Бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга сир эмас. Биргина таълимни ривожлантириш учун давлат бюджети харажатларининг 35 фоиздан ортиғи шу соҳага йўналтирилаётгани келажагимиз бўлган ёшларга бўлган эътиборнинг юксак намунасидир. 

Келажак тараққиёти бугунги ёш авлоднинг ақлий  тафаккури, билим тажрибаси ва касбий тайёргарлигига боғлиқ. Ёшларни ҳаётда ўз ўринларини топиши, ўз салоҳиятларини эркин намоён эта олишлари ва уларни иш билан таъминлаш давлатимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда.  

Бугун ким билан гаплашманг, суҳбат мавзуси ўз-ўзидан бунёдкорлик ишларига бориб тақалади. Бу табиий, албатта. Чунки сўнгги йилларда юртимизда қад ростлаётган бири-биридан гўзал ва муҳташам бинолар, кенг ҳамда равон йўллар, мустаҳкам кўприкларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Миллий ва замонавий меъморчиликнинг энг юксак талаблари асосида қурилаётган бундай иншоотлардан биз қанчалик фахрланаётган бўлсак, хорижлик мехмонларнинг уларга ҳайрату ҳавас билан боқаётгани, ўзбек меъморлари маҳоратига тан бераётгани, таъбир жоиз бўлса, биздан ибрат олишга ҳаракат қилаётгани ҳам рост.

Ҳар биримиз ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, иқтисодий бўҳронлар, қирғинбарот жанглар, оломон маданиятининг салбий таъсирларига теран нигоҳ билан назар ташлаб, уларни юртимиздаги тинч-осойишта муҳит, улкан бунёдкорлик ишлари билан муқояса қилишимиз ҳамда шу замин, шу тупроқ, шу эркин ва обод Ватанда яшаётганимиздан бахтиёрлик туйғуларини ҳис этамиз. Орзу ва интилишлари қадр топган, келажагини яратиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган жамиятда умргузаронлик қилаётганимизга шукрона айтамиз.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 152-оятида: “Шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”,  деб марҳамат қилган. Шунга кўра бизлар ўзимизда мавжуд бўлиб турган неъматларга шукрона келтиришни ёддан чиқмаслигимиз лозим бўлади. Зеро, ҳикматли сўзда: “Шукр қилиш борини боғлайди, йўғини чорлайди”, дейилган.

 

Раҳматилло УСМОНОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

П'ятниця, 31 августь 2018 00:00

Мустақиллик – бебаҳо неъмат

Истиқлол йилларида мамлакатимиз асрларга татигулик муваффақиятларни қўлга киритганига гувоҳ бўлдик. Юртимизни мустақиллик неъмати туфайли бутун дунё таниди. Миллий ва диний қадрият ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурурдий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Абу Мўъин ан-Насафий каби буюк аллома ва азиз-авлиёларнинг табаррук номлари билан боғлиқ мамалакатимиз ҳудудаги зиёратгоҳлар қайтадан обод қилинди. Бу табаррук зотлар қолдирган миллий ва диний қадрият намуналарини ўрганиш учун барча шароитлар яратилди. 

Жонажон Ватанимизда рўй берган ўзгаришлар мамлакатимиздаги ҳар бир кишининг ҳаётига бевосита дахли бордир. Бу йилларда мамлакатимиздаги фуқаролар эмин-эркин ибодатларини бажармоқдалар, юртимиз ёшлари эса олий ва ўрта махсус билим юртида таълим олишяпти, минглаб кишилар ҳар йили ҳаж ибодатига бориб, “ҳожи” деган улуғ номга эга бўлмоқдалар. Айни вақтда вилоятимиздан 413 нафар фуқароларимиз муборак Ҳаж ибодатини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетган. 

Мустақиллик туфайли мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси йилдан-йилга ўзгариб, янгича чирой очмоқда. Юртимизда бунёд этилаётган замонавий иншоотларни кўриб, кўзингиз қувнайди, чин дилдан севинасиз. Осмони мусаффо мамлакатимиз кундан-кунга обод бўлиб бормоқда.

Мустақиллик неъмати туфайли миллий ва диний қадриятларимиз ҳар томонлама тикланиб, ҳаётимиздан мустаҳкам ва муносиб ўрин олаяпти.

Муқаддас динимиз ҳар қандай неъматга шукр қилишга, тинчлик ва яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақиради. Ҳадисда шундай дейилади: “...Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир. Кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир, (кўпчиликдан) ажралиш эса азобдир”. (Бухорий ривояти). 

Шу сабабли мустақиллик неъмати ҳақида қанча гапирсак ва берилган неъматга қанча шукр қилсак, шунча оз. Зеро, берилган неъматга шукр қилиш уни яна зиёда қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида шундай дейди: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта. (уларни янада) зиёда қилурман...).

Аллоҳ таоло барчамизни мустақиллик неъматига шукр қиладиган кишилардан қилиб, яқинлашиб келаётган Истиқлол байрамини муносиб кутиб олишга мушарраф айласин! Барчамизга мустақиллик байрами муборак, азизлар!   

  Бекмурод САХРИЕВ, 

ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими 

 

Четвер, 30 августь 2018 00:00

Орзулар рўёби

Инсон ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У ўзини ҳамиша эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам кекса тарих озодлик учун курашнинг, шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳурриятга интилиш ҳодисаларини кўп кўрган.

Мустақиллик, ҳуррият тушунчалари бутун жозибаси билан бирга беқиёс қудратини, буюк ўзгартирувчанлигини кўрсатмоқда. У дунёқарашимизни тубдан ўзгартириб, фикримиз, тафаккуримизни бойитмоқда. Воқеалар ривожини бутун моҳияти билан англашни, дунёга кенгроқ ва теранроқ назар билан қарашни ўргатди. Зотан, истиқлолнинг буюк моҳияти, беқиёс қадр-қиммати ҳам ана шунда.

Ўзбекистон мустақиллик сари йўл олар экан, дастлабки кунлариданоқ ўтмиш маданияти ва қадриятларини тиклаш, ноҳақ жабрланган инсонларнинг муборак номларини юзага чиқариш, миллий онгни ўстириш каби вазифаларга кенг эътибор берилди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очилди. 

Шубҳасиз, Аллоҳ Таоло ўзи назар солиб турган жаннатмонанд диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг корига яраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Тинчлик ва хотиржамлик – Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидандир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, деб энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишлигини сўраб, дуо қилиши зарурлигини ўргатганлар.  

Айнан шу мазмунни Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тинчликни, oзoдликни вa миллий истиқлoлни oрзу қилиб aзиз жoнлaрини фидо қилиб қанча-қанча аждодларимиз ўтиб кетдилар. Бугун дунёнинг кўплаб бурчакларида тинчликни, осойишта тонгни орзу қилиб яшаётганлар ҳам кўп. Бизлар тинч ва осойишта диёримизда мавжуд тинчлик неъматининг қадрига етиб, уни янада мустаҳкам бўлишига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшиб яшашимиз зарур. 

Аллоҳ таоло бизга берган тинчлик неъмати ва бошқа неъматларига доимо шукрда бўлишимиз керак. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Киши эрталаб уйқудан уйғонса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. 

Демак, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзанларингиз тинч-осойишта бўлса, ризқингиз тўкис бўлса, фақат шукр келтириш билан мазкур неъматлар давом этиши эслатиб қўйилмоқда.

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ, 

ЎМИ Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси

 

 

Тасаввуф, тариқат нима? Улар замирида қандай мақсад мужассам? Моҳиятида нима бор?

Аслида тариқат – руҳий, маънавий покланишга даъват этувчи, инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йўналиш бўлиб, ислом дини кенг тарқалишида тасаввуф ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, тасаввуф таълимоти вужудга келган даврда халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган.

Марказий Осиёда тасаввуф тариқатлари ривожида юртимиздан етишиб чиққан Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Хожа Муҳаммад Парсо каби алломаларнинг хизмати катта бўлган. Шу жумладан, тасаввуф тариқатида катта ўрин тутган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари биринчидан, ислом шариати мезонларини маҳкам ушлаган ва уларнинг бузилишига йўл қўймаган. Иккинчидан, бу таълимот чин инсоний ғоялар ва фазилатларни илгари сурган, жамиятнинг турли вакиллари ўртасида жавонмардлик ришталари пайдо бўлишига сабабчи бўлган эди. Бунинг ортида одамлар бир-бирларига моддий ва маънавий ёрдам бера бошлаганлар, ҳар қандай қийинчиликни ҳамжиҳатлик билан енгиб, шодликларни баҳам кўрганлар. Шу сабаб уларнинг фаолияти бутун ислом оламига ўз таъсирини ўтказган.

Айни вақтда мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида турли тасаввуфий тариқатлар вакиллари фаолият юритади. Бироқ уларнинг кўпчилиги тасаввуф таълимотининг илк ғояларидан анча узоқлашиб кетганини айтиш ўринли. Шайхлик мақоми маблағ тўплаш манбаи бўлиб қолган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Баъзи мамлакатлардаги кўплаб тариқат вакиллари томонидан шайхларининг ўта муболаға билан улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши, шайхларнинг ўз тарафдорлари ва муассасалари мавжудлиги фикримиз исботи бўла олади.

Афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатни муридбозликка, мансаб, мол-дунё орттириш манбаига айлантириб олдилар. Шу сабабли улар ҳақида сўз юритишга мажбур бўлмоқдамиз. Мақсадимиз кимнидир, ниманидир айблаш, узоқ тарихга эга тариқат йўналишини танқид қилиш ёки тасаввуфни инкор этиш эмас. Бироқ, муборак динимизнинг асл мазмун-моҳиятини бузиб, унинг ҳаётбахш таълимотларини нотўғри талқин қилувчиларни кўриб, томошабин бўлиб туриш ҳам инсофдан эмас.

“Тасаввуф” атамасининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча қарашлар мавжуд. Уларнинг аксариятида мазкур атаманинг арабча “суф” – “жун” сўзидан келиб чиққани қайд этилади. Аввало, бу атама луғавий маъно жиҳатидан тўғри. Негаки, кўп ибодат билан машғул кишилар кийимни жуда содда кийишган. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган. Зеро, тасаввуфга эргашган шахслар таналарини риёзатга чиниқтириш учун ҳамда дунёнинг моддий бойликлари дабдабасидан юз ўгирганликларининг исботи сифатида қаттиқ жундан тўқилган либос кийиб юрганлар.

Имом Сухравордий фикрича, тасаввуф таърифининг мазмуни – икки минг атрофида. Яна бошқалари тасаввуф таърифининг зиёда бўлиши ёки хилма-хиллиги бу йўналишнинг кенглигини билдиради, деб таърифлашган. Шуни қайд этиш лозимки, уларнинг йўналишлари, таҳсиллари, кўрсатмалари шўролар даврида барбод бўлган эди. Шунинг учун тасаввуф тариқат йўналишларида ҳеч қандай адабиёт, мактаб, билим даргоҳи мавжуд эмасди. Шариат билимларини ўрганишда фойдаланилаётган олийгоҳ ва мадрасалар каби билим даргоҳлари йўқ эди.

Бу ўз-ўзидан тариқатчилик соҳасида илмий-амалий кўрсатма деярли йўқ дегани эмасми? Демакки, бу соҳанинг мутахассислари ҳозирда юртимизда бармоқ билан санарли ҳолга келган. Бироқ, мўътабар зотларнинг мақом ва лавозимларини давом эттириш даъвоси билан юртимизнинг бир неча жойларидан пирлик даъвосини қилаётганлар кишини таажжубга солади. Улар машҳур тасаввуфчиларнинг йўналишларини танлаганликларини пеш қилиб, ўзларига мухлис орттирмоқдалар. Бу ўз навбатида қатор саволларни юзага келтиради:

Хўш, тасаввуф йўналишида ким хоҳласа пирлик, яна ким хоҳласа муридлик даъвосини қилиши мумкинми?

Пирлик даъво қилаётган шахслар қайси бир тариқат вазифаларини бажариб, зоҳирий ва ботиний илмларга эга бўлган шахсларга боғланишган?

70 йиллик бўҳрон даврида шариат илмига моҳир, ҳар томонлама етук олимни тасаввур қилиш қийин бир пайтда қандай қилиб инсон қалбига нур бера оладиган тариқат илми мутахассислари етишиб чиқди?

Ҳозирги кунда пирлар ўзаро бир-бирини адашган, нотўғри йўл танлаган, жоҳил, илмсиз, деб даъво қилиб турган бир пайтда қандай қилиб уларга эргашиш мумкин?

Айни пайтда баъзи пирлар ўз муридларига қатор вазифаларни беришда асосан эшитган, қайсидир “пир” таъсирида бўлган даврларидаги таассуротларига таянмоқдалар. Муридлар ҳам бу вазифаларни адо этишни вожиб ўринда кўрмоқдалар.

Бинобарин, баъзи бир пирларнинг ўзлари билмаган ҳолда шариат қоидалари бузилишига олиб борувчи айрим кўрсатмалари бўйича халқимиз ўртасида эътирозлар пайдо бўлмоқда. Мисол тариқасида қуйидагиларни келтириш мумкин:

- кечаси таҳажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб) деб таъкидлаш;

- шукри вузуъ намозини қай вақтда бўлса ҳам, яъни макруҳ пайтларда ҳам ўқиб олиш зарур деб билиш;

- пирга қўл берганнинг олдинги гуноҳлари, шунингдек, қолдирилган ибодатлари ҳам кечирилади, дейиш;

- муридидан бошқа кишининг тўй-маъракасига бормаслик;

- расмий имомларнинг амри маъруфларини менсимаслик;

- ўзидан бошқа тариқат пирларини ошкор танқид қилиб, уларнинг адашганликларини айтиш;

- ўзгалар (тарафдорлардан бошқалар)нинг диний ва дунёвий мазмундаги маросимларида иштирок этмаслик;

- қоплама (тилла, кумуш) тиш қўйган кишининг таҳорати мукаммал бўлмайди дейиш;

- намоздан кейин овоз чиқариб дуо ва тиловат қилишни макруҳ деб билиш;

- Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонасида бўлмаган ҳар қандай ишни бидъат (янгилик), деб билиш ва инкор этиш.

Булардан ташқари, айрим тариқатчилар томонидан турли мутаассибона хатти-ҳаракатлар намоён бўлаётгани таажжублидир. Хусусан, улар пирнинг уйи томонга оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гуноҳ бўлади, дейишади. Салла кийишни доимий суннат, деб жамиятимиздаги ҳозирда кийилаётган кийимларга рози бўлишмайди. Шариатда рухсат қилинган қўл ювилгандан кейин қўлни ёки юзни сочиқ билан артишни мумкин эмас деб даъво қилишади. Баъзи бирлари эса ислом шариатида жорий бўлиб келган амаллардан кўра пирлари буюрган амални устун кўрадилар.

Чойни қуйишда чойнакни ҳам, пиёлани ҳам ўнг қўл билан ушламаса, макруҳ бўлади деб, шунингдек, бошқаларнинг чап қўлда қуйган чойларини ичишмайди.

Ўз пирларини бошқа пирлардан юқори кўришда чарчамайдилар. Айрим муридлар ота-оналари, муқаддас оилалари ва фарзандларини ташлаб, девоналикни даъво қилишади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бундай амаллар шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Тариқат ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканликларини аниқлаш учун улар амаллари шариатга, маърифий ислом дини кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштириш кифоя қилади. Диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ҳар бир ишда илмнинг йўқлиги ғарибликни келтириб чиқаради. Нақшбандия тариқати эса касб-ҳунар ва меҳнатдан ажралмаган ҳолда, илм-маърифатни муттасил зиёда қилиб боришга даъват этади.

Ваҳоланки, ҳозирги вақтда айрим тариқат аҳли илмларини муттасил зиёда қилиб бориш ўрнига ўзлари илм-маърифатга қизиқмаганлари ҳолда ёш авлодни мактаб ўқишларидан ва замонавий фанларни ўзлаштиришдан совутишга журъат қилмоқдалар. Замонавий илмлардан баҳраманд бўлмаган кишидан комил инсон чиқиши мумкинми?

Айни пайтда айрим тариқатчиларни ўзининг тўпига қўшилиб олиб, кўчама-кўча, хонама-хона худойи еб юриб, бола-чақанинг нафақасини унутаётган ҳолда учратиш мумкин.

Нақшбандия тариқати таълимоти бўйича ҳалол касб билан оиланинг нафақасини таъминлаш муҳим ишлардан ҳисобланади. Оила ва фарзандларни тарк этиб, ўз манфаати йўлида узоқ жойларга кетиб қолиш шариат қонунларига ва тариқат кўрсатмаларига мутлақо тўғри келмайди. Диний ва миллий қадриятларга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ишлар жамиятимиз учун салбий ишлардир. Улардан на динимизга, на тасаввуф тариқатига бирор манфаат бор.

Мақсадимиз маърифий ислом ва анъанавий ҳанафий мазҳаби йўналишига оғишмай амал қилиш ва тўғри йўлни инсоф нуқтаи назаридан қабул қилиш экан, тариқат – Аллоҳ ва Расулини севиш, ота-онага, устозга, барча мўъмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишлигини унутмаслик керак. Тариқат –Хожа Аҳрор Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Асл тариқатда таркидунёчилик, оила ва фарзандлар нафақаси ва тарбиясига бепарволик йўқ. Мавлоно Жалолиддин Румий ишсизлик, дангасалик, бепарволикка, таркидунёчиликка қарши қаттиқ курашганлар. У киши инсонларни ҳаракат ва жидду жаҳд қилишга, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишга чақирганлар. Тариқат халқ билан бирга бўлишга, халқнинг оғирини енгил қилишга буюради. Ташқи кўриниш сўфийнамо бўлиб, бадхулқ бўлишни қаттиқ қоралайди. Зеро, тариқатда сўз билан амал бир бўлмаса, мунофиқлик ҳисобланади. Аҳмад Яссавий таъкидлаганидек,

 

Ҳар ким қилса тариқатни даъвосин,

Аввал қадам шариатга қўймоқ керак.

Шариатнинг ишларини адо қилиб,

Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак.

 

 

 

 

Ражабали НОРҚЎЧҚАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Янгиликлар

Top