muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Четвер, 26 октябрь 2023 00:00

Таваккул

Сўфи Оллоҳёр “Саботул ожизин” асарида бир ҳикоятни келтиради: “Абдуллоҳ ибн Муборак саҳро­да йўлдан адашди. Юриб-юриб, узоқдан бир қудуқни кўргач, энди арқон ва бир челак бўлсайди, деб кўнгилдан ўтказди”.

Қудуққа яқин боргач, челак ҳам, арқон ҳам йўқ, сув анча пастда эди. Ибн Муборак ҳайрон бўлиб бир четга бориб ўтирди. Шу пайт саҳро қўйнидан бир кийик қудуқ томон кела бошлади. Етиб келгач, тумшуғини қудуққа суққан эди, сув кўтарилди, ҳатто қудуқдан тошиб чиқди.

Кейин сув ичиб яна саҳро бағрига кириб, ғойиб бўлди. Бундан ҳайрону лол бўлган Абдуллоҳ югуриб қудуқ бошига борди, сув эса Абдуллоҳ етиб боргунича яна пастлаб кетди.

Шунда унинг қалбидан бир нидо отилиб чиқди ва деди: “Ё Раб, берурсан оҳуга об, менга бермассан, эй султон Ваҳҳоб”. Шу пайт Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қалбига бир нидо келди: “Ўша сен кўрган оҳу саҳрога ризқ истаб чиққан пайтда мендан бошқага таваккал қилмаган эди. Сен эса қудуқни кўрибоқ қалбингни челак ва арқон ташвиши эгаллади...”

Ибн Муборак бу нидони эшитиб, беҳол бўлди, бу танбеҳдан қалбида завқ дарёси жўш урди ва шундан сўнг умрининг охиригача чанқамади.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ Ўз дўстларининг қалбидаги бир лаҳзалик ғафлат учун ҳам танбеҳ беради. Зеро, юксак чўққидаги одамга хатар ҳам катта бўлади.

Ризқлар тақсимланадиган соат

Ойша розийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: “Барвақт туриб ризқларингизни талаб қилинглар. Куннинг аввали барака ва нажот вақтидир”, деганлар (Имом Баззор ва Имом Таба­роний ривояти).

Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: «Мен субҳ вақтида ухлаб ётган эдим. Шунда Расулуллоҳ менинг олдим­дан ўтиб қолдилар ва уйғотиб: “Эй қизим, тур, Раббингнинг ризқ (тақсимлашига) шоҳид бўл ва зинҳор ғофиллардан бўлма!” дедилар» (Имом Байҳақий).

Дарҳақиқат, Аллоҳ тонг отгандан қуёш чиққунгача бўлган вақт мобайнида одамларнинг ризқларини тақсимлайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам барчаларимизни барвақт туриб, ризқ талаб қилишга ундаганлар, тонг пайтида ғафлат ҳолидан чиқариш мақсадида ҳаққимизга хайр ва барака сўраб дуо қилганлар.

"Ҳидоят" журналидан

Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби

Соҳа мутахассисларининг маълумотларига кўра, инсоннинг бошида тахминан уч юз минг дона соч толаси бўлар экан. Ҳар бир тола остида вена, артерия қон томирлари, асаб толаси ва мускул жойлашиши тадқиқот натижасида маълум бўлди. 
Бундан ташқари, ҳар бир соч толасининг остида ёғ ва ранг безлари ҳам бўлар экан. 
Инсон танасининг деярли 95 фоизи тук билан қопланган бўлиб, фақат кафт ва оёқ ости бундан мустасно.
Агар инсон умри давомида сочини кестирмаса, унинг узунлиги 725 км. га етиши мумкин экан.

Шифокорлар текширув асносида қизил сочли одамлар оғриқни кўпроқ ҳис қилишларини пайқашди.

Дунёда энг кўп тарқалган соч тури – қора рангли экан.

Энг кам тарқалган соч тури эса қизил рангли бўлиб, дунё аҳолисининг 4 фоизини ташкил этар экан. 
Об-ҳаво иссиқ бўлган пайтда сочнинг ўсиш суръати юқорилаши маълум бўлди. 
Соч бир ойда ўртача 1 сантиметр ўсар экан.

 Расмда инсон соч толасининг микроскоп орқали кўриниши. 

Соч толаси уч килограммгача юкни кўтара олиши аниқланди. 
Яратганнинг Мусаввирлигига боқиб, тилларимиз ожиз бўлиб, ақлларимиз шошади. 


Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Бугун пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳри масжидларида фаолият юритаётган мутаваллилар ва ҳисобчилар учун йиғилиш ўтказилди.

Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бориб, жумладан, бундай дедилар:

– Адолати билан машҳур бўлган иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг:

حَاسِبُوا أَنْفُسَكُمْ قَبْلَ أَنْ تُحَاسَبُوا. وَتَزَيَّنُوا لِلْعَرْضِ الأَكْبَرِ.

 وَإِنَّمَا يَخِفُّ الْحِسَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَى مَنْ حَاسَبَ نَفْسَهُ فِى الدُّنْيَا

яъни: “Ҳисобга тортилмасдан олдин ўзларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Буюк номус учун безанинг. Ким дунёда нафсини ҳисоб-китоб қилган бўлса, охиратда ҳисоби енгил бўлади”, деган машҳур гапларини ҳар бир мутавалли, муҳтасиб ўзига шиор қилиб олиши шарт.

Мутаваллилар масжид уставида белгиланган тартибда фаолият юритишлари лозим. Жумладан, масжидларнинг ҳар чоракда белгиланган вақтдан кечикмасдан топширишлари лозим бўлган молиявий ҳисоботлари, имом-хатибнинг маънавий-маърифий тадбирлардаги иштироки, тафтиш ҳайъати ва умумий йиғилиш мажлис баённомалари, қарорлари ва эътиқод қилувчилар сонини беришлари лозим.

Мутаваллилар ўз вазифаларини яхши билишлари лозим. Масжидлардаги бугунги кундаги айрим камчиликлар ва молиявий муаммоларнинг барчаси мутаваллиларнинг, шунингдек, масжид тафтиш ва ҳайъат аъзолари тўғри ва тўлиқ ишламаётгани оқибатидан келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Агар тафтиш ҳайъати тўғри ва тўлиқ фаолият юритса, масжидларда кўнгилсиз ҳодисалар ва муаммолар келиб чиқмайди. Шунингдек, мутаваллилар масжидларга тушадиган тушумларни аниқ ва тўғри саноқ далолатномаларини юритишлари талаб этилади.

Йиғилишда бош имом-хатибнинг ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев  ва Эргашали домла Рустамов  ҳам сўз олиб, мутавалли ва ҳисобчиларга зарур тавсиялар беришди.

Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.

 

Мўмин киши Қуръони каримни ҳар куни тиловат қилиши ва ўқиладиган миқдорни кун сайин ошириб бориши зарур. Солиҳ салафлар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони каримни турли муддатда хатм қилиб боришган.

Ибн Абу Довуддан нақл қилинишича, баъзи салафи солиҳлар Қуръонни ҳар икки ойда, бошқалари эса бир ойда хатм қилишган. Ўн кечада, саккиз кечада хатм қиладиганлари ҳам бўлган. Уларнинг кўпчилиги етти кечада хатм қилишгани ривоятларда собит. Олти, беш,.. ҳатто бир кечада хатм қилганлари ҳам бўлган. Шунингдек, улар орасида бир кеча-кундузда икки, уч, ҳатто саккиз мартагача хатм қилганлари бор.

Имом Абу Абдураҳмон Суламий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен шайх Усмон Мағрибийнинг: “Ибн Котиб раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримни кундузи тўрт марта, кечаси тўрт марта хатм қилган”, деганини эшитдим».

Бир кунда қанча Қуръон ўқиш керак?
Бу борадаги энг тўғри фикрга кўра, Қуръондан ўқиладиган миқдор ўқувчининг ўзига боғлиқ. Ўқувчи шундай миқдорга чеклансинки, токи ўқилган қисм ўзига малол келмайдиган ва уни бемалол ўзлаштириб, мулоҳаза қила оладиган бўлсин. Агар инсон таълим олувчи, ё таълим берувчи ёки бошқа диний ишлар ёхуд инсонларга фойда берадиган бошқа муҳим вазифалар билан машғул бўлса, у ҳолда Қуръондан ўқийдиган миқдори уни ўз вазифасидан чалғитмайдиган даражада бўлиши керак. Агар у юқоридаги ишлар билан шуғулланмаса, у ҳолда ўқиш тезлигини имкон қадар оширгани маъқул. Фақат бу иш уни зериктириб, шошма-шошарлик билан ўқишга олиб келмаслиги лозим.

“Ат-тибян фий адаби ҳамалатил Қуръан” китобидан

"Ислом нури" газетасидан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни инсонларнинг энг бўйни узуни муаззинлардир», деганларини эшитдим», дедилар».

Имом Муслим ривоятлари.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муаззиннинг овозини эшитган инс ҳам, жин ҳам қиёмат куни унга гувоҳлик беради», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Соҳибларимиз азонми ёки имомлик афзаллиги тўғрисида ихтилоф қилишди. Бу борадаги баҳс тўрт фикрдан иборат бўлди:

1) азон айтиш афзал;

2) имомлик афзал;

3) уларнинг мақомлари бир хил;

4) имомлик ҳуқуқини билса, имомлик афзал, билмаса, азон афзал.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан

Сторінка 63 з 305

Янгиликлар

Top