muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.

Четвер, 10 августь 2023 00:00

Қиёмат қачон бўлади?

Ҳар бир мусулмон банда билиши лозим бўлган муҳим нарсалардан бири бу – қиёмат албатта бир кун содир бўлади, аммо унинг қачон бўлишини Аллоҳдан Ўзга ҳеч ким билмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сиздан (эй Муҳаммад!) қиёмат ҳақида, унинг қачон қоим бўлишини сўрашади. Айтинг: “Унинг илми Роббим ҳузуридадир. Унинг вақти (келгани)да уни Ўзи билдиради. (Қиёмат) осмонлар ва Ерга оғирлик (тушкунлик) қилур. Сизларга (у) тўсатдан келиб қолур. Сиздан гўё у ҳақда вакил (хабардор бўлганингиз)дек сўрашади. Айтинг: Унинг илми (аниқ маълумоти) Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар» (Аъроф сураси, 187-оят).

Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат куни қачон бўлиши ҳақида сўраганда у зот алайҳиссалом: “Сўралаётган киши сўрагувчидан ортиқ билмайди”, деб жавоб берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бундан Жаброил алайҳиссалом ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қиёмат куни қачон бўлишини билишмагани маълум бўлади. Шунинг учун ким қиёмат куни қачон бўлишини биламан деса, у ёлғончидир.

Айниқса, турли ОАВ ва интернет тармоқларида “қиёмат фалон куни бошланади” деган ёлғон хабарлар кенг тарқатилади. Бундай маълумотлар, мутлақо ёлғон бўлиб, ҳеч қандай асосга эга эмас. Албатта, қиёматнинг қачон бўлишининг сир тутилгани Ҳаким Роббимизнинг чексиз ҳикматидандир. Унинг ҳикматини ёлғиз Ўзи билади.

Мусулмонлар турли фолбин ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалаётган “башоратлар”га ишонмасликлари, балки бир кун бўлиши аниқ бўлган кунга тайёргарлик кўришлари лозим.

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

таржимаси

Бугун, 10 август куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар учун маърифат соати бўлиб ўтди.

Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бориб, диний соҳа ходими тартиб-интизомли бўлиши, ижро интизомига қатъий риоя қилиш кераклиги ҳақида гапирдилар. Шу билан бирга, эртанги жума намози тезисига қўшимча равишда сувни тежаш, исроф қилмаслик ҳақида кўрсатма бердилар.

Маърифат соати сўнгида турли соҳаларда фаол ва жонкуяр бўлган бир неча имом-хатиблар ташаккурнома билан тақдирланди.

Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Эргашали домла Рустамов вакиллик ташкилий масалаларида фаоллиги учун тақдирланди.

Чегара ҳудудларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида фаоллиги учун:

– ЎМИ Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев;
– "Имом ат-Термизий" масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов;
– "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ;
– "Яккасарой" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Тошонов;
– "Сирож Солиҳ" масжиди имоми Ҳасан домла Қодиров;
– “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Муҳаммадраҳимов;
– "Фирдавс" масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторов;

Тарғибот ишларида фаол бўлганлиги учун Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собиржон домла Рустамов;

"Тартибли ва интизомли имом" эътирофига Раҳимберди домла Раҳмонов ва Миробод тумани бош имом-хатиби Меърожиддин домла Ҳайдаров;

Ҳаждаги интизоми учун “Иброхим ота” масжиди имом-хатиби Азимжон домла Алимжоновлар ташаккурномага лойиқ кўрилди.

Ташаккурнома олган имом-хатибларни муборакбод этамиз!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Четвер, 10 августь 2023 00:00

Калом илми: эгри ва тўғри талқин

Қуръони карим нозил бўлган даврда арабларнинг сўз усталари, шоир  ва қасидаҳонлари эътиборли шахс ҳисобланишган. Улар доимо шеър, вазхонликдан мусобақа ўтказар, ғолибнинг шеърлари Каъба деворига осиб қўйиларди.

Қуръони карим араб тилида юксак балоғат ва фасоҳат билан нозил бўлди. Шунга қарамай, кўп араблар унинг илоҳий калом эканига шубҳа қилишди. Аллоҳ таоло мушриклар шубҳаларини бартараф этиш учун уларга бирор сура ёки оят келтиришни таклиф қилди: “Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва бу (ишга) Аллоҳдан бошқа, кучингиз етганича, кимни хоҳласангиз, чақиринг” (Юнус сураси, 38-ояти).

Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни одамларга етказишга тўсқинлик қилишди. Бу ҳақида Қуръони каримда: «Куфр келтирганлар: “Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз”, дедилар» (Фуссилот сураси, 26-оят). Сўнгра Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга “Муқаттаот ҳарфлар” билан бошланган сураларни нозил қилди. Бу ҳарф ва ҳарф бирикмалари мушрикларнинг эътиборини тортди ва улар Қуръонни тинглашни бошлади.

Қуръон каримнинг 114 тадан 29 сураси  الم, ص, حم, المص, كهيعص  каби муқаттаот ҳарфлари билан бошланади. Улар алифбодаги ҳарфларнинг номи билан айтилади.

“Муқаттаот” яъни “узилган” маънонисини беради. Бунда ҳарфлар бирикиб, сўзга айланса-да, маъно ифода этмайди. Уламолар уларни “Ҳуруф ал-фаватиҳ”, “Аваъил ас-сувар” ва “Фаватиҳ ас-сувар” деб аташган. Ғарб олимлари “Сирли ҳарфлар” деб номлаганлар. Истеъмолда кўпроқ “Фаватиҳ ас-сувар” ва “Аваъил ас-сувар” номлари билан қўлланилади.

Уламолар муқаттаот ҳарфлари алоҳида оят ёки йўқ экани борасида турли фикрлар бор. Куфа мактаби вакиллари: “Улардан баъзилари алоҳида оятларни ташкил қилади”, деса, Басра мактаби вакиллари алоҳида оят эмаслигини айтади. Саҳоба ва салафлар: “Муқаттаот ҳарфларининг маънолари Аллоҳга маълум ва уларнинг хақиқий маъноларини тушуниш мумкин эмас”, дейдилар.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муфассирлар сураларнинг аввалидаги “муқаттаот” ҳарфларнинг тафсири борасида ихтилоф қилишди. Бунинг асосий сабаби, улар ҳақида на Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ва на саҳобалардан бирорта ривоят йўқ эканидир. Бир гуруҳ муфассирлар: “Бу ҳарфларнинг маъноси Аллоҳга аён”, деб тафсир қилишмаган (“Фазоилул-Қуръон”).

Муқаттаот ҳарфлари билан бошланган барча суралар Маккада нозил бўлган. Бақара ва Оли Имрон суралари бундан мустасно.

Айрим муфассирлар муқаттаот ҳарфларини турлича тафсир қилишган. Баъзилар: “Улар сураларнинг исми”, деса, айримлар: “Ҳар бири Аллоҳнинг исм ва сифатларидан бирига далолат қилади. Масалан, Бақара сураси аввалида келган الم калимасидаги “алиф” Аллоҳ, “лам” Латиф, “мим” Мажид исмини билдиради (“Мухтасору тафсири Ибн Касир”). Баъзилар: «الم калимасидаги “алиф”дан мурод “Аллоҳ”, “лам”дан мурод “Жаброил”, “мим”дан “Муҳаммад” алайҳиссалом ирода қилинган”, дейди» (“Бахрул улум”). Чунки оят давомида: “Бу китобда, унда шак-шубҳа йўқ” (Бақара сураси, 12-оят) деб баён қилинмоқда. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бу Аллоҳнинг исми аъзамидир”, деган (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқур таъвил”). Баъзи муфассирлар: “Суралар бошидаги бу ҳарфлар башарни ожиз қолдириш мақсадида келтирилган. Инсонлар сўзлашадиган ҳарфлардан ташкил топган бўлса-да, одамзод уларга ўхшаш бирор-бир нарса келтиришга ожиздир”, дейишган.

Қуръон  каримда ҳам, ҳадисларда ҳам бу ҳарфларнинг маъноси ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаса-да, ҳар бирини ўқишда ўзгача савоб борлиги уқтирилади.  Имом Термизий "Сунан"  асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик ёзилиб, у ўн баробарига кўпайтирилади. Мен “алиф, лом, мим”ни  битта ҳарф демайман. Балки, “алиф” бир харф, “лом” бир харф ва “мим” бир ҳарфдир»

Аксар уламоларнинг фикрига кўра муқаттаот ҳарфларда илоҳий сир бор. Уларнинг маъносини ҳар қандай талқин қилиш, шунчаки тахмин қилиш мумкин эмас. Халифа Абу Бакрнинг сўзлари фикримиз тасдиғидир: “Ҳар бир илоҳий оятда ўзига хос сир бор ва Қуръони каримнинг сири баъзи сураларнинг бошидаги ҳарфларда”.

Баъзи уламолар муқаттаот ҳарфларининг маъноларини тушунтиришга уринади. Уларнинг фикрича, агар бу ҳарф бирикмалари аниқ маънога эга бўлмаганида, улар керак бўлмасди ва уларни Аллоҳ нозил қилмаган бўларди. “Фатху ал-Баён лил-қанужий” тафсирида бу ҳарфларга абжад (Абжад ҳисоби — араб алифбосидаги харфлар воситаси билан ифодаланган сонлар асосидаги хисоб.) хисоби бўйича маъно берилган. Масалан: “Алиф”дан 1-ни, “Лом”дан 30-ни, “Мим”дан 40-рақамини  ирода қилинади. Шунда маъно: “Аллоҳ таоло 30 пора Қуръони каримни Муҳаммад алайҳиссалом 40 ёшга етганларида  нозил қилди”, деб таъвил қилганлар. Зайд ибн Аслам: “Ҳарфлар сураларни исми” деса, Калбий: “Қасам ҳарфлари. Аллоҳ таоло уларнинг фазли ва шарафи билан қасам ичади”, деди.    

 Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Қуръони каримни илмий жиҳатидан ўрганишга кенг йўл очилди. Муфассирлар ёзиб қолдирган асарлар маънавий-маърифий ҳаётимизда ўзига хос ўринга эгалиги муносиб даражада қайд этилмоқда. Бундай шароитда муқаддас Қуръони каримни тўғри тушуниш ҳамда тафсир этишга оид асарларни изчил тадқиқ этиш, илмий истифодага киритиш муҳим вазифалардан биридир.

Адурасул АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

Янгиликлар

Top